• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Олий малака тоифасидаги педагоглар учун ипотека субсидиясига аризалар 20 апрелдан қабул қилинади


20 апрель куни соат 14:00 дан бошлаб олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагоглардан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризаларни қабул қилиш бошланади, дея хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Субсидиялар Вазирлар Маҳкамасининг 19 февралдаги қарори билан тасдиқланган низом асосида ажратилади. Унга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ипотека кредитининг бошланғич бадали 25 фоиз миқдорида қоплаб берилади.

Ушбу дастур доирасида субсидия олишда ариза берувчи барча ижтимоий мезонларга мос келиши ҳамда кредит тарихи дастурда иштирок этувчи камида битта тижорат банкининг ички талабларига мос бўлиши талаб этилади.

Бунда, ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида икки ва ундан ортиқ мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги, шунингдек, камида 15 йил педагогик иш стажига ҳамда олий малака тоифасига ёки бош ўқитувчи лавозимига эга бўлиши лозим.

Аризани қандай топшириш мумкин?

Номзодлар аризаларини учта усулда юборишлари мумкин:

  • Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш орқали;
  • MyGov мобил иловаси орқали;
  • my.gov.uz порталида мазкур ҳавола бўйича ариза топшириш орқали.

Ариза топшириш жараёнида OneID тизимидаги шахсга доир маълумотлар панели орқали банкларга кредит тарихини ўрганиш учун рухсат берилган бўлиши шарт.

Шунингдек, кредит тарихини олишга чеклов вақтинча ўрнатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, ариза берувчининг кредит тарихини ўрганиш имконияти чекланиб, унинг аризаси рад этилишига сабаб бўлади.

Субсидияли ипотека кредитларини ажратишда жами қуйидаги 15 та тижорат банки иштирок этмоқда:

  1. «Агробанк»
  2. «Алоқабанк»
  3. «Асакабанк»
  4. Asia Alliance Bank
  5. «Бизнесни ривожлантириш банки»
  6. «Ҳамкорбанк»
  7. «Ипак йўли»
  8. «Ипотекабанк»
  9. «Микрокредитбанк»
  10. Orient Finans
  11. Trastbank
  12. «Туронбанк»
  13. «Халқ банки»
  14. «Ўзмиллийбанк»
  15. «Ўзсаноатқурилишбанк».

Эслатиб ўтамиз, субсидия олиш учун келиб тушган аризалар subsidiya.idm.uz электрон платформаси орқали инсон омилисиз кўриб чиқилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали автоматик тарзда тўлаб берилади.

Мазкур субсидияларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан ҳар йили 200 млрд сўмгача маблағ йўналтирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *