Ўзбекистон ҳукумати 37 ёшли Равшан Муҳитдиновни халқаро қидирувга берди. Унинг исми Интерпол сайтидаги «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди.

Хабарда айтилишича, у Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади), 242-моддаси 2-қисми (Уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек, унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш — 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 277-моддаси 3-қисми (Безорилик — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Равшан Муҳитдинов Туркияда яшайди ва тадбиркорлик билан шуғулланади. У шунингдек, Истанбулда рўйхатдан ўтган Dünya Engelliler Vakfı (DEV, Бутунжаҳон ногиронлиги бўлган инсонлар фонди) ташкилотининг молиявий масалалар бўйича вице-президенти ҳисобланади.

Қизил билдиришнома — ҳибсга олиш учун ордер эмас, балки бутун дунё бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шахсни қидириш ва экстрадиция қилиш, топшириш ёки шунга ўхшаш юридик ҳаракатларни кутиш жараёнида уни вақтинча ҳибсга олиш ҳақидаги сўровдир. У Интерпол томонидан аъзо мамлакатнинг сўровига биноан эълон қилинади ҳамда сўров юбораётган мамлакат суд органлари томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордери ёки суд қарорига асосланади.

Аввалроқ «Ўзбекистон металлургия комбинати» бошқарувининг собиқ раиси ва инвестициялар вазири ўринбосари Дилшод Аҳмедов Интерпол орқали қидирувга берилгани хабар қилинганди. Унга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата қилиш моддаси бўйича айблов эълон қилинган.