Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев «Ялла» ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон ва Қозоғистон халқ артисти Фаррух Зокировни 80 ёшга тўлгани билан табриклади. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қасим-Жомарт Тоқаев маданият ва мусиқа санъатини ривожлантириш, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Фаррух Зокировни II даражали «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
«Туғма истеъдодингиз, туганмас ҳаётий қувватингиз ва ноёб меҳнатсеварлигингиз туфайли бутун дунёдаги миллионлаб мухлисларингизнинг самимий меҳрини қозондингиз. Сизнинг санъатингиз узоқ йиллардан бери турли авлод ва халқларни бирлаштириб келмоқда. Қозоғистонда сизни бутун бир даврнинг маданий ҳодисасига айланган афсонавий „Ялла“ ансамбли ижросидаги бетакрор овозингиз ва машҳур қўшиқларингиз учун қадрлашади», — дейилади Қозоғистон президентининг табригида.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фаррух Зокировни юбилейи муносабати билан «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлаган эди. Бундан ташқари, давлат раҳбари қарорига кўра, Тошкент шаҳридаги 7-сонли мусиқа ва санъат мактабига хонанданинг номи берилди.
