Вазирлар Маҳкамаси қарори билан педагогларга айрим давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз чегирма берилиши белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-каналида маълум қилинди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, таълим ташкилотида меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагог шахслар учун қуйидаги давлат хизматлари нархи хизматлар умумий қийматининг 50 фоизини ташкил қилиши белгиланди:
- кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари;
- муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари;
- умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш бўйича давлат хизматлари;
- тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топширишга рухсат бериш бйўича давлат хизматлари;
- расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш бўйича давлат хизматлари ва бошқалар.
Шунингдек, киритилган қўшимчаларга кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директор ва директор ўринбосарлари 5 йилда 1 маротаба ишдан ажралган ҳолда, Маданият вазирлиги томонидан ташкил қилинадиган менежерлик ўқув курсларида ўқитилиши белгиланди.
Бундан ташқари, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлардаги ўқувчиларни ўқишдан четлаштириш, бошқа йўналишга ўтказиш ва ўқувчилар ўқишини кўчириш тартиби белгиланди.
Аввалроқ Ўзбекистонда халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган хорижий университетларда педагог ходимлар ва ўқиш учун ёшларга имтиёзли таълим кредити ажратиш тартиби белгиланган эди. Кредит йилига 20 минг долларгача бўлиб, фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида белгиланади. Қарз ўқиш тугагандан кейин 7-ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
