Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги хонадонда содир бўлган портлаш оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Gazeta`га Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов.
Ҳодиса 16 апрель куни соат 01:40 атрофида туманнинг Ўртаовул маҳалласидаги уйда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузулиши туфайли содир бўлган.
Оқибатда 30 ёшли эркак З.М. ва унинг 6 ёшли ўғли, 3 ва 2 ёшли қизлари куйиш ва ёнғин ис-газидан захарланишлар сабабли ҳодиса жойида вафот этган. Эркакнинг турмуш ўртоғи Г. М. ва унинг онаси Б.М. эса ёнғиндан қочиш мақсадида хонадон деразасидан сакраб, турли хилдаги тан жароҳатлари билан Нурафшон шаҳри тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Воқеа жойидан Республика суд экспертиза маркази экспертлари, вилоят ИИБ эксперт криминалисти ва вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси экспертлари томонидан ёнғиндан шикастланган буюмлар, алимун сим бўлаклари ва бошқа ашёвий далиллар олинган.
Тармоқларда тарқалган суратларда уй ичидаги автомобиль ҳам ёниб кетгани кўринади.
«Тунда қаттиқ овоз бўлди. Ҳамма уйдан чиқиб кетди. Қўрқиб кетдик», — дея қўшнилардан бирининг сўзларини келтирмоқда Ishonch.uz. Уларнинг айтишича, воқеа содир бўлган пайтда эркак яқинларини қутқаришга уринган. У аёли ва онасини деразадан ташқари чиқариб юборишга улгурган, аммо болаларини қутқаришга ҳаракат қилган пайтда ўзи ҳам ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармасига юборилган.
Шунингдек, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси ва «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали Ўрта Чирчиқ туман бўлимлари ҳодимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
