Ўзбекистонда танилган журналист, кўп йиллар Қирғизистоннинг «Кабар» миллий ахборот агентлиги мухбири сифатида фаолият юритган Тўланбой Мирзақулович Қурбонов 74 ёшида вафот этди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳамдардлик билдирди. «У ўз фаолияти давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларни кенг ёритишга муносиб ҳисса қўшган», — дейилади хабарда.
Тўланбой Қурбонов 1952 йилда Андижон вилоятида туғилган. 2003 йилдан буён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтган хорижий журналист сифатида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни ёритиб келган.
Шунингдек, у таржимонлик фаолияти билан ҳам шуғулланиб, Чингиз Айтматов асарларини ўзбек тилига таржима қилган.