• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ирина Матвиенко зўравонликка оид ишларни прокуратурага ўтказиш тўғрисидаги қонунни такомиллаштиришга чақирди


Депутатлар томонидан жинсий зўравонликка оид ишларнинг бир қисмини прокуратурага ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қонунни такомиллаштириш талаб этилади, чунки киритилган ўзгартиришлар тизимли муаммоларни ҳал қилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко маълум қилди.

Бирданига уч ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилган ҳужжатга кўра, аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий эркинлик ва жинсий дахлсизликка қарши жиноятларга оид ишлар ички ишлар органлари юритувидан прокуратура юритувига ўтказилади:

  • 118-модда (номусга тегиш);
  • 119-модда (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш);
  • 121-модда (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш);
  • 128-модда (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш);
  • 128−1-модда (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий ёки бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш);
  • 129-модда (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш).

Мазкур қарор тергов сифатининг пастлиги, далилларнинг йўқотилиши ва ИИВ терговчиларининг иш юки оғирлиги сабабли қабул қилинди, дея маълум қилди бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев. 1000 га яқин терговга қадар текширув ҳаракатлари юридик маълумотга эга бўлмаган ходимлар ўтказган.

Ирина Матвиенконинг таъкидлашича, лойиҳада расман жинсий эркинликка қарши жиноятлар бобига кирмайдиган, бироқ жинсий эксплуатация нуқтаи назаридан болалар манфаатларига бевосита дахлдор бўлган моддалар ҳисобга олинмаган. Гап Жиноят кодексининг 130-моддаси 3-қисми (вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга маҳсулотни тайёрлашга ижрочи сифатида жалб қилиш) ва 135-моддаси 2-қисми «к» банди ҳамда 3-қисми «б» банди (одам савдоси) ҳақида бормоқда.

«Жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар билан бевосита боғлиқ моддаларни санаб ўтишнинг ўзи кифоя қилмайди. Болалар манфаатларига ҳам дахлдор бўлган жиноят таркибларини таҳлил қилиш зарур. Ҳозирда бу ишларни прокуратура эмас, аввалгидек ички ишлар органлари тергов қилиши мумкин,» — дея қайд этади Nemolchi.uz лойиҳаси раҳбари.

У жиноят ишларининг терговга тегишлилигини тартибга солувчи ЖПКнинг 345-моддаси 11-қисмига алоҳида эътибор қаратди. Амалдаги нормага кўра, турли органлар терговига тегишли бўлган жиноят ишлари бирлаштирилганда, терговни юритиш оғирроқ жиноят қайси органнинг ваколатига кирса, ўша органга топширилади. Агарда жиноятлар оғирлиги ва ижтимоий хавфлилиги жиҳатидан бир-бирига тенг бўлса, иш узоқроқ муддат тергов олиб бораётган органга ўтказилади.

Эксперт шов-шувли «Хоразм иши» (Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий зўравонлик) мисолида бу қоида келажакда қандай ишлаши мумкинлигини кўрсатиб берди:

  • Иш фигурантларига (Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Анвар Курязов) 128 ва 128−1-моддалар (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) бўйича айбловлар эълон қилинган.
  • Айни пайтда, ишда 135-модда (одам савдоси) ҳам мавжуд бўлиб, унинг санкцияси анча оғирроқ (оилавий Меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худойберганова шу модда билан жавобгарликка тортилган).
  • Қонунга кўра, одам савдосини тергов қилиш ИИВ ваколатига киргани сабабли, ЖПК қоидаларига мувофиқ, шунга ўхшаш ҳолатлардаги барча бирлаштирилган ишлар ички ишлар органлари юритувида қолади.

«Одам савдоси ва айни пайтда вояга етмаганларни жинсий йўлдан оздириш билан боғлиқ ҳар қандай иш жуда катта эҳтимол билан ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқилади», — дея тасдиқлайди эксперт. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат оғирроқ жиноят таркиби, масалан, оғир тан жароҳати етказиш мавжуд бўлган бошқа ишларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.

Ирина Матвиенконинг фикрича, ўзгартиришларнинг ҳозирги таҳрири тизимли ёндашувни таъминламайди ва нормаларни бир маънода талқин қилиш ўрнига, прокурорлар томонидан «қўлда бошқариш» учун имконият қолдиради.

«Бундай коллизияларни бартараф этиш учун модданинг таклиф этилаётган таҳририни яна бир бор кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Барча қоидаларни синчковлик билан таҳлил қилмасдан туриб, таклиф этилаётган ўзгартиришлар жабрланувчиларнинг тўлиқ ҳимоясини таъминлай олмайди, бу эса ПФ-33-сонли фармон моҳиятига зид келади», — деди у.

Эксперт президент ушбу қонунни имзоламаслигига ва такомиллаштириш учун прокуратурага қайтаришига умид билдирди, чунки «бу ислоҳотлар эмас, балки бир кўзбўямачиликдир».

«Агар давлат ҳақиқатан ҳам аёллар ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришни, шунингдек, бундай жиноятларни тергов қилиш сифатини оширишни истаса, яримчала чоралар билан чекланиб қолмаслик керак. Ҳимоя комплекс бўлиши шарт», — дея таъкидлади у.

Қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинмади, депутатлар эса савол бермади

Аҳамиятлиси, қабул қилинган қонун дастлабки жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган.

Бундан ташқари, бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев маъруза қилганидан сўнг депутатлар бирорта ҳам савол бермади. Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳужжат ҳеч қачон жамоатчиликка трансляция қилинмайдиган «фракциялар йиғилишларида ҳар томонлама муҳокама қилинганини» таъкидлади, холос.

Унинг айтишича, масъул қўмита қонун лойиҳасини биринчи ўқишда ва дарҳол кейинги ўқишларда қабул қилиб, Сенатга юборишни таклиф қилган. Депутатлар қонунни бирорта ҳам қарши овозсиз қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистонда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мажбурий жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш талаби жорий этилган эди. Бироқ 2022 йил март ойидаги президент фармони билан бу талабга ўзгартириш киритилди.

Хусусан, қонунчилик ҳужжатларида «барча лойиҳалар» ибораси «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар»га, «мажбурий тартибда» ибораси эса «қоида тариқасида» деб ўзгартирилди.

Президентнинг 2024 йил 19 февралдаги қарорида «энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга» норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисидаги маълумотлар эндиликда уларни ишлаб чиқишдан олдин эълон қилиниши кўзда тутилган эди. Бу қарор «норма ижодкорлиги жараёнини халққа яқинлаштириш»га қаратилган. Аммо бу талаб кўпинча эътиборсиз қолдирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *