Ўзбекистон шундай бир босқичга келдики, бунда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш фақатгина солиқ имтиёзлари, хизматларни рақамлаштириш ёки айрим рухсатномаларни қисқартиришга боғлиқ эмас. Энди асосий масала — норматив муҳитнинг ўзи қанчалик башоратли, ихчам ва бошқарилувчан эканидир.
Ислоҳотларнинг галдаги босқичи алоҳида рухсатномалар ва тартиб-таомиллар билан кифояланмаслиги керак. Муаммо анча чуқур: тизим ҳали ҳам эски талаблар ўзгаришсиз сақланиб, янгилари жуда осонлик билан ва тез-тез пайдо бўладиган катта қонуности ҳужжатлари каскади мантиғи билан яшамоқда.
Шу нуқтаи назардан гап тартибга солиш тизимини тўлақонли ислоҳ қилиш (регуляторлик ислоҳоти) ҳақида кетиши керак. Бунда қонунчиликни эскирган ҳужжатлар мажмуидан тозалаш, тартибга солиш таъсирини баҳолашни (regulatory impact assessment, ТСТБ) кучайтириш ва тартибга солиш тизими янгидан кенгайишининг олдини олувчи механизмларни жорий этиш назарда тутилади.
Ўзбекистонда тартибга солиш тизимининг айрим элементлари, жумладан, жамоатчилик муҳокамаси портали, ТСТБ доираси, идоравий ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш, E-qaror ва мажбурий талаблар реестри аллақачон мавжуд. Бироқ бу воситалар ҳозирча тарқоқ ҳолда ишлаяпти, меъёрий-ҳуқуқий мажмуани бир текисда қамраб олмаяпти ҳамда эскирган меъёрлардан тозалаш, сифатни назорат қилиш ва янги талаблар ўсишини чеклаш бўйича тўлақонли циклни ташкил этмаяпти.
Натижада амалдаги тизим ўзини эски меъёрлардан тозалашдан кўра янги нормаларни ишлаб чиқаришда маҳоратлироқ.
Шу боис ислоҳот ҳам қонуности ҳужжатларини тубдан қисқартиришни, ҳам амалдаги механизмларни кучайтиришни талаб қилади. Шунингдек, тизим кенгайишининг олдини олувчи шундай механизмларни жорий этиш керакки, токи янги талабларни ишлаб чиқиш тизимнинг ўзи учун қимматроққа тушсин.
Нима учун буни ҳозир қилиш керак?
Lex.uz сайтида эълон қилинган ҳужжатлар асосидаги ҳисоб-китобларимга кўра, 2014 йилда 346 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 1274 тага етган, яъни деярли 3,7 баравар кўпайган. Шундан 1180 таси ёки қарийб 93 фоизи қонуности ҳужжатлари ҳиссасига тўғри келади. 2026 йил март ойига келиб, фойдаланиш чекланган ҳужжатлар, махфий ҳужжатлар ва ҳокимликлар қарорларини ҳисобга олмаганда, амалдаги ҳужжатлар мажмуи 15 232 тани ташкил этган.
Ҳар йили тасдиқланадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар (МҲҲ) сони ва қонунчиликнинг умумий базаси ўсиш динамикаси.
Бу мажмуанинг табиатини тушуниш муҳим. Унинг салмоқли қисми фундаментал нормалардан эмас, балки ўз вазифасини бажариб бўлган ёхуд аввалги шаклида долзарблигини йўқотган ҳужжатлардан иборат:
- бажарилган, бироқ ҳалигача расман бекор қилинмаган бир марталик топшириқлар;
- ҳозирда мавжуд бўлмаган идоралар ёки ўзгартирилган қонунларга ҳаволалар;
- 2022−2024 йиллардаги Конституциявий ва маъмурий ислоҳотларгача, яъни давлатнинг бутунлай бошқа архитектурасида, бошқа вазирликлар, ваколатлар ва баъзан бир-бирига зид талаблар билан қабул қилинган эски ва коллизион ҳужжатлар.
Айнан шунинг учун ҳам ислоҳотга янада кучлироқ ҳуқуқий ва институционал асос керак. Гап «ҳамма нарсани кўр-кўрона бекор қилиш» ҳақида эмас, балки давлат уларнинг зарурлигини ёпиқ мезонлар асосида тасдиқламаса ва чекланган «оқ рўйхат»га (истиснолар рўйхатига) киритмаса, эскирган қонуности ҳужжатлари мажмуасининг амал қилишини тугатиш презумпцияси ҳақида бормоқда.
Шу билан бирга, ҳақиқатда зарур бўлган қоидалар юқорироқ ҳуқуқий даражага — биринчи навбатда, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ёки кодекс даражасига кўтарилиши лозим.
Иқтисодий самарадорликнинг сценарий асосидаги баҳолари тахминийдир. Агар тартибга солиш тизими ихчамроқ, башоратли ва ҳуқуқий жиҳатдан кучлироқ бўлса, бундан инвесторлар ҳам, судлар ҳам, давлат аппаратининг ўзи ҳам ютади.
Норматив муҳитнинг жорий ҳолати
Ўзбекистоннинг меъёрий-ҳуқуқий базаси нафақат миқдоран кенгайди, балки функционал жиҳатдан ҳам мураккаблашди. Бу ўсиш қонун ижодкорлиги суръатларининг тезлашиши, тартибга солишнинг ҳокимият бўғинлари ўртасида тақсимланиб кетиши ва кўплаб қонуности қарорларининг тўпланиб қолиши билан бирга кечди, уларнинг аксарияти ҳанузгача эски ҳолида амал қилиб келмоқда.
Ушбу мажмуани даражалар бўйича таҳлил қилсак, 2026 йилга келиб у Ўзбекистоннинг 21 та кодекси, 1196 та қонуни ва Қорақалпоғистон Республикасининг 117 та қонунини ўз ичига олган. Қолган барчаси — иккиламчи қатлам бўлиб, асосий тартибга солувчи «шовқин» айнан уларда жамланган.
Кўп соҳаларда тизим каскад тамойили бўйича ишлайди: қонун ёки кодекс — президент фармони ёки қарори — Вазирлар Маҳкамаси қарори — идоравий ҳужжат — шарҳ — жойларда қўллаш амалиёти. Натижада, тартибга солишнинг мақсади ўз-ўзидан оқилона бўлган ҳолларда ҳам, тадбиркорлар ва ҳуқуқни қўлловчи органлар ўзаро параллел, бир-бирини такрорлайдиган ёки баъзан бир-бирига зид бўлган талабларга дуч келмоқда.
Тартибга солиш тизими ҳозир қандай элементларга эга ва нима учун бу етарли эмас?
|
Тизим элементи |
Нималар мустаҳкамлаб қўйилган? |
Камчилиги нимада? |
Нимани такомиллаштириш керак? |
|
МҲҲ тўғрисидаги қонун |
Ҳужжатлар турлари, уларнинг юридик кучи ва қонун ижодкорлигининг асосий тартиб-таомилларини белгилайди |
Кўпинча муаммо кўлами МҲҲ турлари ва ваколатларнинг чегаралари бўйича таҳлил қилинмасдан, яхлит ҳолда муҳокама қилинади. |
Диагностикани ҳужжат турларига кўра ажратиш ҳамда бирламчи тартибга солишни иккиламчисидан янада қатъийроқ ажратиш керак |
|
Жамоатчилик муҳокамалари |
МҲҲ лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси порталига жойлаштирилади; муҳокама муддати — 15 кун, бироқ қамровнинг мажбурийлиги анча чекланган |
Муаммо энди фақат механизмнинг мавжудлигида эмас, балки қамров сифатининг пастлиги, билдирилган фикрларни қайта ишлаш ва истиснолар доирасининг ҳаддан ташқари кенглигида ҳамдир |
Муҳокамаларни барча муҳим лойиҳалар учун мажбурий сифат фильтрига айлантириш ва билдирилган фикрлар қандай инобатга олинганини очиқ эълон қилиш лозим |
|
ТСТБ |
Ўзбекистонда тартибга солиш таъсирини олдиндан ва якуний баҳолаш (ex ante ва ex post) тизими мавжуд |
Қамровнинг нотекислиги, ҳисоб-китоблар верификациясининг заифлиги, баҳоланадиган таъсирлар доирасининг чеклангани ҳамда «сақлаб қолиш ёки бекор қилиш» тўғрисидаги қарор билан боғлиқликнинг сустлиги |
ТСТБ доирасини бутун асосий қамров мажмуига ёйиш, рақамли, ҳудудий ва иқлимий ўлчовларни киритиш ҳамда ҳисоб-китобларнинг мустақил текширувини жорий этиш |
|
Идоравий ва маҳаллий ҳужжатлар |
Идоравий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва маҳаллий даража учун алоҳида E-qaror рақамли тизими фаолият юритади |
Айнан шу ерда кўпинча тарқоқ ва кўзга яққол ташланмайдиган талаблар тўпланиб қолади |
Нафақат Lex.uz, балки идоравий ва маҳаллий қатламни ҳам инвентаризациядан ўтказиш |
|
Мажбурий талаблар реестри |
Тадбиркорлик соҳаси учун институционал таянч сифатида яратилган |
У ҳозирча «оқ рўйхат», тартибга солувчи бюджет ва жамоатчилик назоратининг умумий мантиғига сингдирилмаган |
Реестрни «сақлаб қолиш / бирлаштириш / бекор қилиш» тўғрисидаги қарорлар учун асос қилиб олиш |
|
Қонун устуворлигига ўтиш |
Қонун ижодкорлиги жараёнига киритилган сўнгги ўзгартиришларда муносабатларнинг бир қисмини қонуности ҳужжатлари даражасидан қонун даражасига кўтариш ғояси ўз аксини топган |
Бу ўзгариш ҳали ислоҳотларни лойиҳалаштиришда устувор амалиётга айланмади |
Ундан кодификациялаш ва иккиламчи қатламни қисқартириш учун бевосита таянч сифатида фойдаланиш |
Лекин алоҳида воситалар мавжудлигининг ўзи амалда ишлайдиган тизимга эга эканимизни англатмайди. Асосий заифликлар — қамровнинг нотекислиги, ҳисоб-китоблар верификациясининг сустлиги, маслаҳатлашувлар ва ТСТБ амалда қўлланиладиган лойиҳалар доирасининг чеклангани, шунингдек, сифат назоратининг ягона маркази йўқлиги бўлиб, бундай марказ лойиҳани тайёрлаш, таъсирни баҳолаш, эътирозлар устида ишлаш, амалдаги нормаларни қайта кўриб чиқиш ва янги талаблар яратилишига қўйиладиган чекловларни ўзаро боғлаган бўларди.
Ҳозирча бу элементлар ёнма-ён мавжуд, бироқ сифатли тартибга солишнинг ягона циклига бирлашмаяпти.

Фото: Шоҳрух Ҳайдаров / Gazeta.
Ортиқча ва беқарор тартибга солишнинг оқибатлари
Бизнес учун «юридик солиқ» ва бошқарувнинг сустлашуви
Катта ҳажмдаги ва тез-тез янгиланиб турадиган талаблар мажмуи амалда бизнес учун қўшимча «юридик солиқ»ни юзага келтиради. Компаниялар нафақат юклатилган мажбуриятларни бажаришга, балки амалдаги меъёрни излаш, қарама-қаршиликларни солиштириш, жараёнларга мослашиш, ҳисоботлар тайёрлаш, рухсатномалар олиш ва назорат қилувчи органлар билан доимий мулоқотда бўлиш учун ҳам ресурс сарфлайди.
Давлат учун эса бунинг акси кузатилади. Турли даражадаги ҳужжатлар қанча кўп бўлса, уларнинг ижросини назорат қилиш, янги аниқликлар киритиш, тушунтиришлар тайёрлаш, ижрочиларни ўқитиш ва идоралараро мувофиқлаштириш харажатлари ҳам шунча ортади.
Бу, айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун жуда оғриқли кечади: уларда юристлар, бухгалтерлар ва маслаҳатчилар учун қатъий белгиланган харажатлар йирик компанияларга нисбатан анча катта улушни ташкил этади. Натижада бизнеснинг бир қисми «яширин» фаолиятга ўтишга мажбур бўлади, чунки мақбул харажатлар эвазига барча талабларга бир вақтнинг ўзида риоя қилиш қийинлашади.
Ноаниқлик расмий тўсиқлардан қимматроққа тушади
Инвестор учун нафақат солиқ имтиёзлари, ресурслар ёки ишчи кучи нархи, балки «ўйин қоидалари»нинг барқарорлиги ҳам муҳим. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тез-тез ўзгариб туриши риск-премия (таваккалчилик учун устама)ни оширади: узоқ муддатли лойиҳаларни ҳисоб-китоб қилиш қийинлашади, банклар ва инвесторлар эса қўшимча ҳуқуқий ва операцион харажатларни ҳисобга олишга мажбур бўлади. Энергетика, металлургия, транспорт, телекоммуникация каби капитал сиғими юқори тармоқлар учун барқарорлик — кўп ҳолларда алоҳида имтиёздан муҳимроқ.
Нормалар иерархиясидаги зиддиятлар ва унинг бузилиши
Қонун умумий характерга эга бўлиб, асосий қоидалар қонуности ҳужжатлари даражасига туширилганда, иккита тизимли хавф юзага келади. Биринчидан, турли идоралар бир-бирини такрорлайдиган ёки бир-бирига зид ҳужжатлар чиқара бошлайди. Иккинчидан, амалда қонун эмас, балки идоравий талаб устунлик қилади. Бу қонун устуворлигини заифлаштиради ва суд ҳимоясини мураккаблаштиради: мунозарали ҳолатда асосий эътибор ҳуқуқнинг моҳиятидан узоқлашиб, бугунги кунда айнан қайси иккиламчи ҳужжат қўлланилиши мумкин ва энг долзарб эканини аниқлашга қаратилади.
Иқтисодий судларга тушаётган юклама ортиб бормоқда. 2017 йилда улар томонидан 347,4 мингта иш кўриб чиқилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 690,8 мингтага етди (2 баробар ўсиш), даъвогарлар фойдасига ундирилган маблағлар миқдори эса 27,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу нормалар иерархияси бузилаётганининг тўғридан-тўғри исботи эмас, бироқ иқтисодиёт ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти учун ҳуқуқий ноаниқликнинг бадали ортиб бораётганидан дарак берувчи муҳим сигнадир.

Сурат: Шуҳрат Латипов / Gazeta.
Қонун ижодкорлиги бошқарув ишининг ўрнини босувчи сифатида
Тизимли муаммо, шунингдек, амалдаги қоидалар доирасида натижага эришиш ўрнига янги ҳужжатлар ишлаб чиқариш учун институционал рағбат мавжудлигида ҳам кўринади. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат (МҲҲ) чиқариш идора фаоллигининг кўрсаткичи (KPI) сифатида қабул қилинса, номутаносиблик юзага келади: амалдаги ваколатлар ижросини самарали ташкил этишдан кўра янги ҳужжат тайёрлаш осонлашиб қолади. Идоранинг шундоқ ҳам қонунан бажариши шарт бўлган вазифаси тўғрисидаги қарор — бу хўжакўрсинга ишлаш дегани.
Бу, айниқса, президентнинг биргина қарори Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар даражасида қуйи норматив ҳужжатларнинг узун занжирини келтириб чиқарадиган ҳолатларда яққол намоён бўлади, ваҳоланки, кўп ҳолларда унинг тўғридан-тўғри ижросининг ўзи ҳуқуқий жиҳатдан етарли бўларди. Занжирнинг ҳар бир иштирокчиси топшириқни ўз ҳужжатига «қайта ўрайди» ва натижада ижрочилар мазмунли иш билан шуғулланиш ўрнига янги қоғозларни келишиш билан овора бўлади.
Ортиқча ва доимий ўзгарувчан қонунчилик биринчи навбатда давлат аппаратининг ўзига ортиқча юклама бўлади. Ҳар бир янги норма қуйи органларга етказилишини, ижрочиларни ўқитишни, мониторинг ва кейинчалик назоратни талаб қилади.
Турли йилларда МҲҲ ва топшириқлар ижроси устидан назорат функциялари президент Администрациясининг Назорат инспекцияси, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва бошқа тузилмалар ўртасида тақсимлангани бежиз эмас. Топшириқлар ижросини назорат қилиш учун маъмурий босимни кучайтиришга тўғри келаётган бўлса, бу — тизимнинг ҳаддан ташқари зўриққанидан дарак берувчи аломатдир.
Норматив-ҳуқуқий базанинг ҳаддан ортиқ мураккаблиги коррупцияга ҳам замин яратади. Айни пайтда қайси норма кучда эканига ишончи комил бўлмаган инспектор кўпинча энг талабчан нормаларни асос қилиб олади ёки керакли жойда «қоидабузарлик топиш» имкониятига эга бўлади.
Халқаро тажриба
Муваффақиятли юрисдикциялар бундай натижага нафақат бир марталик «тартибга солувчи гилотина» ҳисобига, балки янги нормалар ўсишини чеклаш, эскирган ҳужжатларни мунтазам қайта кўриб чиқиш ва асосий қоидаларни барқарорроқ ҳуқуқий шаклга ўтказиш ҳисобига ҳам эришган. Австралия, Буюк Британия, Канада, АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатлар турли воситалар мажмуидан фойдаланган: оммавий тозалаш, янги нормаларни жорий этиш ўрнини қоплаш ва сифат назорати.
Шу боис таққослаш ислоҳотлар механикаси бўйича олиб борилиши керак: тизимда ягона сифат назорати маркази (central oversight) борми, харажатлар қандай ўлчанади, тартибга солиш таъсирини баҳолаш сифатини ким текширади, истиснолар қандай белгиланган ва идораларга бекор қилинган эски талаблар ўрнига янгиларини қисман жорий этишга нима тўсқинлик қилади?
|
Восита |
Тизимга нима беради? |
Лойиҳанинг муҳим элементи |
Нотўғри татбиқ этишнинг асосий хавфи |
|
Автоматик тарзда ўз кучини йўқотиш (sunset clause) |
«Ўз-ўзини тозалаш» механизмини яратади: норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир қисми қайта тасдиқланмаса, ўз кучини йўқотади. |
Қатъий белгиланган сана, узайтириш тартиби ва истисноларнинг тор доирадаги рўйхати |
Эски қоидалар амалда қайта кўриб чиқилмасдан, шунчаки қайта ёзиладиган оммавий «соддалаштиришсиз ремейк» |
|
«One in, two out» қоидаси |
Харажатларга олиб келадиган ҳар бир янги ҳужжат юкламани ундан-да кўпроқ камайтириш ҳисобига қабул қилиниши керак |
Харажатларни ўлчашнинг ягона методикаси ва ҳисоб-китоблар бўйича ташқи арбитр |
Метрикалар билан манипуляция қилиш ва юкламани расман харажат деб ҳисобланмайдиган шаклларга ўтказиш |
|
Тартибга солувчи бюджет |
Мунозарани норматив ҳужжатлар сонидан тартибга солишнинг умумий қийматига йўналтиради |
Сифатли ҳисоб-китоб базаси, ўсиш лимитлари ва мустақил верификация |
Сохта аниқлик: қарорларни реал самаралар ўрнига сифатсиз ҳисоб-китоблар белгилай бошлайди |
|
Сифатли тартибга солиш цикли (better regulation cycle) |
Тайёргарлик, маслаҳатлашувлар, таъсирни баҳолаш ва кейинги таҳлилни (ex post review) ягона бошқарув циклига бирлаштиради |
Идоралараро ёндашув (whole-of-government) ва процедура сифатини мунтазам назорат қилиш |
Сиёсий иродасиз расмийлаштириш: цикл қоғозда мавжуд, лекин натижани ўзгартирмайди |
Ушбу тажрибадан келиб чиқиб, учта муҳим хулоса қилиш мумкин. Биринчидан, оммавий «тозалаш» фақат аниқ белгиланган сана ва чекланган «оқ рўйхат» бўлгандагина иш беради. Иккинчидан, янги талаблар ўсишининг олдини олувчи механизмлар бўлмаса, самара тезда йўқолади. Учинчидан, барқарор натижага эришиш учун нафақат шаклни, балки тартибга солишнинг реал қийматини ҳам текширадиган сифат назорати маркази зарур.
Халқаро ташкилотларнинг баҳоси
Сўнгги йилларда Ўзбекистонга берилаётган ташқи баҳоларда урғу айрим тўсиқларни олиб ташлашдан тартибга солиш тизими архитектурасининг сифатига: нормалар иерархияси, қонун ижодкорлиги жараёнининг сифати, ижронинг башоратлилиги ва давлатнинг норматив-ҳуқуқий база ҳажмининг ўсишини назорат қила олиш қобилиятига қаратилмоқда.
Жаҳон банки дастури доирасида учта йўналишни кўриб чиқади: норматив-ҳуқуқий база, давлат хизматлари ва операцион самарадорлик. Ўзбекистон учун бу навбатдаги ислоҳот нафақат бекор қилинган талаблар сони, балки тизимнинг сифати билан ҳам ўлчаниши кераклигини англатади.
|
Манба |
Асосий сигнал |
Ўзбекистон учун амалий аҳамияти |
|
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) |
Тартибга солиш сиёсати ўзаро боғланмаган тартиб-таомиллар тўплами эмас, балки идоралараро ва умумдавлат тизими (whole-of-government) бўлиши лозим |
Фақат воситалар рўйхатигина эмас, балки ТСТБ сифатини назорат қилиш, маслаҳатлар, кейинги таҳлиллар (ex-post) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ўсишини чекловчи механизмлар маркази ҳам зарур |
|
Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро (ODIHR) |
Ўзбекистон учун ҳужжатларнинг аниқ иерархияси, иккиламчи тартибга солишнинг қатъий чегаралари ва сифат устидан кучли назорат (oversight) ўта муҳим |
Қонуности ҳужжатлари мажмуини «тозалаш» зарурати нафақат иқтисодий, балки институционал-ҳуқуқий жиҳатдан ҳам ўз тасдиғини топмоқда |
|
Жаҳон банкининг B-READY дастури |
Асосий эътибор тартибга солиш тизимининг сифатига ва қоидаларнинг амалда ижро этилишига қаратилмоқда |
Навбатдаги ислоҳот нафақат бекор қилинган тўсиқлар сони, балки тартибга солиш тизими архитектурасининг сифати билан ҳам ўлчаниши керак |
Шу маънода, OECD, ODIHR ва B-READY мантиғи ўхшаш хулосага ундайди: самарали тартибга солиш сиёсати — бу тарқоқ тартиб-таомиллар тўплами эмас, балки сифатни назорат қилишнинг ягона маркази, ҳужжатларнинг аниқ иерархияси, таъсирни тўлиқ баҳолаш, кейинчалик қайта кўриб чиқиш механизмлари ҳамда янги қоидалар кўпайишининг олдини олувчи тушунарли чекловчиларга эга идоралараро тизимдир.
Ўзбекистонга нималарни таклиф қилиш мумкин?
1. «Тартибга солиш гильотинаси» — ҳужжатларнинг ўз кучини йўқотиши презумпцияси сифатида
Фикримча, тизимда туб ислоҳотлар зарур. 2−3 йил ичида агар давлат муайян бир ҳужжатнинг долзарблигини исботламаса, эскирган қонуности ҳужжатлари массивининг асосий қисми ўз кучини йўқотиши презумпциясини жорий этиш лозим.
Амалда бу «тартибга солиш гильотинаси»нинг босқичма-босқич моделига ўхшайди: биринчи босқич — 1991−2014 йиллардаги ҳужжатлар; иккинчи босқич — 2015−2019 йиллардаги ҳужжатлар; учинчи босқич — 2020 йил 1 январдан 2023 йил 30 апрелгача, яъни Конституциянинг янги таҳрири кучга киргунга қадар қабул қилинган ҳужжатлар. Бу ҳуқуқий жиҳатдан «тозалаш» кўламини сақлаб қолган ҳолда, ҳуқуқий бўшлиқ юзага келиши хавфини камайтириш имконини беради.

Катталаштириш учун босинг
Дастлабки муаллифлик ҳисоб-китобларимга кўра, «оқ рўйхат»ни истисно қилганда, 10 865 тагача қонуности ҳужжатини босқичма-босқич бекор қилиш ҳақида гап бориши мумкин. Бу эълон қилинган ҳужжатлар умумий ҳажмининг қарийб 71 фоизини ташкил этади. Ислоҳотни олдиндан эълон қилинган кучга кириш саналари, масалан, 2027 йил 1 январь, 2028 йил 1 январь ва 2029 йил 1 январдан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Шунда идораларда ҳужжатни сақлаб қолишни асослаш ёки ҳақиқатан зарур қоидаларни кучлироқ ҳуқуқий шаклга ўтказиш учун етарли вақт (8−32 ой) бўлади.
Қонунлар, кодекслар, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжатлар, халқаро шартномаларни тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжатлар ва «оқ рўйхат»га киритилган қарорлар, албатта, бекор қилинмайди.
2,5 йил ичида 10 мингта норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бекор қилиниши қисқа муддатдек туюлиши мумкин, бироқ ишни пайсалга солиш хавфи шошилиш хавфидан кўра жиддийроқ. Муддат узоқ белгиланса, идоралар аввалига ишламай, белгиланган сана яқинлашгандагина ҳаракатга тушиши мумкин.
Бу — умумий қонуният ва Россия тажрибаси буни тасдиқлади: янги қонуности ҳужжатларини қабул қилиш бўйича фаол ишлар якуний муддатдан олдинги сўнгги 3−4 ойда бошланган. Бундан ташқари, ислоҳот норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни оммавий қайта тасдиқлашга айланиб кетмаслиги, балки аввалги қонуности ҳужжатларининг атиги 5−15 фоизидаги нормаларни юқори турувчи қонунларга сингдириши лозим.
2023 йил 30 апрелни якуний сана сифатида қўллаш таклиф этилмоқда, чунки 1 майдан Конституциянинг янги таҳрири кучга кирди ва конституциявий асос янгилангунига қадар қабул қилинган ҳужжатлар мажмуини ажратиб олиш мантиқан тўғри. Айни пайтда, бу 2023−2026 йиллардаги ҳужжатлар ўз-ўзидан сифатли деб ҳисобланишини англатмайди: улар ҳам тартибга солиш таъсирини кучайтирилган баҳолашдан, жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилиши, мажбурий талаблар реестрига киритилиши ва кейинчалик қайта кўриб чиқилиши керак. Бироқ ўз кучини йўқотган деб топиш презумпцияси айнан янги Конституция қабул қилингунга қадар шаклланган ҳужжатлар мажмуига нисбатан таклиф этилмоқда.
Бунда бекор қилиш ҳар бир ҳужжатни янгиси билан алмаштириш зарурлигини англатмайди. Нормаларнинг салмоқли қисми ўз долзарблигини йўқотгани ёки амалда қўлланмаётгани сабабли шунчаки ўз кучини йўқотиши мумкин. Кодификация фақат тартибга солишнинг қоидалар ҳақиқатан зарур бўлган ва юқорироқ ҳуқуқий даражада мустаҳкамланиши лозим бўлган қисми учунгина талаб этилади.
2. «Оқ рўйхат» янги лазейка эмас, истисно бўлиши керак
Ислоҳот эски ҳужжатларни оммавий қайта тасдиқлашга айланиб кетмаслиги учун «оқ рўйхат» аниқ белгиланган мезонлар (бешта фильтр) асосида тузилиши лозим. Унга фақат қуйидаги ҳужжатлар киритилиши мумкин:
- Ўзбекистон Конституцияси, қонуни ёки халқаро мажбуриятларини бажариш учун бевосита зарур бўлган ҳужжатлар;
- хатоликка йўл қўйиш хавфсизлик, соғлиқ, экология ёки молиявий барқарорлик учун юқори хавф туғдирадиган соҳани тартибга соладиган ҳужжатлар;
- жиддий зиён етказмаган ҳолда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунга ўтказиб бўлмайдиган ҳужжатлар;
- кейинги қонунлар, фармонлар ва қарорларни такрорламайдиган ҳамда уларга зид келмайдиган ҳужжатлар;
- зарурат, амал қилиш муддати ва кейинги мустаҳкамлаш режаси ҳақидаги оммавий маълумотнома билан бирга тақдим этилган ҳужжатлар.
3. Қоидаларнинг ҳуқуқий мақомини ошириш
Кодификациясиз тозалаш барқарор бўлмайди. Бу жараёндан сўнг устувор соҳалардаги асосий талаблар юзлаб иккиламчи ҳужжатлар орасида тарқалиб кетмасдан, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ва кодексларга бирлаштирилиши керак.
Кодификациялашнинг маъноси — ҳуқуқий зиддиятларни камайтириш ҳамда суд, бизнес ва назорат қилувчи органнинг ўзи идоравий аниқлаштиришларнинг узун занжирига эмас, балки асосий ҳужжатга таянишини таъминлашдир.
4. Тизимнинг тезда қайтадан кенгайиб кетишига йўл қўймаслик
Агар тизим аввалги суръатда янги нормаларни жорий қила бошласа, ҳатто муваффақиятли «тозалаш» ҳам фақат вақтинчалик самара беради. Шу боис, доимий чекловларнинг минимал тўплами зарур:
- бизнесга таъсир кўрсатувчи нормалар учун «битта янги талаб эвазига иккита амалдагиси бекор қилиш» қоидаси;
- умумий харажатлар ўсишини чекловчи тартибга солиш бюджети;
- тадбиркорлик, фуқаролар ҳуқуқлари, рақобат, рақамлаштириш ва бюджет харажатларига дахлдор лойиҳалар учун тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг тўлақонли тизими;
- барча асосий қонунлар, фармонлар ва қарорлар лойиҳаларини regulation.adliya.uz сайтида мажбурий эълон қилиб бориш;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсири ҳисоб-китобларининг мустақил текширувдан ўтказилиши.
Бунинг учун тартибга солиш сифатини назорат қилувчи алоҳида марказ — ё мустақил комиссия, ё Адлия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва ташқи экспертлар иштирокида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идоралараро марказ зарур.
5. Башоратлилик — мустақил қадрият сифатида
Тартибга солиш сиёсати нафақат норматив ҳужжатлар сонининг қисқаришидан, балки янги қоидаларнинг пайдо бўлиши динамикаси янада башоратли бўлишидан ҳам ютади. Шу боис, янги моделда учта режимни мустаҳкамлаб қўйиш мақсадга мувофиқ:
- ҳужжат кучга киргунга қадар ўтиш даври (vacatio legis): агар масала фавқулодда ҳолатлар билан боғлиқ бўлмаса, қонуности ҳужжатлари учун камида 3 ой, қонунлар учун 6 ой ва бизнес аҳволини ёмонлаштирадиган чоралар учун 24 ойгача;
- қонуности ҳужжатларининг бир қисми, агар уларнинг амал қилиши алоҳида асослантирилган қарор билан узайтирилмаса, белгиланган муддатдан, масалан, 5 йилдан сўнг автоматик тарзда ўз кучини йўқотиши (sunset clause);
- бизнесга таъсир кўрсатадиган режали ўзгартиришларнинг кучга кириши учун ягона саналарни белгилаш — 1 январь ва 1 июль.
Эътиборга олиш лозим бўлган учта хатар
|
Хатар |
Амалда қандай кўринишга эга? |
Қандай камайтириш мумкин? |
Ким жавобгар? |
|
Ҳуқуқий вакуум |
Нозик соҳаларда эски ҳужжатлар бекор қилингач, амалдаги асосий қоидалар етишмай қолади |
«Оқ рўйхат», ҳужжат кучга киргунга қадар ўтиш даври (vacatio legis), юқори хатарли соҳаларга устуворлик бериш ва ex post monitoring. |
Ислоҳотлар штаби + соҳавий регуляторлар |
|
Истисноларнинг оммавий кенгайиши |
«Оқ рўйхат» кенгайиб, эскирган ҳужжатлар тўплами де-факто сақланиб қолаверади |
Ёпиқ мезонлар, ҳар бир истисно бўйича оммавий тушунтириш хатлари, ташқи қайта алоқа |
Адлия вазирлиги + сиёсий куратор |
|
Соддалаштиришсиз қайта ишлаб чиқиш |
Бекор қилинган ҳужжатлар ўша талаблар билан янги ҳужжатлар кўринишида тезда қайта қабул қилинади |
«One in, two out» қоидаси, тартибга солиш бюджети ва ҳисоб-китобларнинг мустақил текшируви |
Сифат назоратини мувофиқлаштирувчи марказ / лойиҳа идораси |
Ислоҳот самарасининг сценарий бўйича мўлжаллари
Комплекс ислоҳотнинг иқтисодий самарасини фақат сценарий асосида баҳолаш мумкин. Агар бизнеснинг мувофиқлик харажатлари ЯИМнинг 2−3 фоизи оралиғида деб қабул қилинса, ЯИМ 147 млрд доллар бўлган тақдирда, бу юкламанинг атиги 20 фоизга камайишидан бизнес йилига 590−880 млн доллар ютади.

OECD`нинг «Time for a Regulatory Reset?» («Тартибга солишни қайта йўлга қўйиш вақти келдими?») номли ҳисоботига кўра, биргина АҚШнинг ўзида тартибга солишга риоя этиш билан боғлиқ вазифаларга йўналтирилган ресурслар 2024 йилда ЯИМнинг 1,8 фоизини ёки 521 млрд доллардан ортиқ маблағни ташкил этган. Европа мамлакатларида бундай вазифалар билан шуғулланувчи банд аҳоли улуши 2011 йилдаги 3,7 фоиздан 2023 йилга келиб 3,9 фоизгача ошган.
Ҳисоботда, шунингдек, тартибга солиш харажатларининг ортиши меҳнат унумдорлиги ва ишбилармонлик фаоллигининг пасайиши билан боғлиқлиги таъкидланади. Бу шуни англатадики, тўғридан-тўғри тежамкорлик — ислоҳот самарасининг кўзга кўринган қисми, холос.
Агар тўғридан-тўғри тежамкорликка ҳуқуқий ноаниқликнинг қисқариши, башоратлиликнинг ортиши ва транзакция харажатларининг камайиши қўшилса, ислоҳот тўлиқ жорий этилгач, унинг ЯИМнинг базавий ўсишига қўшадиган қўшимча ҳиссасини сценарий асосида йилига 0,15−0,4 фоиз оралиғида баҳолаш мумкин.

Хулоса ўрнида
Ўзбекистоннинг норматив-ҳуқуқий базаси нормаларни яратиш, қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш қоидаларини қайта тартиблашга муҳтож. Ислоҳот формуласи қуйидагича бўлиши мумкин: 2027−2028 йилларда 2023 йил 1 майгача қабул қилинган қонуности ҳужжатларининг салмоқли қисмини босқичма-босқич бекор қилиш ва фақат «оқ рўйхат»га киритилганларинигина сақлаб қолиш. Бу ҳужжатлар мажмуини кенг миқёсда тозалаш, ҳақиқатан ҳам зарур бўлган қоидаларни тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун ёки кодексга ўтказиш ҳамда янги талаблар ўсишига доимий чекловлар жорий этишни англатади.
Агар бундай ислоҳот кодификациялаш, ТСТБ ва жамоатчилик муҳокамаларини кучайтириш, шунингдек, тартибга солишнинг қайта ўсишига қарши амалдаги механизмлар билан бирга олиб борилса, Ўзбекистон нафақат ҳужжатлар сонини камайтиради, балки ўз ҳуқуқий тизимини янада тушунарли, башоратли ва ижроси арзонроқ тизимга айлантиради. Ислоҳотнинг маъноси ҳам айнан шунда: норма ижодкорлиги мантиғини ўзгартириш, яъни қоидаларни йиғишдан натижани бошқаришга ўтиш демакдир.
Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг навбатдаги тўлқини янги қарорлар сони билан эмас, балки иккиламчи талаблар қанчалик камайгани, нормалар иерархияси қай даражада тушунарли бўлгани, бизнес ва давлат учун ҳуқуқий тизимда фаолият юритиш қанчалик арзонлашгани ҳамда тизимнинг ўзида эски тартибга солувчи «шовқин»ни қайта тиклаш нечоғли қийинлашгани билан ўлчаниши керак.
Беҳзодхон Алихонов — Гарвард университетининг катта ўқитувчи-ассистенти, шунингдек, Гарвард университети қошидаги Девис номидаги Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази илмий ходими.

