Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 13−14 апрель кунлари Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюриб, Дубай ва Абу Дабида қатор музокаралар ўтказди. Унда делегация вице-президент, бош вазир ўринбосари шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён, шунингдек, БАА давлат органлари, инвестиция тузилмалари ва йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашди.
Ташриф кун тартибидан инвестициялар, энергетика, логистика, рақамли трансформация, сув инфратузилмаси, саноат, таълим ва савдо соҳаларида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди, деб ёзди бош вазир ўринбосари LinkedIn`да.
2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,25 млрд долларга етган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 52 фоизга кўп. Қўшма инвестиция портфели 20 млрд доллардан ортиқ қийматдаги қарийб 100 та лойиҳани қамраб олган. Ўтган йил якунларига кўра, БААдан Ўзбекистон иқтисодиётига ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,5 млрд доллар бўлган. Мамлакатда амирликлар капитали иштирокида 421 та корхона фаолият юритмоқда.
Музокараларда муҳокама қилинган лойиҳалар
- Нукус шаҳрида Халифа бин Зоид Ол Наҳаён фонди кўмагида аёллар ва болалар шифохонаси қурилиши. Қурилиш ишларининг асосий қисми якунланган бўлиб, объектни жорий йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
- Ўзбекистон Миллий архиви учун янги бино қуриш. Лойиҳа амирликлар томони гранти ҳисобидан амалга оширилмоқда.
- Янги лойиҳалар қаторида — Ўзбекистонда исломий молияни ривожлантириш. Март ойида президент томонидан имзоланган исломий банк фаолияти тўғрисидаги қонун 29 июндан кучга киради.
- Амирликларнинг AD Ports компанияси билан ҳамкорликда Навоий логистика платформасини — интермодал хабни ривожлантириш.
- Трансафғон темирйўл лойиҳасини ривожлантириш, унда Etihad Rail шерик сифатида иштирок этиши мумкин. «Бу коридор Марказий Осиёга Покистон денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини беради, ташиш муддати ва харажатларини қисқартиради, шунингдек, минтақавий савдо ва интеграцияни мустаҳкамлайди», — деди Жамшид Ходжаев. «Биз логистика ва транспорт боғлиқлигини минтақанинг келажакдаги иқтисодий ўсишининг асосий омилларидан бири сифатида кўрамиз», — дея қўшимча қилди у.
- Шунингдек, Ўзбекистон ва БАА ўртасида Кенг қамровли иқтисодий шериклик (CEPA) тўғрисидаги битимни қабул қилиш масаласи муҳокама қилинди.
- Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Investopia Global — Tashkent Edition тадбирини ўтказиш ва Янги Тошкентда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва узоқ муддатли шериклик рамзи сифатида UAE Avenue барпо этиш ғояси ҳам кўриб чиқилди.
«БАА бугун Яқин Шарқда Ўзбекистоннинг асосий стратегик шерикларидан бири ҳисобланади. Эришилган келишувлар, юқори даражадаги ишонч ва бундай даражадаги тўғридан-тўғри мулоқот келгусида ҳам янги инвестициялар, йирик қўшма лойиҳалар ва икки мамлакат манфаатларига жавоб берадиган узоқ муддатли ечимларга айланишига ишонамиз», — деди Жамшид Ходжаев.
Бошқа музокаралар
Ўзбекистон бош вазири ўринбосарининг БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳаил Ал Мазруи билан учрашувида энергетика, инфратузилма ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар муҳокама қилинди. БАА Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги асосий шерикларидан бири ҳисобланади: Masdar ва AMEA Power билан қўшма лойиҳалар портфели 5 млрд доллардан ортиқ. TAQA билан Толимаржон ИЭСни хусусийлаштириш лойиҳаси якунланди, шунингдек, 24/7 режимида ишлайдиган қуёш электр станциясини қуриш бўйича келишув имзоланди.
TAQA Water Solutions бош ижрочи директори вазифасини бажарувчи Надер Асад бин Тахер билан учрашувда оқова сувларни тозалаш иншоотини қуриш лойиҳаси (биринчи босқичда қуввати кунига 300 минг куб метр) ҳамда Угам дарёсидан Янги Тошкентгача 65 километрлик сув таъминоти тармоғини барпо этиш масалалари кўриб чиқилди.
L’imad Holding бошқарув директори ва бош ижрочи директори Жасим Муҳаммад Ал-Зааби, шунингдек, Plenary бош операцион директори Мустафо Фахур билан тоғ-кон ва кимё саноати, давлат-хусусий шериклик механизмлари, молия сектори ва хусусийлаштиришга оид лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамшид Ходжаев Etihad Rail бош ижрочи директори Шади Малак (Трансафғон темирйўли лойиҳасида эҳтимолий иштирок), Ta’ziz бош ижрочи директори Машал Сауд Ал Кинди (Самарқанд вилоятида фосфор ўғитлари ишлаб чиқариш бўйича йирик комплекс барпо этиш), инсон ресурслари вазири, олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири вазифасини бажарувчи доктор Абдулраҳмон Ал Авар (камёб мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш), БАА иқтисодиёт ва туризм вазири Абдулла бин Тук Ал Марри, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва масофавий бандлик бўйича давлат вазири Омар Султон Ал Олама, шунингдек, 2PointZero компанияси раиси ўринбосари ва Президент администрациясининг халқаро ишлар бўйича офиси раҳбари Мариям Ал Мхери билан ҳам учрашувлар ўтказди.