Ekolog.uz Telegram канали Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида бир гуруҳ эркаклар лолазорни автомобилларда пайҳон қилгани акс этган видеони эълон қилди. Ҳолат Экология ва иқлим ўзгариши ва Ички ишлар бошқармалари томонидан ўрганилди.
Бошқармага кўра, ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар белгиланган тартибда аниқланиб, уларга тегишли транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилган.
Фото: Экология қўмитаси
Мутасаддилар ҳисоб-китобига кўра, мазкур ҳаракатлар оқибатида табиатга 6 миллион 592 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Шунингдек, уч нафар ҳуқуқбузарнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан — 20 миллион 600 минг сўмдан, жами 61 миллион 800 минг сўм жарима тайинланган. Ҳуқуқбузарлар жарима ва етказилган зарарни тўлиқ қоплаши белгиланди.
Экология қўмитаси фуқароларни атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, ўсимликларни асраб-авайлашга чақирди. Таъкидланишича, экологик ҳуқуқбузарликлар қатъий жавобгарликка сабаб бўлади.
