16 апрель куни блогер Темурмалик Тожиддинзода отаси Самарқанд шаҳри ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд тумани руҳий хасталар шифохонасига олиб борганидан сўнг вафот этганини маълум қилиб, пост ёзди. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳолат бўйича текширув ўтказишларини сўради.
Унинг ёзишича, сўнгги пайтларда отаси алцгеймер касаллиги билан оғриб келган ва у оила аъзолари томонидан уй шароитида парваришлаб келинган. Аммо, 10 апрель куни отаси «сирли равишда ғойиб бўлган».
Блогер бир суткадан сўнг отасини Самарқанд шаҳри ИИБ Самарқанд тумани руҳий хасталар шифохонасига олиб бориб қўйганини аниқлаган.
«Бундан жаҳлимиз чиқиб, ўша куннинг ўзидаёқ отамни уйга олиб келтирмоқчи эдик, бироқ иш кунлари тугагани сабабли (шанба куни эди), у ердаги шифокорлар бизга беморни фақатгина душанба куни бошлиқнинг рухсати билан қўйиб юборишини айтиб беришмади. Душанба куни эрта саҳар билан олиб келдик. Аммо, унинг аҳволи ўша пайтда ўта оғир эди. Шифохонадаги „қассоб“ шифокорлар отам қонига ўта кучли таъсир қилувчи препаратларни юборган ва у уйига қайтганидан кейин бир сутка давомида ўзига келмай ётиб, охири 14 апрель, сешанба куни ҳалок бўлди», — деб ёзади у.
Блогер Самарқанд прокуратурасига ҳолат бўйича тегишли суриштирув ишларини олиб боришини сўраб, расмий ариза киритганини маълум қилди. У постида қатор талаб ва саволларини қолдирган.
«Отам қандай қилиб руҳий шифохонага тушиб қолди? Уни ким у ёққа олиб борди ва нима учун оила аъзоларини бундан хабардор қилмади? Отамни ким ва қандай препаратлар билан унинг ўлимига олиб келувчи уколлар қилдирди? Экспертиза жавоблари чиққунча ҳолат кейинчалик ёпди-ёпди бўлиб кетмаслигига кафолатлар керак. Қайсидир бир кичик ходим арзимас жазо олиб, воқеа бости-бости бўлиб кетишига йўл қўймаслик керак. Самарқанд туманидаги руҳий хасталар шифохонаси фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиши ва ундаги иш жараёни ҳамда ходимлар малакасига тегишли ҳуқуқий ва профессионал баҳо берилиши лозим. Агар биздан олдин ҳам кимдир шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келган бўлса, менга мурожаат қилишларини сўраб қоламан», — дейилади постда.
Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Унга кўра, ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
«Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши таъминланиб, натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади», — дейилади идора хабарида.