Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссияси Ўзбекистонга давлат секторидаги ислоҳотларни жадаллаштиришни, жумладан, рақобатдош тармоқларда фойда билан ишлаётган давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва самарасиз компанияларни тугатишни тавсия қилди.
Ташкилот экспертларининг баҳолашича, бу меҳнат унумдорлигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ва хусусий секторни ривожлантириш учун зарур.
«Аксарият давлат корхоналарининг рақобатли тармоқларда фаолият юритаётганини, шунингдек, бундай бозорларда хусусий компанияларнинг самарадорлик борасидаги афзалликлари кўплаб илмий тадқиқотлар билан тасдиқланганини ҳисобга олган ҳолда, рақобатли тармоқлардаги рентабелли давлат корхоналарини хусусийлаштириш, яшовчанлигини йўқотганларини эса бундан жабр кўрадиган ходимларни зарур даражада қўллаб-қувватлаган ҳолда тугатиш лозим», — дейилади баёнотда.
Ҳисоботда қайд этилишича, стратегик ва рақобат мавжуд бўлмаган соҳаларда ишлайдиган давлат корхоналари корпоратив бошқарув соҳасидаги қолган «заиф жиҳатлар»ни ҳамда давлат таъсири ва турли қўллаб-қувватлаш шакллари сабабли юзага келган «юмшоқ» бюджет чекловларини бартараф этишга эътибор қаратиши керак.
Хусусан, бозор стандартлари бўйича даромадлилик талабларини қатъийлаштириш, кузатув кенгашларини тайинлашда шаффофликни ошириш, бюджет компенсациясисиз амалга ошириладиган, ўзига хос бўлмаган фаолиятдан воз кечиш ҳамда аудит ва ҳисоботдорликнинг халқаро стандартларига риоя этилишини таъминлаш таклиф қилинмоқда.
Яқинда ташкил этилган Миллий инвестиция жамғармасининг ролига алоҳида эътибор қаратилади. ХВФнинг қайд этишича, унинг институционал инвесторларни жалб қилишдаги муваффақияти аниқ ваколатлар, операцион мустақиллик ва давлат корхоналарини қайта тузиш қобилиятига боғлиқ бўлади.
Шунингдек, миссия давлат бошқаруви, меҳнат бозори ва иқлим сиёсати соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Гап, хусусан, ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш ва давлат хизматчилари активларини декларациялаш тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш, аёллар бандлигини ошириш, норасмий секторни қисқартириш ҳамда малакали ишчи кучини ривожлантириш ҳақида бормоқда.
«Давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш, харажатлар самарадорлигини ошириш ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш учун муҳим қонунчилик ҳужжатларини, хусусан, қонунбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва активларни декларациялашга оид ҳужжатларни тасдиқлаш ва самарали ижросини таъминлаш зарур», — дея қайд этади ХВЖ.
Бундан ташқари, жамғарма экспертлари тармоқ регуляторлари фаолиятини кучайтириш, асосий секторларда мутлақ ҳуқуқларни бекор қилиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш билан боғлиқ ислоҳотларни якунлаш орқали иқтисодиётда бозор тартибини ва рақобатни кучайтиришга чақирди.
Уларнинг баҳосига кўра, бу хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш ва рақобатни кучайтириш имконини беради.
