Шавкат Мирзиёев уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан байрам табриги йўллади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Президент ўз табригида коммунал соҳа ходимларининг аҳоли учун қулай ва замонавий шароитларни таъминлашдаги фидокорона меҳнатини алоҳида таъкидлади. Муҳандислар, уста ва чилангарлар, технологлар ва бошқа мутахассисларга миннатдорлик билдирилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда коммунал тизимда зарур ислоҳотлар амалга оширилиб, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари ташкил этилди ва уларга давлат томонидан имтиёзлар берилди. Бугунги кунда мамлакатдаги 45 мингта кўп қаватли уйнинг 90 фоиздан ортиғи 1 мингдан зиёд шундай ташкилотлар томонидан қамраб олинган. Сўнгги 9 йилда 3,7 триллион сўм маблағ эвазига қарийб 51 мингта уй таъмирланиб, 3,5 мингта лифт янгиланди.
Рақамлаштириш жараёнлари доирасида салкам 42 мингта уй ва 1,5 миллиондан ортиқ мулкдор «Менинг уйим» биллинг тизимига уланди. Бу эса аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини назорат қилиш имконини бермоқда. Шунингдек, 3,4 мингта ичимлик ва оқова сув иншооти ҳамда 42 минг километрдан зиёд тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 2017 йилдаги 63 фоиздан қарийб 83 фоизга етди.
Иссиқлик таъминоти соҳасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилиб, қарийб 100 та қозонхона ва 1276 километр иссиқлик тармоқлари модернизация қилинди. Бу орқали 3,8 мингдан зиёд кўп қаватли уй ва 371 та ижтимоий объект тизимга уланди.
Президентга кўра, 2030 йилгача аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 90 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, 103 та янги қозонхона ва 1600 километр иссиқлик тармоқлари барпо этилади. Давлат-хусусий шериклик асосида 13 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37 фоиздан 58 фоизгача оширилиши кўзда тутилган.
«Сизлар ўзингизнинг бор куч-ғайратингиз, билим ва тажрибангизни сафарбар этиб, ана шундай улкан вазифаларни адо этишга муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман. Ўз навбатида, мамлакатимизда коммунал соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, тизимда фаолият кўрсатаётган ишчи ва ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бундан буён ҳам давлатимизнинг эътибор марказида бўлади.
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин юракдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, меҳнат фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман», — дейди давлат раҳбари.
Президент коммунал соҳа ходимлари олдида турган вазифалар муҳимлигини таъкидлаб, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш ва тизимни ривожлантириш давлат эътиборида бўлиб қолишини қайд этди.