Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистонга молия тизимида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган давлат тижорат банкларини давлат функцияларини бажарувчи банклар сифатида сақлаб қолиш режаларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди. Ташкилот мутахассисларининг огоҳлантиришича, бу молиявий барқарорлик учун рискларнинг ортиши ва бюджет харажатларининг кўпайишига олиб келиши мумкин.
ДТБларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда ресурсларни тақсимлаш самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. ХВЖ бу борада айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди, хусусан:
- хусусийлаштиришни амалга оширишда илғор халқаро тажрибага амал қилиш;
- тайёргарлик босқичида активлар сифатини аниқ акс эттириш;
- шаффоф тартиб-таомилларни таъминлаш ва рақобатли савдоларни ўтказиш.
Бу, ташкилот хулосасига кўра, малакали стратегик инвесторларни жалб қилиш ҳамда ҳисобдорликни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, ДТБларни баҳолашда самарадорликнинг аниқ кўрсаткичлари, фаолият натижаларининг ишончли мониторингига эътибор қаратиш керак. Тижорат ва нотижорат шартларида кредитлашни тўлиқ бухгалтерия ҳисобига олиш ва рискларни баҳолаш асосида ажратиш зарур. Молиявий кўрсаткичлар доимий равишда паст бўлиши зарур ҳолларда раҳбариятни алмаштириш учун асос бўлиши керак, яшовчанлигини йўқотган банклар эса қайта ташкил этилиши ёки тартибга солиш жараёнларидан ўтиши лозим, дейилади ХВЖ миссияси ҳисоботида.
Мутахассислар банк сектори рақобатдошлигини оширишда ДТБларини хусусийлаштиришни жадаллаштиришдан ташқари, яна бир қатор асосий устувор вазифаларни санаб ўтган, жумладан:
- директив ва имтиёзли кредитлаш дастурларини босқичма-босқич тугатиш ва уларнинг шаффофлигини ошириш;
- Марказий банкнинг операцион мустақиллигини таъминлаш;
- активларнинг тўғри таснифланишини таъминлаш;
- тўловга лаёқатлиликни стресс-тестдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш.
Шунингдек, экспертлар микрокредитлаш билан боғлиқ рискларни жиловлашда қарз олувчига йўналтирилган макропруденциал чоралар бўйича истиснолардан (ҳозирда кредитларнинг қарийб 15 фоизини қамраб олади) босқичма-босқич воз кечишни ва бундай чораларни давлат дастурлари доирасида бериладиган кредитларга ҳам қўллашни тавсия этади. Айниқса, айирбошлаш курсининг мослашувчанлиги ошиши шароитида хеджланмаган қарз олувчиларга валюта кредитлари ажратиш билан боғлиқ рискларга эътибор қаратиш ҳам муҳим.
Қолаверса, ХВЖ молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда молиявий барқарорликка путур етказмасликдан огоҳлантирган.
«Миқдорий мақсадларни кўзда тутувчи давлат кредит дастурлари кредит ресурсларининг тўловга лаёқати бўлмаган қарз олувчилар фойдасига самарасиз тақсимланишига олиб келади. Фоиз ставкаларининг юқори чегараларини белгилаш амалиётидан қочишда давом этиш лозим, чунки бу чоралар молиялаштириш имкониятларини — айниқса, риск даражаси юқори бўлган ва банк хизматларидан етарлича фойдалана олмайдиган қарз олувчилар учун — чеклаб қўяди ва норасмий секторнинг кенгайишига туртки беради», — дейилади ҳисоботда.
Молиявий оммабопликнинг янада барқарор ривожланишига банк секторида рақобатни кучайтириш, кредит маълумотларидан фойдаланишни кенгайтириш, кредит скоринги моделларини ва воситаларини такомиллаштириш, тўлов тизимлари ва рақамли инфратузилмани модернизация қилиш, молиявий саводхонликни ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш орқали эришиш мумкин.
