Сўнгги кунлардаги ҳужумлар сериясидан сўнг Туркия расмийлари барча мактабларда хавфсизлик чораларини кучайтирди. Бу ҳақда Hurriyet мамлакат Ички ишлар вазирлиги директивасига таяниб хабар бермоқда.
Туркиянинг 81 провинциясидаги ҳар бир таълим муассасасида эндиликда камида икки нафар полиция ходими доимий навбатчиликда бўлади. Шунингдек, мактаб ҳудудларида кучайтирилган текширувлар бошланди. Хавфсизлик чоралари хавф-хатарларни баҳолаш асосида янгилаб борилади.
14 апрель куни Туркия жануби-шарқидаги Шанлиурфа ҳудудида 19 ёшли йигит лицейда ўт очганди. Оқибатда 16 киши — 10 нафар ўқувчи, тўрт нафар ўқитувчи, бир полициячи ва бир ошхона ходими жароҳатланган.
15 апрель куни Туркия жануби-шарқидаги Каҳраманмараш шаҳрида мактабда отишма содир бўлди. Оқибатда тўққиз киши ҳалок бўлди (асосан ўқувчилар), 13 киши жароҳатланди. Ҳужумни ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси содир этган.
Ҳар икки ҳужумчи воқеа жойида ўз жонига қасд қилган, уларнинг мотивлари ҳозирча номаълум.
Полиция маълумотларига кўра, каҳраманмарашлик саккизинчи синф ўқувчиси ижтимоий тармоқларда 2014 йилда Санта-Барбарада олти нафар коллеж талабасини ўлдирган америкалик қотил Эллиот Рожерга ишора қилувчи фототасвирдан фойдаланган.
Тергов доирасида ҳуқуқ-тартибот идоралари «жиноят ва жиноятчиларни улуғлаш» айби билан 80 дан ортиқ кишини қўлга олди. Ижтимоий тармоқлардаги 940 та аккаунтга кириш блокланди, Telegram мессенжеридаги 93 та гуруҳ ёпилди.
