• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ХВЖ Ўзбекистонга 2026 йилда бюджет харажатлари ўсишини белгиланган даражадан оширмасликни тавсия қилди



Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонга 2026 йил давомида бюджет харажатлари ўсишини бюджетда белгиланган даражадан оширмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг апрель бошида Ўзбекистонда бўлган миссияси ҳисоботида айтилади.

ХВЖга кўра, олтин нархининг ўзгарувчан динамикаси фонида бюджет даромадлари режадан ортиқ бажарилиши эҳтимоли юқори бўлиб, бундай шароитда йил давомида харажатлар режадан ташқари ўсишини имкон қадар чеклаш муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, юқори ички талаб, нефть нархларининг кўтарилиши, савдо ва логистикадаги узилишлар туфайли юзага келадиган инфляцион босим кучайишининг олдини олади.

Яқин Шарқдаги урушнинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган ҳар қандай чора-тадбирлар доирасида субсидиялар ва нархларни тартибга солишдан воз кечиш лозим, дейилади ХВЖ ҳисоботида. Чунки бу катта миқдордаги бюджет харажатларига олиб келади ва бозор мувозанатини бузади, қолаверса, уларни бекор қилиш қийин кечади.

ХВЖ бу борада фақатгина аҳолининг заиф қатламларини рағбатлантириш мақсадида вақтинчалик ва манзилли дастурларни илгари суришни тавсия қилади.

Шу билан бирга, харажатлар самарадорлигини оширишга қаратилган, жумладан, қуйидаги ислоҳотларни давом эттириш мақсадга мувофиқ:

  • иш ҳақи фондини оптималлаштириш;
  • давлат корхоналарини бюджетдан қўллаб-қувватлашни босқичма-босқич тугатиш;
  • давлат харидлари соҳасини ислоҳ қилиш;
  • ижтимоий ёрдам дастурларини бирлаштириш.

ХВЖ мутахассислари, шунингдек, 2027 йилги бюджетдан бошлаб фойдали қазилмалардан тушумларни ҳисобга олмаган ҳолда номинал бирламчи тақчилликнинг юқори чегарасини белгилашни ҳам тавсия қилмоқда. Бу умумий тақчилликнинг амалдаги 3 фоизлик мақсадли кўрсаткичига қўшимча равишда бўлиб, фойдали қазилмаларни қазиб олишдан тушадиган ўзгарувчан даромадларни бошқариш механизмини мустаҳкамлаш учун зарур. Қолаверса, номинал бирламчи тақчиллик бюджет ҳолатини янада аниқроқ баҳолаш имконини беради.

Ўрта муддатли даромадлар стратегияси

ХВЖ бюджет даромадларини ошириш учун ўрта муддатли даромадлар стратегиясини илгари суришда янада олдинга силжишни тавсия қилади. Бу аҳолининг соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари ҳамда инфратузилмага бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларини молиялаштириш, шунингдек, солиқ тушумларининг ЯИМга нисбати пасайиши муаммосини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга.

Ташкилот мутахассислари бу борада, жумладан, қуйидаги чора-тадбирларни санаб ўтади:

  • айрим турдаги товарлар учун акциз солиғи ставкаларини ошириш;
  • фойда солиғи бўйича янги солиқ имтиёзларини — солиқ таътиллари ва пасайтирилган ставкаларни — тақдим этмаслик, эскиларини эса босқичма-босқич бекор қилиш;
  • фойда солиғидан озод қилишга ва қонунчиликда кўзда тутилмаган божхона божидан озод қилишга чек қўйиш.

Бу чора-тадбирларга қўшимча равишда бюджет даромадлари устидан маъмурчиликни кучайтириш, жумладан, ХВЖ кўмагида тайёрланган 2025−2030 йилларга мўлжалланган Солиқ маъмурчилигини ислоҳ қилиш стратегиясини ҳамда Божхона ислоҳотлари стратегиясини тасдиқлаш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Айни пайтда, даромадлар ўсишига эришишда ҚҚСни қайтариш бўйича қарздорлик йиғилиб қолишига йўл қўймаслик ва мавжуд қарздорлик бартараф этилишини таъминлаш зарур, дейилади ХВЖ ҳисоботида.

ХВЖ аввал ҳам Ўзбекистонни олтиндан даромадлар ҳисобига давлат харажатлари ўсишини чеклашга чақириб, «шусиз ҳам юқори талабга эга» иқтисодиётнинг «қизиб кетишидан» огоҳлантирган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *