Президентга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, резерв ва захирадаги офицерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан ахборот берилди.
Қайд этилишича, замонавий жанговар ҳаракатлар таҳлилидан келиб чиқиб, барча ўқув, тренинг ва машғулотларда жанг олиб боришнинг янги усул ва шакллари ўзлаштирилаётгани, бўлинмаларнинг мобиллигини, жанговар имкониятларини ва қўйилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани юзасидан ахборот берилди.
Жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотини тўлаш таклиф қилинди.
Шунингдек, бу кунда уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари, кексалар ва устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ёлғиз ва кам таъминланган фахрийларнинг турар жойларини ободонлаштириш, турли хотира ва қадрлаш тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган Ватан фидойиларининг хотираси ҳам улуғланади. Уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.
Ватан тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг мардлиги ва жасоратини тарғиб қилишга қаратилган маънавий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилади. Мамлакат бўйлаб «Бурч, жасорат, матонат!» шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари, ижодий кечалар, танловлар ва оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади.
