• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Жаҳон банкининг Water Forward сув хавфсизлиги ташаббусига қўшилди


Ўзбекистон Жаҳон банки гуруҳининг 2030 йилгача 1 миллиард аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Water Forward глобал ташаббусига қўшилди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Ташаббус 15 апрель куни Вашингтонда ўтказилган Жаҳон банки гуруҳининг баҳорги йиғилишлари доирасида тақдим этилди. Унда Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда қатор халқаро молия институтлари ва давлатлар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қатнашди.

Маълум қилинишича, Water Forward ташаббуси аҳоли учун тегишли хизматларнинг ишончлилигини ошириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва сув тизимларининг қурғоқчилик ва сув тошқинларига чидамлилигини мустаҳкамлаш мақсадида сув хўжалиги соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ва сув инфратузилмасини модернизация қилишга кўмаклашади.

Ташаббус доирасида иштирокчи давлатлар сув хўжалиги тизимларини модернизация қилиш ва ислоҳ қилиш учун халқаро молия институтлари, ҳукуматлар, хайрия ташкилотлари ва хусусий сектордан молиявий ҳамда таҳлилий ресурсларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Жаҳон банки 2030 йилгача ўз операциялари доирасида 400 миллион киши учун сув хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини олган. Бу сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, ирригация тизимлари ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, сув манбаларини тиклаш ҳамда табиий офатлардан ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига олади.

Қўшимча равишда ҳамкор ташкилотлар ҳиссаси билан ташаббус қамровини 1 миллиарддан ортиқ аҳолига етказиш режалаштирилган. Унда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва Ислом тараққиёт банки иштирок этмоқда.

Ташаббуснинг асосини иштирокчи давлатлар томонидан ишлаб чиқиладиган миллий сув пактлари ташкил этади. Уларда сув соҳасидаги ислоҳотлар устувор йўналишлари белгиланади ва халқаро шериклар билан ҳамкорликда молиялаштириш таъминланади.

Тадбирда 14 давлатдан иборат биринчи гуруҳ ташаббусга қўшилгани эълон қилинди. Улар қаторида Ўзбекистон, Албания, Ангола, Боливия, Вьетнам, Конго Демократик Республикаси, Иордания, Камбоджа, Камерун, Кения, Кот-д’Ивуар, Сенегал, Сьерра-Леоне ва Ямайка бор.

Жамшид Қўчқоров ўз нутқида Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банки билан ҳамкорликда миллий сув пактини ишлаб чиққанини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат 2030 йилгача мўлжалланган тараққиёт стратегиясига мос бўлиб, суғориладиган ерларнинг 100 фоизида (4,1 млн гектар) сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғоришдаги сув йўқотишларини 25 фоизга камайтириш, аҳолини тоза ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлаш ҳамда соҳани рақамлаштиришни назарда тутади.

Аввалроқ Gazeta сув масаласида Марказий Осиё олдидаги муаммолар ва экспертларнинг ечимларини тақдим этган эди. Минтақада сув муаммоси унинг танқислиги билангина чекланиб қолмаяпти. Иқлим ўзгариши сабабли ресурслар олдиндан айтиб бўлмас ҳолга келиб қолмоқда, мамлакатлар эҳтиёжлари ўртасидаги фарқ эса кескинликни оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки Ўзбекистонга 10,6 млн доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағлар эскирган газ узатиш инфратузилмасидаги сизиб чиқиш ҳолатларини камайтириш ҳамда мамлакатдаги уй хўжаликлари ва саноат корхоналарини таъминлаш учун табиий газни тежашга йўналтирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *