17 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдаровни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлашга доир фармонни имзолади. Шахматчини кутиб олиш маросимида фармонни бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди, дея хабар қилди Gazeta мухбири.
Синдаров Кипрда дунёнинг кучли 8 та шахматчиси қатнашган Номзодлар турнирида ғолиб бўлди. Турнир якунларига кўра, Синдаров имконият мавжуд 14 очкодан 10 очко жамғариб, мусобақанинг янги рекордини ўрнатди. Синдаров мусобақа якунланишига бир тур қолганда ғалабани нақд қилганди.
У 2022 йилги Номзодлар турнирини 14 имкониятдан 9,5 очко билан якунлаган россиялик Ян Непомняшийнинг натижасидан ўзиб кетди. Аввалроқ Жавоҳир ғалабалар сони (6 та) бўйича ҳам рекордни янгилаган эди.
Энди ёш гроссмейстер шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан куч синашади. Учрашув шу йилнинг охирида ўтказилиши кутилмоқда, жаҳон чемпионлиги матчининг санаси ва жойи ФИДЕ томонидан кейинроқ эълон қилинади.
Синдаров унвондан ташқари 170 минг евро мукофот пули ишлаб олди — биринчи ўрин учун 70 минг евро ва ҳар бир ярим очко учун 5000 евродан (жами 100 минг евро).
Эслатиб ўтамиз, ноябрда Жаҳон кубоги соҳиби бўлган Жавоҳир Синдаровга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилганди. Қолаверса, гроссмейстер 3 хонали хонадон, унинг мураббийлари эса пул мукофотлари билан тақдирланган.
