Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ туристик зонасида 10 апрелдан қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлашнинг олдини олиш мақсадида текширув олиб борилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, текширув Бош прокуратура, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, экологик ва туризм полицияси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўтказилмоқда.
«Таҳлиллар кўрсатишича, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қурилиш ишлари кўпаймоқда ва бу ўз навбатида қурилиш чиқиндиларининг белгиланмаган жойларга ноқонуний ташланиши билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирмоқда. Хусусан, биргина Чорвоқ эркин туристик зонаси ҳудудида қурилишлар 2020 йилга нисбатан 10 баробарга ошгани натижасида лойиҳа эгаларининг қурилиш чиқиндиларини экологик меъёрларга риоя қилмасдан турли жойларга ноқонуний равишда ташлаб кетиш ҳолатлари ошган», — дейилади хабарда.

Дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатдики, 2020−2021 йилларда тумандаги икки чиқинди полигони рекультивация қилиниб ёпилган, ҳозирда чиқиндилар Паркент туманидаги полигонга олиб борилмоқда.
11−13 апрель кунлари ўтказилган рейдларда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ 102 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича 19 ҳолат қайд этилди.
23 та махсус техника ёрдамида иккита ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди, 401 тонна турли хил чиқиндилар махсус полигонларга олиб чиқиб кетилди.
Қўмита маълум қилишича, ҳудудда чиқиндиларни ноқонуний ва тартибсиз ташлашнинг олдини олиш мақсадида 10 та локацияда онлайн видеокузатув қурилмалари ўрнатилган, яна 40 та нуқтада шундай тизим жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, республика бўйлаб экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида «долзарб 10 кунлик» эълон қилингани қайд этилди. Унинг доирасида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ яна 11 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда онлайн камералар орқали 3 ойда чиқиндиларни ноқонуний ташлаш бўйича 2107 та ҳолат аниқланди. Уларнинг 322 тасида жарима қўлланди, қолганлари бўйича чоралар кўрилмоқда. Республика бўйлаб қарийб 700 та камера ўрнатилган.
Маълумот ўрнида, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (412 минг сўмдан 1,236 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (4,12 млн сўмдан 8,24 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (8,24 млн сўмдан 12,36 млн сўмгача) миқдорда жарима солинади.


