• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Украина шаҳарлари оммавий ҳужумга учради, 16 киши ҳалок бўлди – Gazeta


16 апрелга ўтар кечаси Россия Украина шаҳарларига оммавий зарбалар берди. Украина расмийларининг хабар беришича, энг кўп Киев, Одесса ва Днепр жабр кўрган. Ҳужум қурбонлари 16 кишини ташкил этди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Украина Ҳаво кучлари 15 апрель соат 7:00 дан 16 апрель соат 7:00 гача Россия 44 та ракета ва 659 та учувчисиз учиш аппаратини қўллаган ҳолда икки тўлқинли комбинациялашган ҳужумларни амалга оширганини маълум қилди. 12 та ракета ва 20 та дрон нишонга теккани қайд этилди.

Киевда тўрт киши, жумладан, 12 ёшли бола ҳалок бўлди. Яна 58 киши жароҳатланди, улардан 26 нафари шифохонага ётқизилди, бошқаларига воқеа жойида ёрдам кўрсатилди. Шаҳарда 17 та кўп қаватли ва 10 та хусусий уй, шунингдек, меҳмонхона, офис маркази, автосалон, ёнилғи қуйиш шохобчаси ва савдо маркази шикастланган.

Одессада тўққиз киши ҳалок бўлди, 23 киши жароҳатланди. Ҳужум оқибатида турар жой бинолари, порт ва критик инфратузилма объектлари, омборхоналар зарар кўрди.

Днепрда уч киши ҳалок бўлди, 34 киши яраланди. Турар жой бинолари, офис ва маъмурий бинолар, корхоналар ҳамда автомобиллар зарбалар остида қолди.

Украина Энергетика вазирлигининг хабар беришича, зарбалардан сўнг Днепропетровск, Донецк, Киев, Запорожье, Николаев, Одесса, Харков, Суми ва Полтава вилоятларидаги истеъмолчиларнинг бир қисми вақтинча электр таъминотисиз қолган.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина бўйлаб ҳужумни тасдиқлади. Ҳарбий идоранинг таъкидлашича, Украина мудофаа-саноат мажмуасининг «қанотли ракеталар, узоқ ва ўрта масофага учувчи дронлар ишлаб чиқаришга жалб қилинган» объектларига, шунингдек, ёнилғи-энергетика мажмуаси объектларига оммавий зарба берилган.

РФ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, пайшанбага ўтар кечаси Россия ҳудудлари тепасида ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан Украинанинг «207 та учувчисиз учиш аппарати тутиб қолинган ва йўқ қилинган». Краснодар ўлкасида Туапсе шаҳри ҳужумга учраган. Маҳаллий ҳокимият у ерда беш ва 14 ёшли икки бола ҳалок бўлганини маълум қилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *