Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирганига қарамай, сулҳ эълон қилинган дастлабки соатларда Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) мамлакат жанубидаги Ал-Хиам ва Дбейбин шаҳарларини ўққа тутишда давом этди. Бу ҳақда Ливаннинг NNA миллий агентлиги хабар бермоқда.
Агентлик мухбири ушбу шаҳарларга артиллерия зарбалари берилгани, шунингдек, пулемётлардан ўқ узилгани ҳақида хабар қилди. Ғарбий Бекаа минтақасида эса дронлар ҳужуми қайд этилган.
Исроил ва Ливан ўртасидаги ўн кунлик сулҳ 17 апрель куни ярим тундан амал қила бошлади. Бу сулҳ ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилганди. Ливан президенти Жозеф Аун ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ўн кунлик ўт очишни тўхтатиш тартибини бошлашга рози бўлди, деб баёнот берган Трамп.
«Ушбу икки етакчи ўз мамлакатлари ўртасида ТИНЧЛИККА эришиш йўлида Шарқий вақт билан соат 17:00 дан (Тошкент вақти билан 17 апрель соат 02:00) бошлаб расман ўн кунлик ўт очишни тўхтатиш тартибини бошлашга келишиб олди», — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Жума куни эрталаб бошқа бир постида: «Бу Ливан учун тарихда қоладиган кун бўлди. Яхши воқеалар содир бўлмоқда», — деб ёзди Трамп.
АҚШ Давлат департаментининг тинчлик музокаралари тўғрисидаги келишув баёнотида сўз боришича, «Агар музокараларда силжиш кузатилса ва Ливан ўз суверенитетини таъминлаш қобилиятини самарали намойиш этса, ушбу дастлабки муддат Ливан ва Исроил ўртасидаги ўзаро келишувга асосан узайтирилиши мумкин».
Баёнотда, шунингдек, «Исроил режалаштирилган, кутилаётган ёки давом этаётган ҳужумларга қарши исталган вақтда ўзини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини сақлаб қолиши… Ливан ҳудудидаги нишонларга, жумладан, фуқаролик, ҳарбий ва бошқа давлат объектларига нисбатан қуруқликда, ҳавода ва денгизда ҳеч қандай ҳужумкор ҳарбий амалиётлар ўтказлиги» ҳам айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, шу ҳафта бошида Исроил ва Ливан вакиллари АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирокида Вашингтонда охирги 34 йил ичида илк бор учрашув ўтказган.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиэль Лейтер Ливан элчиси Нада Хамаде Моавад билан учрашув муваффақиятли ўтганини маълум қилди — томонлар Исроил ва Ливан ўртасида аниқ белгиланган чегара бўлиши кераклигига ва яқин ҳафталарда музокараларни давом эттиришга келишиб олган, дея қайд этди The Washington Post.
Моавад, ўз навбатида, кўчирилган аҳолини қайтариш учун ўт очишни тўхтатишга чақирди ва Ливандаги оғир гуманитар инқирозга эътибор қаратди.
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги сўнгги уруш 2 март куни — АҚШ ва Исроил Эронга қарши қўшма ҳужум бошлаганидан икки кун ўтиб, «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил шимолига ракеталар отиши билан бошланган.
Ливандаги сиёсий ҳаракат ҳам ҳисобланган ушбу қуролли гуруҳ ҳаракатлари Эроннинг собиқ олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилишига нисбатан қасос эканини маълум қилганди.
Ўшандан бери Ливанда 2000 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, миллиондан ортиқ киши — ёки аҳолининг тахминан бешдан бир қисми — ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Тахминан 37 000 та уй вайрон қилинган ёки шикастланган. Исроилнинг таъкидлашича, «Ҳизбуллоҳ» ҳужумлари оқибатида Исроилда икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, Ливандаги жангларда эса 13 нафар исроиллик аскар вафот этган.
Эрон билан музокаралар
АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ ва Эрон ўртасидаги навбатдаги учрашув шу дам олиш кунларида бўлиб ўтиши мумкинлигини айтди ва бу Эрон уруши якунига яқинлашаётгани борасидаги оптимизмни оширди, деб ёзмоқда Reuters.
Трампнинг таъкидлашича, Эрон 20 йилдан ортиқ вақт давомида ядровий қуролга эга бўлмасликни таклиф қилган. Теҳроннинг ядровий амбициялари ўтган дам олиш кунлари Исломободда бўлиб ўтган музокаралардаги асосий баҳсли нуқта бўлган эди.
«Кўрамиз, нима бўларкин. Лекин, менимча, биз Эрон билан келишувга жуда яқинмиз», — деди у Оқ уй ташқарисида журналистларга. Бир неча соат ўтиб, Лас Вегасда бўлиб ўтган тадбирда Трамп янада илгарилаб, уруш «яқин орада тугаши кераклигини» айтди.
Агар Ливандаги ўт очишни тўхтатиш тартиби Эрон билан кенгроқ тинчлик битимига йўл очса, бу Трамп маъмурияти учун муҳим ғалаба бўлади, деб таъкидлайди Reuters. «Чунки ушбу маъмурият шу пайтгача стратегик муҳим бўлган Ҳурмуз бўғозини қайта очиш ва Эроннинг ядровий қуролга борадиган йўлини тўсишда қийинчиликларга дуч келмоқда».