• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қурувчилар учун ер солиғини ҳисоблаш муддатларини ўзгартириш таклиф этилмоқда


Ўзбекистонда махсус қурилиш техникаси импортига имтиёзларни тиклаш ва йирик қурилиш объектлари учун ажратилган ер участкаларига солиқни ҳисоблаш тартибини ўзгартириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент ҳузуридаги йиғилишдан сўнг қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, давлат раҳбари топшириғига кўра, вазирлик тадбиркорлар билан яқинроқ ҳамкорлик қилиш ва уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш форматига ўтмоқда.

«Президент қурилиш соҳасида жуда кўплаб тадбиркорлар ва қурувчиларни ташвишга солаётган жуда катта муаммоларни ҳал қилди. У бизга улар билан кўпроқ учрашиш, муаммоларни ўрганиш ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифасини берди», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Қурувчилар соҳадаги асосий муаммолардан бири сифатида қурилиш техникасининг эскириб қолганини айтмоқда. Вазир ўтган йилларнинг ижобий тажрибасини эслатиб, илгари қўлланилган имтиёзларни қайта жорий этишни таклиф қилди.

«2017 йилда ҳурматли президентимиз қурилиш ташкилотларига махсус техникаларни олиб киришга имтиёз берганди. Ўша пайтда — уч йил имтиёз даврида саноат жуда ўсиб, қурилиш техникалари келди. Шу таклиф қурувчилардан келганлиги учун, президент буни қўллаб-қувватлаб, яна имтиёз бериш бўйича қарор лойиҳа тайёрлашни топширди», — деди Шерзод Ҳидоятов.

Ер солиғи муддатларини ўзгартириш

Шерзод Ҳидоятов. Фото: Қурилиш вазирлиги

Унинг сўзларига кўра, амалдаги солиққа тортиш тизими қурувчи компанияларни лойиҳалар кўламига ҳар доим ҳам мос келавермайдиган қатъий вақт чекловларига солиб қўяди. Вазир ер солиғини ҳисоблаш муддатларини объект майдонига қараб дифференциация қилиш таклиф этди.

«Бугунги кунда 100 метр квадрат ёки 1000 метр квадрат ёки 50 минг метр квадрат қурилиш қилса ҳам, икки йил ер солиғидан озод қилинади. Таклиф бўлдики, 10 минг метр квадратдан катта қурилиш қиладиган объектларга уч йилгача чўздириб берилса, тежалган маблағни қурилиш соҳасини ўстиришга, ўзимизни ўстиришга ишлатамиз деди», — деди вазир.

Сифат учун жавобгарлик ва иш ҳақини ошириш

Қурилиш сифати назорати тизимига алоҳида эътибор қаратилади. Техник назорат ролини кучайтириш мақсадида президент профиль мутахассисларининг иш ҳақи фондини оширишни топширди.

«Ҳурматли президент буюртмачилар бўйича топшириқ берди. Ҳозирда ўртача иш ҳақи тахминан 5 млн сўмни ташкил этади. Уни уч баробарга ошириш вазифаси қўйилди. Техник назорат ходимлари 15 млн сўм иш ҳақи олиб, сифат учун жавоб бериши, улардан талаб ва масъулият кучайтирилиши керак», — деди вазир.

Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, мавжуд статистика ички назорат тизими самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.

14 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев қурилиш лойиҳаларининг бюрократик сабаблар билан кечикишини танқид қилди. Қайд этилишича, бундай ҳолатларда тадбиркорлар ишламаётган активлар учун солиқ ва кредит фоизларини тўлашга мажбур бўлмоқда. Ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш муддати 10 дақиқагача қисқартирилиши, бизнес вакилларига эса бош режаларни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш имконияти берилиши режалаштирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *