Навоий вилоятида йўқолиб кетиш хавфи остида турган йўрға тувалоқ қушларининг популяциясини тиклаш мақсадида 2400 та қуш ёввойи табиатга қўйиб юборилди. Бу ҳақда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қушлар Учқудуқ, Томди, Конимех ва Нурота туманларининг чўл ҳудудларига қўйиб юборилган. Лойиҳа Экология қўмитаси, Бирлашган Араб Амирликларининг «Йўрға тувалоқ» маркази ҳамда Falcon Hunting Solutions МЧЖ ҳамкорлигида амалга оширилган.
Йўрға тувалоқ Қизилқум чўли экотизимининг ноёб қуши бўлиб, биологик хилма-хилликни сақлашда муҳим ўрин тутади. У Ўзбекистон Қизил китобига ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмаси рўйхатига киритилган бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур сифатида эътироф этилган.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу қушлар табиий муҳитга мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Улар учун қулай шароит яратилса, популяцияни барқарор даражада сақлаб қолиш имконияти юқори.
Вилоят Экология бошқармаси бўлим бошлиғи Фурқат Қодировнинг айтишича, табиатга қўйиб юборилган қушлар GPS қурилмалари ва оёқларига белгиланган махсус рақамлар орқали кузатувга олинган. Бу уларнинг табиий муҳитга мослашиши ва яшаш жараёнини доимий мониторинг қилиш имконини беради.
Мутахассислар, шунингдек, қушларни қўйиб юбориш билан бирга уларнинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ўзбекистонда бу қушларнинг кўпайишини асосан Бирлашган Араб Амирликлари молиялаштиради. Бухоро вилоятида қушларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш Амирликлар маркази (Emirates Bird Breeding Center for Conservation), шунингдек, 2008 йилдан буён Навоий вилоятида йўрға тувалоқ қушларини сақлаш бўйича «Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази» (Emirates Center for Conservation of Houbara) фаолият олиб боради.
Экология миллий қўмитаси маълумотига кўра, йўрға тувалоқ асосан Ўзбекистоннинг Қизилқум чўлида, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Кавказ орти, Миср, Ғарбий Осиё, Мўғулистонда яшайди.
Қушларнинг табиатга қўйиб юборилиши ҳар йили эрта баҳорда ёки кузда, сентябрь ойининг ўрталарида амалга оширилади.