• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент Жавоҳир Синдаровни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлади – Gazeta


Кўксарой қароргоҳида шахматчи, Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдаровни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Гроссмейстер шу куни нуфузли турнир бўлиб ўтаётган Кипрдан чартер рейс билан учиб келди.

20 ёшли Жавоҳир Синдаровнинг ғалабаси Ўзбекистон учун тарихий ютуқ бўлди. У энг янги тарихда Номзодлар турнирида ғолиб чиққан мамлакатнинг биринчи вакили бўлди. Қолаверса, 14 партияда 10 очко жамғариб, бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, ҳам очколар, ҳам ғалабалар бўйича рекорд ўрнатди.

Шавкат Мирзиёев шахматчини табриклаб шундай деди: «Албатта, ҳеч бир натижа ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг замирида узоқ йиллик тинимсиз меҳнат, болаликдан орттирилган тажриба, қатъий ирода, темир интизом, ва, албатта, устоз ва мураббийларнинг сабоғи, ота-она, бобо ва бувижонларнинг дуоси мужассам».

Давлат раҳбари унинг оиласига, «ўзбек халқининг шундай муносиб ўғлини тарбиялаб вояга етказган» устоз ва мураббийларга миннатдорлик билдирди.

Бугунги кунда FIDE рейтингидаги энг кучли беш шахматчидан иккитаси Ўзбекистон вакиллари (Жавоҳир Синдаровдан ташқари, Нодирбек Абдусатторов). Президент буни миллий шахмат мактабининг салоҳияти ва халқаро нуфузи юксалиб бораётганидан далолат, деб атади.

жавоҳир синдаров, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдаровга йил якунида амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан жаҳон шахмат тожи учун бўладиган баҳсда ҳамда сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида омад тилади.

Президент Жавоҳир Синдаровга «мамлакатда, айниқса, ёшлар ўртасида шахматни оммалаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодда миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини тарбиялашдаги хизматлари, шунингдек, Кипрда бўлиб ўтган FIDE Номзодлар турнирида рекорд натижалар ва муддатидан олдин ғалаба қозонгани» учун «Меҳнат шуҳрати» орденини топширди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *