Шавкат Мирзиёев аҳолини, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, шунингдек, бу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Қайд этилишича, бу борада асосий мақсад — уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, оила муҳитига яқин шароитда комплекс хизматлар кўрсатиш, шунингдек, парвариш билан банд бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Хусусан, 2026 йил 1 июнга қадар 0−3 ёшда ривожланишида нуқсонлар аниқланган болалар учун илк бор «Эрта аралашув» хизмати босқичма-босқич жорий этилади. Ушбу хизмат орқали махсус педагоглар ва даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари иштирокида болаларга коррекцион-педагогик ёрдам, нутқ ва жисмоний ривожлантириш машғулотлари кўрсатилади.

Хизмат нодавлат ташкилотлар томонидан махсус электрон реестр асосида йўлга қўйилади. Шунингдек, анатомик нуқсонлар билан туғилган болаларнинг қўшимча тиббий текширув ва жарроҳлик харажатлари Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб 18 ёшдан катта чуқур даражадаги ақлий заифлик ташхиси қўйилган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакиллар учун ҳар ойлик янги парваришлаш нафақаси жорий этилади.

Давлат раҳбари ижтимоий ҳимоя соҳасидаги янги механизм ва таклифларни маъқуллаб, тегишли қонун ҳужжатларини имзолади.

Аввалроқ ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорларни 2030 йил 1 январгача деярли барча солиқлардан озод қилиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилганди. Бу хизматдан фойдаланадиган ота-оналар тўловининг ойига 3 млн сўмгача бўлган қисмига солиқ солинмайдиган даромад сифатида қаралади.