• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тарихий нутқ. «Диктаторлар бу дунёни тарк этади, улар халқдан тортиб олган ҳокимият яна халққа қайтади» — Чарли Чаплин

Тарихий нутқ. «Диктаторлар бу дунёни тарк этади, улар халқдан тортиб олган ҳокимият яна халққа қайтади» — Чарли Чаплин


16 апрель — овозсиз кино даврида шуҳрат қозонган инглиз комик актёри Чарли Чаплин (тўлиқ исми — Чарльз Спенсер Чаплин) таваллуд топган кун. Чаплин ўз даврининг универсал кинематографи бўлиб, актёрлик билан кифояланмасдан, режиссёрлик, сценаристлик, продюсерлик билан ҳам шуғулланган, мусиқалар басталаган. У ўзининг экран персонажи — Дайди (The Tramp) образи орқали бутун дунёга танилган ва бугунги кунгача кино саноатининг энг муҳим сиймоларидан бири саналади.

Буюк киноижодкор туғилган сана муносабати билан Gazeta унинг илк овозли картинаси — «Буюк диктатор» фильмидаги якуний нутқининг таржимасини келтиради. Ушбу нутқ тарихий аҳамият касб этмаса-да, унда янграган эътироф ва чақириқлар бугунги кунда ҳам долзарб.

«Буюк диктатор» фильмида Чарли Чаплин бир вақтнинг ўзида иккита қаҳрамон: геттода яшовчи кичкина яҳудий сартарош ҳамда Томаиния диктатори Ҳинкел образини гавдалантирган.

Чаплин ўз таржимаи ҳолида ушбу фильмдаги қаҳрамони тилидан қуйидаги иқтибосни келтиради: «Нацистларга қарши бўлиш учун яҳудий бўлиш шарт эмас. Бунинг учун инсон номига муносиб бўлишнинг ўзи кифоя».

Чарли Чаплин фильм якунидаги, диктатор Ҳинкел билан адаштириб қўйилган яҳудий сартарошнинг тинчликка даъват этувчи нутқини ёзиш ва қайта ишлаш устида бир неча ой вақт сарфлагани айтилади. Кўпчилик бу нутқни танқид қилган, уни фильм учун ортиқча деб ҳисоблаган. Яна кимлардир уни руҳлантирувчи деб топган. Таассуфки, 1940 йилда Чаплин ўз қаҳрамони — оддий сартарош тилидан айтган бу сўзлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади.

«Буюк диктатор» фильмидан якуний нутқ

Маъзур тутинг, аммо мен император бўлишни истамайман. Бу менинг ишим эмас. Ҳеч кимни бошқаришни ёки назорат қилишни хоҳламайман. Имкони бўлса, ҳаммага — яҳудийга ҳам, ғайридинга ҳам, қора танлига ҳам, оқ танлига ҳам — ёрдам беришни истардим. Биз ҳаммамиз бир-биримизга ёрдам беришни истаймиз. Инсон зоти шундай. Биз бир-биримизга бахтсизлик келтириб эмас, балки бахт улашиб яшашни истаймиз. Бир-биримиздан нафратланишни, жирканишни хоҳламаймиз. Бу дунёда ҳаммага жой топилади. Она заминимиз эса серҳосил ва ҳар биримизни ўз неъматларидан баҳраманд қилишга қодир. Ҳаёт йўлимиз эркин ва гўзал бўлиши мумкин эди, бироқ биз бу йўлдан адашдик.

Очкўзлик инсонлар қалбини заҳарлади, дунёни нафрат девори билан ўради, бизни қадам-бақадам мусибат ва қонли қирғинларга етаклади. Ҳаёт суръатини оширдик, лекин ўзимизни ўзимиз тўхтатиб қўйдик. Тўкин-сочинлик олиб келадиган машиналар бизни муҳтожликда қолдирди. Билимларимиз бизни бадгумон кимсаларга айлантирди. Ақлимиз ўткирлашди, лекин қаҳри қаттиқ ва бемеҳр бўлдик. Ҳаддан зиёд кўп ўйлаймизу, ниҳоятда кам ҳис қиламиз. Биз машиналардан кўра кўпроқ инсонийликка, ақл-заковатдан кўра меҳр-шафқат ва ҳалимликка кўпроқ муҳтожмиз. Бу фазилатларсиз ҳаёт зўравонликка юз тутади ва ҳамма нарсадан маҳрум бўламиз…

тарихий нутқ, чарли чаплин

Самолёт ва радио бизни бир-биримизга яқинлаштирди. Бу ихтироларнинг асл моҳияти инсонларни эзгуликка, умуминсоний биродарликка, барчамизни бирлашишга чақиради. Ҳозирнинг ўзида ҳам овозим бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларга — бегуноҳларни қийноққа солишга ва қамоққа олишга мажбур қиладиган тузум қурбони бўлган миллионлаб умидсиз эркаклар, аёллар ва мурғак болаларга етиб бормоқда.

Мени тинглаётганларга шундай дейман — тушкунликка тушманг. Бошимиздаги бу кулфат — ўткинчи бир очкўзлик, инсониятнинг тараққиёт йўлидан қўрққан кимсаларнинг аччиқ надомати, холос. Одамлардаги нафрат — ўткинчи ҳис, диктаторлар ҳам бу дунёни тарк этади ва улар халқдан тортиб олган ҳокимият яна халққа қайтади. Модомики, инсонлар жон фидо қилар экан, озодлик ҳеч қачон завол топмайди…

Аскарлар! Ўзингизни сиздан жирканадиган, қул қиладиган, ҳаётингизни қолипга соладиган, нима қилиш, нима ўйлаш ва нима ҳис қилиш кераклигини айтиб турадиган золимларга топшириб қўйманг! Сизга кўрсатма берадиган, таомномангизни белгилаб берадиган, сизга ҳайвондек муносабатда бўладиган, сиздан замбарак ўқи сифатида фойдаланадиганларга бўйин эгманг. Ўзингизни бундай инсонийликни йўқотган кимсалар — ақли ҳам, қалби ҳам машинадек ҳиссиз кимсалар ихтиёрига топширманг! Сиз машина эмассиз! Сиз ҳайвон эмассиз! Сиз инсонсиз! Сизнинг қалбингизда инсониятга бўлган муҳаббат бор! Сиз нафратланмайсиз! Фақат меҳр кўрмаганлар — севилмаганлар ва инсонийликни йўқотганларгина нафратланади! Аскарлар! Қуллик учун эмас, озодлик учун курашинг!

Авлиё Луқо Инжилининг 17-бобида шундай ёзилган: «Яратганнинг салтанати инсоннинг ичидадир» — бир кишида ёки бир гуруҳ одамларда эмас, балки барча инсонларда! Сизнинг ичингизда! Сиз — халқ — қудратга эгасиз, машиналарни яратиш қудратига. Бахтни яратиш қудратига! Сиз — халқ — бу ҳаётни эркин ва гўзал қилишга, уни ажойиб саргузаштга айлантиришга қодирсиз.

Бас, шундай экан, демократия номи билан, келинг, шу қудратни ишга солайлик — келинг, барчамиз бирлашайлик. Келинг, янги дунё учун — инсонларга ишлаш имконини берадиган, ёшларга келажак, кексаларга эса кафолатли ҳаёт бахш этадиган муносиб дунё учун курашайлик. Золимлар ана шундай ваъдалар билан ҳокимият тепасига келган. Аммо улар ёлғон сўзлайди! Улар бу ваъдани бажармайди. Ҳеч қачон бажармайди!

Диктаторлар ўз-ўзини озод этадию, халқни қулликка маҳкум қилади! Энди эса, келинг, ўша ваъдани рўёбга чиқариш учун курашайлик! Келинг, дунёни озод қилиш, миллий тўсиқларни олиб ташлаш, очкўзлик, нафрат ва муросасизликка барҳам бериш учун курашайлик. Келинг, ақл-идрок билан юритиладиган, илм-фан ва тараққиёт бутун инсониятни бахт-саодатга элтадиган дунё учун курашайлик. Аскарлар! Демократия номи билан, келинг, барчамиз бирлашайлик!



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *