• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Humans асосчиси Владимир Добрининга қидирув эълон қилди


Ўзбекистон ҳукумати Humans компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добрининни Интерпол орқали халқаро қидирувга берди. Унинг исми Интерпол сайтидаги «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди.

Унга қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (пул ювиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Халқаро ташкилот маълумотларига кўра, 52 ёшли Добринин Австрияда туғилган ва Россия фуқароси ҳисобланади.

Ўзбекистондаги Humans иши

HUMANS.uz — финтех-сервис, мобил алоқа хизматлари ва маркетплейсни ўзида жамлаган суперилова. 2022 йил июнь ҳолатига кўра, Humans сервисларидан фаол фойдаланувчилар сони 2 миллион кишидан ошган. Ўша вақтда Ўзбекистонда Humans’нинг 1134 та савдо шохобчаси очилган эди.

2025 йил май ойида Сингапурнинг Humans Mobile Ltd компанияси (Ўзбекистондаги Humans таъсисчиси) Жаҳон банки ҳузуридаги Инвеститсиявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказга (ICSID) Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъво киритди.

Компания Ўзбекистон давлат органларини (жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком»ни) бизнесга мунтазам равишда зарар етказганликда ҳамда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битимни бузганликда айблади.

2026 йил январь ойида арбитраж трибунали таркиби шакллантирилди.

Компания халқаро даъво билан бирга мамлакат ичида ҳам судлашмоқда. 2025 йил 14 октябрда Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank (собиқ «Равнақ-банк») аризасига асосан «Humans» МЧЖни банкрот деб топди. Қарз миқдори тахминан 430 млрд сўмга баҳоланмоқда (бу 2025 йил июнь ойида тўхтатилган Visa кобрендинг карталарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ).

«Ўзбектелеком» давлат компанияси инфратузилма хизматлари учун суд орқали 532 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундиришни талаб қилган. Humans эса «Ўзбектелеком»ни монополь даражада юқори нархлар қўйганликда айблаб, ушбу қарор юзасидан Рақобат қўмитасига шикоят қилишга уринган.

Ишга фирибгарлик айбловлари ва компаниядаги улуш учун ички низолар ҳам қўшилди. Ўзбекистон фуқароси Максим Сиданов лойиҳага 12 млн доллар сармоя киритганини ва келишувлар асосида Humansдаги 66 фоизлик улушга даъвогарлик қилишини маълум қилди.

2025 йил охирида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда мижозларнинг Humans карталаридан рухсатсиз маблағ ечиб олингани ҳақидаги шикоятлари кўпайиб кетди. Компания буни техник носозликлар ва ҳужумлар билан изоҳлади. Марказий банк текширув ўтказиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун материалларни Тошкент шаҳар ИИББга юборди.

2025 йилнинг июль ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари PayWay тўлов ташкилоти ҳаммуассиси ва кузатув кенгаши аъзоси Беҳзод Ботировни қўлга олди. Humans гуруҳига қарашли UPay тўлов ташкилотида 6,5 йилдан ортиқ бош директор бўлиб ишлаган ва аввал Humans’да топ-менежер бўлган Ботиров 4 июль куни Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг қарори билан ҳибсга олинган. Унга Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандларида (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш) назарда тутилган жиноятни содир этганлик айби қўйилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *