• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди IPO олдидан 300 млн доллар жалб қилди


Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди (ЎзМИФ) Тошкент ва Лондон фонд биржаларида акцияларининг бирламчи оммавий таклифини (IPO) ўтказиш ниятини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Gazeta`га жамғарма бошқарувини амалга оширувчи Franklin Templeton матбуот хизмати хабар берди.

Жойлаштиришнинг асосий хусусияти йирик анчор инвесторларнинг (кўпинча IPO олдидан катта миқдорда маблағ киритувчи шахс ёки институционал тузилма) иштироки бўлди.

Компания хабарига кўра, BlackRock, Franklin Resources, Redwheel бошқарувидаги фондлар, шунингдек, Allan & Gill Gray Foundation тузилмалари глобал депозитар тилхатларни (GDR) сотиб олиш бўйича келишувларни имзолаб бўлган.

Ушбу инвесторларнинг жами мажбуриятлари ҳажми тахминан 300 млн долларни ташкил этади. Обуна бўлиш жараёни талабномалар китобини шакллантириш давомида белгиланадиган якуний таклиф нархи бўйича амалга оширилади.

Жойлаштириш икки босқичда бўлиб ўтади: Тошкент фонд биржасида (TSE) оддий акциялар таклиф этилади ва Лондон фонд биржасида (LSE) хорижий инвесторлар учун GDR’лар таклиф этилади.

Барча қимматли қоғозлар ягона акциядор сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотилади, бунда жамғарманинг ўзи сотувдан маблағ олмайди.

Якуний нарх ва акцияларнинг аниқ сони 2026 йил май ойининг ўрталарида эълон қилинади. Бундан сўнг дарҳол қимматли қоғозларнинг Лондон ва Тошкентдаги савдоларга расман киритилиши кутилмоқда.

Компания ва мажоритар акциядор учун IPO’дан кейин 180 кун давомида lock-up даври (акцияларни сотишга тақиқ) белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, жамғарма активларининг соф қиймати 2,44 млрд долларни ташкил этган. ЎзМИФ портфелидан 13 та давлат компанияси, жумладан, Uzbekistan Airways, «Ўзбектелеком» ва бошқалардаги миноритар улушлар жой олган.

ЎзМИФнинг чакана ва институционал инвесторлар учун жозибадорлигининг асосий омилларидан бири сифатида қатъий дивиденд сиёсати кўрсатилмоқда. Жамғарманинг портфел компаниялари 2030 йилгача ўз соф фойдасининг камида 50 фоизи миқдорида дивиденд тўлаши шарт.

2028 йил якунига қадар жамғарма таркибидаги олтита компаниянинг алоҳида IPO’ларини ўтказиш режалаштирилган.

IPO’нинг глобал координатори сифатида Jefferies International Limited иштирок этмоқда, юридик маслаҳатчилар орасида эса Cleary Gottlieb, White & Case ва Dentons каби фирмалар бор. Депозитарий банк (BNY Mellon) томонидан эса Debevoise & Plimpton ҳамда Centil компаниялари консултация ёрдамини кўрсатмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *