Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда маъмурий-ҳудудий тизимни тубдан ўзгартириш режалари ҳақида маълум қилди.
Унинг айтишича, келажакда вилоят ва туманлар босқичма-босқич тугатилиб, улар ўрнига 20 та йирик округ ташкил этилиши мумкин.
«Охир-оқибат мамлакат 20 та округга бўлинади. Бу жараёнга ҳали вақт бор – тахминан 3–4 йил», – деди давлат раҳбари.
Жапаровнинг таъкидлашича, ислоҳот бирданига жорий этилмайди. Аввало, бир округ пилот лойиҳа сифатида ташкил этилади ва 2–3 йил давомида унинг самарадорлиги синовдан ўтказилади.
Асосий мезон – ушбу ҳудуднинг давлат дотациясидан чиқиб, мустақил иқтисодий фаолият юритиш имконияти ҳисобланади. Агар пилот лойиҳа ўзини оқласа, маъмурий тузилма тўлиқ қайта кўриб чиқилади.
Маълумот учун, сўнгги икки йил давомида Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар доирасида қишлоқлар сони 452 тадан 231 тага қисқартирилган.
Мутахассислар фикрича, мазкур ислоҳот давлат бошқарувини оптималлаштириш ва маҳаллий бюджетларни мустақиллаштиришга қаратилган.