Хорижий ва маҳаллий ОАВда баъзи мамлакатлар бўйлаб COVID-19 нинг Цикада деб номланган янги — BA.3.2 штамми тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлартарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозиргача АҚШ, Гонконг, Мозамбик ва Буюк Британия каби 23 та давлатда ушбу мутация рўйхатга олинганини маълум қилган.
«Аслида, BA.3.2 штамми аниқланганига анча бўлган ва у бир хил тезликда тарқалмаслиги билан характерланади. Шу боис бу мутацияга 17 йилгача „уйқуга кетиши“ мумкин бўлган ва узоқ муддат борлигини сездирмайдиган ҳашарот — цикада номи берилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳали касалликнинг тарқалиш даражасини кузатиб бориш керак ва жиддий муаммолар юзага келишига асос кўрмаяпмиз, деган хулосасини маълум қилди. Қолаверса, янги штамм бошқаларига нисбатан хавфлироқ эканига доир етарли далиллар мавжуд эмас», — деди Атабеков.
Дастлабки ўрганишларга кўра, Цикада штамми Омикронга хос, ўхшаш клиник белгилар билан кечади. У нафас йўллари жароҳатланиши, яъни бурун битиши, йўтал, томоқда оғриқ, қизариш, баъзан ҳид ва таъм билмаслик каби аломатлар билан намоён бўлиши мумкин.
Мутахассислар унга катталарга нисбатан болалар кўпроқ чалинаётганини айтишмоқда. Мутахассис бу қуйидаги омил билан боғлиқ эканини тушинтирди.
«Маълумки, пандемия даврида дунё аҳолисининг катта қисми COVID-19 га қарши эмланди ва шу туфайли уларнинг қайтадан бу касалликка чалиниш эҳтимоли жуда кам. Аммо аввал коронавирус билан рўбарў келмаган, яъни организмида ҳали хасталикка қарши антитаначалар шаклланмаган болаларнинг бу вирусни юқтириш хавфи мавжуд. Сурункали касаллиги бор, нафас йўллари хасталикларидан азият чекувчилар, иммунитети заиф ва ёши катта инсонлар ҳам бу хавфдан етарли даражада ҳимояланмаган», — деди мутахассис.
Нурмат Атабеков вирус ўчоқлари аниқланган ҳудудларда бўлиб қайтган одамлар билан имкон қадар мулоқотни чеклашни тавсия қилинишини таъкидлади ва Цикада эпидемия ёки пандемияни келтириб чиқариш эҳтимолидан узоқ эканини қайд этди.
«Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор. Аҳолида коронавирус штаммига нисбатан оддий респиратор касалликларга бўлгани сингари муносабат аллақачон шаклланган. Негаки, юртдошларимизнинг қарийб 80 фоизида жамоавий иммунитет вужудга келган. Шу маънода, дунёда қайд этилаётган янги штаммлар ҳақида шов-шувли хабарлар тарқатиш тўғри эмас. Хавотирланиш учун ҳеч қандай асос йўқ», — деди Нурмат Атабеков.