• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон ва минтақада омборлар кўчмас мулки бозорида нималар юз бермоқда? Муаммолар ва истиқболлар


Ўзбекистонда замонавий омборлар билан таъминланганлик даражаси ҳали ҳам жуда паст — аҳоли жон бошига тахминан 0,02 квадрат метр. Солиштириш учун: бу кўрсаткич Қозоғистонда — 0,11 квадрат метрни, Россияда 0,39, АҚШда эса 4,8 квадрат метрни ташкил этади. Ўзбекистондаги рақамлар минтақадаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, бозор ривожи учун асосий чеклов ҳисобланади. Мавжуд бинолар кўп ҳолларда замонавий талабларга жавоб бермайди, ижара нархлари эса анча юқори. Янги логистика объектларини қуришга эса малакали мутахассислар етишмаслиги тўсқинлик қилмоқда.

Омбор кўчмас мулки бозоридаги муаммолар ва унинг салоҳияти, шунингдек, мамлакат ва минтақада юзага келган вазиятдан чиқиш йўллари 16 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро омборлар тармоғи саммити — Central Asia Warehouse Summit (CAWS)да муҳокама қилинди. Gazeta тадбирда иштирок этиб, экспертларнинг минтақадаги логистика келажаги бўйича асосий фикрларини жамлади.

Омбор кўчмас мулки бозори бугун

Омбор кўчмас мулки — бу товарларни таъминот занжирида сақлаш, қайта ишлаш ва тақсимлашни таъминлайдиган комплекс инфратузилмадир.

«Қимматбаҳо товарларни ташувчи ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай компания уларни хавфсизлик кафолати мавжуд бўлган ва халқаро талабларга мувофиқ жойларда сақлашга интилади. Бугунги вазифамиз — соҳадаги «тор ҳудудлар»ни бартараф этиб, товарларни имкон қадар тез ва бут сақланган ҳолда етказишни таъминлаш», — дейди Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директор ўринбосари Нодир Ҳайдаров.

Нодир Ҳайдаров.

Ушбу соҳанинг иқтисодиёт учун фойдаси мамлакат ичида ва ташқарисида логистик боғлиқликни таъминлашдадир, деди Хорижий инвесторлар кенгаши котибияти раҳбари Азиз Ғафуров. Унинг фикрича, логистика ривожи йўллар ҳолати, божхона тартиб-таомиллари ва умумий ишбилармонлик муҳитига бевосита таъсир кўрсатади.

Саноат ва омбор кўчмас мулки соҳасидаги консалтинг компанияси — IBC Global’нинг бошқарувчи шериги Станислав Ахмедзянов эса замонавий логистика қувватларига бўлган эҳтиёж бевосита макроиқтисодий жараёнлар талаби эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё юқори қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлиб, ўзига хос «дон омбори» вазифасини бажаради. Шу боис маҳсулотларни сақлаш масаласи айниқса долзарб ҳисобланади.

Станислав Ахмедзянов.Станислав Ахмедзянов.

Бугунги кунда Ўзбекистонда омбор кўчмас мулки бозори сифатли майдонларнинг ўта танқислиги билан тавсифланади. IBC Global маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чораги ҳолатига мамлакатда A ва B синфидаги омборлар умумий майдони 795 минг квадрат метрни ташкил этган. Шу билан бирга, вакантлик даражаси (бўш майдонлар улуши) 1,5 фоизга тенг.

Омборлар бўшлик даражаси кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон IBC Global рейтингида 60,4 балл тўплаган. Ахмедзяновнинг таъкидлашича, бу ривожланиш салоҳияти энг юқори бўлган топ-10 мамлакат орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бироқ ушбу рақамлар сифатли таклиф танқислигини кўрсатади.

«Йил бошида Тошкентда омборлар ижараси нархи АҚШдаги омборларга қараганда юқори эканини қайд этдик. A синф омборлар девелоперлари учун асосий масала — бу танқислик. Ўзбекистонда эса бу танқислик мавжуд ва у жуда ўткир», — деди эксперт.

central asia warehouse summit, омборлар

A синф омборлар учун ижара ставкаси ойига 12,1 доллар, B синф учун эса 10,6 долларни ташкил этган. Ижара ставкалари ошиши қурилиш харажатларининг ўсиши билан бирга кечмоқда. Қуруқ омборлар таннархи 2021 йилда ҳар квадрат метр учун 460 доллар бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 690 долларга етган. 2026 йилда бу кўрсаткич бироз пасайиб, 667 доллар бўлиши кутилмоқда. Музлаткич омборлар эса анча қиммат — ҳар квадрат метр учун тахминан 1099 долларга тушади. Таҳлилчилар буни ишлаб чиқарувчилар нархларининг ошиши, кредитлар қимматлиги ва малакали кадрлар етишмаслиги билан изоҳламоқда, бу ҳам қурилиш муддатларининг узайишига ҳам олиб келади.

Ўзбекистонда омборларнинг ўртача ёши 28,9 йилни ташкил этади, бу эса эскирган фонд улуши юқорилигини кўрсатади. Ҳозирги кунда 370 минг квадрат метр янги омбор майдонлари қурилиш босқичида.

Бозор драйверлари ва тўсиқлар

IBC Global’нинг Марказий Осиё бўйича директори Роман Пакнинг айтишича, сифатли омборларга бўлган талабнинг асосий драйвери электрон тижорат ҳисобланади. Унинг улушига янги талабнинг 35 фоизи тўғри келади. Кейинги ўринларда 3PL-операторлар (логистика провайдерлари) ва дистрибуция — 28%, офлайн-ритейлдан етказиб бериш — 18%, ҳудудий ривожланиш — 12% ҳамда Light Industrial ва мультиҳароратли омборлар (7 фоиз) жойлашган.

Роман Пак.Роман Пак.

Ахборот ва консалтинг фаолияти билан шуғулланувчи INFOLine компаниялар гуруҳи раҳбари Иван Федяков таъкидлашича, ҳозирги макроиқтисодий шароитлар бозор ривожини чеклаб турибди, бироқ паст база сабабли ўсиш салоҳияти юқори бўлиб қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, соҳа жуда ноаниқ иқтисодий ва сиёсий муҳитда ривожланишга мажбур бўлмоқда. Компаниялар фаолиятига таъсир қилувчи ноаниқлик омиллари ортиб бораётгани бизнесдан эҳтимолий шокларга — «қора оққушлар»га жиддий тайёргарликни талаб қилмоқда.

Иван Федяков.Иван Федяков.

Азиз Ғафуровнинг таъкидлашича, хорижий бизнес ташаббуслари кўпинча логистика соҳасидаги асосий инфратузилмавий ва тартибга солиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

«Инвесторлар илгари сураётган кўплаб ташаббуслар айнан ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан логистикага дахлдор масалаларни яхшилашга қаратилган. Яъни бу — йўллар, божхона, чегаралар ва масъулиятли бизнес юритиш масалаларидир», — дея аниқлик киритди у.

Азиз Ғафуров.Азиз Ғафуров.

Кўчмас мулкни бошқаришга ихтисослашган Tristan Real Estate Partners инвестиция компаниясининг бош директори Антон Калин эса замонавий омборлар қурилиши учун малакали мутахассислар етишмаслигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, замонавий омбор — бу мураккаб маҳсулот бўлиб, профессионал ёндашувни талаб қилади ва уни тегишли тажрибага эга мутахассислар қуриши керак. Ҳозирда компания бу мақсадда Россия мутахассисларини жалб қилмоқда.

Шунингдек, сессияларда мавжуд таклифнинг сифати ва вазифаси масаласи ҳам кўтарилди. Нодир Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, муаммо фақат омборлар сонида эмас, балки уларнинг сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Кўплаб омборлар бизнес талабларига жавоб бермайди, жумладан музлатиш қувватлари ва ихтисослашган бинолар етишмаслиги сабабли.

Салоҳият ва ўсиш нуқталари

Экспертлар соҳадаги бир қатор ўсиш нуқталарини ажратиб кўрсатди. Станислав Ахмедзяновнинг фикрича, бугун геосиёсий омил Ўзбекистон учун рақобат устунлигига айланмоқда.

«Масалан, ҳозир Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистонида нима юз берганини кўряпсиз… Ўзбекистонда эса барқарорлик сақланмоқда — ҳеч қандай зиддиятлар ёки санкциялар йўқ», — деди эксперт.

Яқин йилларда сектор ривожини белгилайдиган тенденциялардан бири сифатида экспертлар омбор майдонларини бўлиб юборишдан воз кечишни кўрсатмоқда. Спикерлар фикрича, кичик омборларга бўлган талаб Ўзбекистонга хос ҳолат эмас, балки бозорнинг дастлабки босқичига хос белгидир ва мамлакат аста-секин бу босқичдан чиқмоқда.

Компаниялар тарқоқ, кичик майдонларни ижарага олишга мажбур бўлаётган ҳолатни Aysel Group қурилиш компанияси тижорат директори Шерзод Раҳматуллаев «логист учун қўрқинчли туш» деб атади.

«Шахсан мен бутун Тошкент бўйлаб тарқоқ омборларга эга 10 дан ортиқ йирик дистрибьютор компанияларини биламан. Битта компанияда 30 минг квадрат метр майдон турли жойлардаги бўлаклардан иборат… Бу транспорт логистикаси харажатларини кескин оширади. Шундай компаниялардан бири 30 та автомобилдан иборат паркка қўшимча равишда 1,5 млн долларга 45 та кичик юк машиналарини сотиб олишга мажбур бўлди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир дистрибьюторлар ўнлаб минг квадрат метрдан иборат ягона омбор майдонларини жон куйдириб қидирмоқда.

Шерзод РаҳматуллаевШерзод Раҳматуллаев

Кундалик эҳтиёж товарлари дистрибьютори Balton Trading Asia бош директори Филипп Горбунов ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаб, тарқоқ омбор базалари билан ишлаш жуда самарасиз эканини таъкидлади.

«Айланма ўсиши билан самарадорликка бўлган талаб ҳам ортади. Волатиллик шароитида катта ҳажмлар билан ишлаш ёки буни профессионал операторга топшириш орқали йиллик ўртача операция харажатларини камайтириш мумкин», — деди эксперт.

Яна бир тренд — мультиҳароратли омборларга бўлган талабнинг ўсиши. Антон Калиннинг айтишича, ҳатто оддий қуруқ омборлар ҳам 25 даражагача совитишни талаб қилади, аҳоли сони, озиқ-овқат ва фармацевтика ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши билан ҳарорат режимига бўлган талаб янада ортиб боради. Мураккаб музлатиш форматларининг ривожланишида асосий драйвер макроиқтисодиёт ҳисобланади.

Минтақавий бозор ҳолати

Минтақа давлатларида омбор кўчмас мулки бозорлари жуда номутаносиб ривожланмоқда.

Қозоғистон мутлақ етакчи ҳисобланади. Бу мамлакатда сифатли омборлар умумий ҳажми 2,3 млн квадрат метрдан ошади, яна 653 минг квадрат метрдан ортиғи қурилиш босқичида. Бозор мувозанатли кўринади. 2022−2023 йиллардаги танқисликдан сўнг вакантлик даражаси бизнес учун қулай бўлган 4,9 фоиз даражасида барқарорлашган. А синф логистика мажмуалари учун ижара ставкалари ойига ҳар квадрат метр учун 10,6 доллар даражасида шаклланган.

central asia warehouse summit, омборлар

Қирғизистонда инфратузилма танқислиги кузатилмоқда — мамлакатда бўш омбор майдонлари улуши нолга тенг. А синф омборлар ижараси ҳар квадрат метр учун 14 долларни ташкил этади, бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Ҳозирги 110 минг квадрат метрлик ҳажмга қўшимча равишда девелоперлар яна 249 минг квадрат метр омборларни қурмоқда ва лойиҳалаштирмоқда.

Тожикистонда эса бозор энди шаклланмоқда — 10,7 млн аҳолига атиги 10 минг квадрат метр омбор тўғри келади. Мамлакатда А тоифадаги юқори даражали омбор объектлари мавжуд эмас. 23 минг квадрат метр омбор қурилиши маълум қилинган.

Материал IBC Global билан ахборот ҳамкорлиги доирасида тайёрланди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *