• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ОТМларни сақлаб қолиш учун контракт нархларини кўриб чиқиш лозим — вазир


Ҳозир Ўзбекистондаги 26 та олий таълим муассасаси дотацияда ўтирибди, уларни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан контракт масаласини қайта кўриб чиқиш керак. Бу ҳақда 15 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Аввалги тизимда ҳар иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ошганида контракт миқдори ҳам ошарди. Аммо ҳурматли президентимиз талабалар кўпроқ ўқисин, ўз устида ишласин, деган мақсадда, яъни имконият яратиш нуқтаи назаридан тўрт йилдан бери контрактнинг ошишига рухсат бермаяпти», — дейди у.

Шариповнинг сўзларига кўра, талабалар орасида йилига 6 миллион сўм контракт тўлайдиганлар ҳам бор. Уларнинг бир йиллик харажати эса 14 миллион сўмни ташкил этади.

«Аслида бугунги кунда контрактлар устига яна 88 фоиз қўшилиши керак эди. Ҳозирда 26 та олий таълим муассасаси дотацияда ўтирибди. Айрим йўналишларда ўқийдиган талабалар йилига 6 миллион сўм контракт тўлайди. Лекин уларнинг бир нафарини йиллик харажати 14 миллион сўмни ташкил этади. Қолган 8 миллион сўмини эса супер-контрактда ўқийдиган йигит-қизлар ҳисобидан ёпяпмиз. Буни яшириш керак эмас», — дейди вазир.

«Эътибор берсанглар, супер-контрактда ўқишни истайдиганлар сони ҳам йилдан-йилга камайиб боряпти. Чунки олий ўқув юртлари ўртасида рақобат кучайиб кетди. Хусусий университетлар орасида ҳам яхши таълим бераётганлари бор, ҳаммаси ёмон дейиш нотўғри. Шу боис кўплаб ёшлар супер-контрактга киргандан кўра, хусусийда ўқишни афзал билмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Конгратбай Шарипов жорий йил контракт миқдорлари 20 фоизгача ошиши ҳақида тармоқларда тарқалган хабарларга нисбатан ҳам муносабат билдирди.

«Ҳар бир олий таълим муассасасининг харажатлари, яъни қайси бири кўп даромад топяпти, қай бири дотацияда қолганини ижтимоий тармоқларда ёритиб боряпмиз. Аммо биз ҳозир контракт миқдорининг ошиши бўйича қарор қабул қилганимиз йўқ. Бу каби муҳокамалар ҳар йили бўлади. Бу масала бўйича жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда қарор қабул қиламиз. [Янги ўқув йилидан] контракт кўтарилади ё кўтарилмайди, дея олмайман. Биз университетларни сақлаб қолиш керак дейдиган бўлсак, бунинг устида ўйлашимиз лозим», — дея изоҳ берди вазир.

Аввалроқ Конгратбай Шарипов форма масаласида фикр билдириб, Ўзбекистондаги ҳар бир ОТМ талабалар учун кийим-бош бўйича ўз ички тартиб-қоидасини ишлаб чиққан, муассаса раҳбарияти буни талаб қилишга ҳақли эканини билдирганди. Унга кўра, ОТМлар орасида ўз кийим брендини яратиш оммалашмоқда. «Кийиниш масаласида тартиб бўлиши керак», — деганди вазир



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *