Ўзбекистонда 18 апрелдан 18 майга қадар «Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена» ойлиги эълон қилинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Фермерлар кенгаши қўшма мурожаат эълон қилди.
Хабарда бугунги кунда хорижий мамлакатларда чорва ҳайвонлари орасида турли янги касалликлар юзага келаётгани, хусусан, чорва моллари ўртасида оқсил (яшур) касаллиги тарқалиш хавфи кенгаяётгани ҳақида сўз боради.
Аввалроқ Gazeta мазкур вазиятни Россия, Хитой ва Қозоғистон мисолида кўриб чиққанди: 2025 йил охирида Россияда чорва молларини оммавий сўйиш бошланган. Ҳукумат бунга пастереллёз ва қутуришни сабаб қилиб кўрсатган, аммо, экспертларга кўра, гап оқсил ҳақида кетмоқда. Апрелда эса Хитойнинг икки провинциясида оқсил авж олган. Қозоғистон барча чорва молларини зудлик билан эмлашни эълон қилган.
«Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти маълумотига кўра, 2025−2026 йилларда 48 та давлатда ушбу касалликнинг янги САТ типлари қайд этилган бўлиб, амалда қўлланаётган вакциналар бу типларга қарши тўлиқ ҳимоя қилмайди. Шу сабабли касаллик тарқалишининг олдини олишда барча фермер ва чорвадорларнинг масъулияти ва фаол иштироки ниҳоятда муҳим ҳисобланади», — дейилади мурожаатда.
Шу муносабат билан, хўжалик ва фермаларда ветеринария-санитария тартибларига қатъий риоя қилиш, кириш жойларида дезинфекция воситаларини ташкил этиш, бегона шахслар ва транспорт воситаларининг киришини чеклаш, ҳайвонларни сақлашда зоогигиеник талабларга амал қилиш, уларни сифатли озуқа ва тоза сув билан таъминлаш, ҳудудни доимий тозаликда сақлаш ҳамда зарарли жониворларга қарши курашиш зарурлиги таъкидланмоқда.
«Агар ҳайвонларда касалликка шубҳа туғилса, уларни дарҳол бошқалардан ажратиш, ветеринар келгунига қадар изоляция қилиш ва ҳеч қандай дори воситаларини мустақил қўлламаслик талаб этилади».
Оқсил касаллиги аломатлари — юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғида ва туёқларда яралар, елинда шикастланишлар кузатилганда, зудлик билан ветеринария врачига мурожаат қилиш шарт. Бундай ҳолатларда биноларни дезинфекция қилиш, ҳайвон маҳсулотларини ҳудуддан ташқарига чиқармаслик ва сутни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик лозим.
Чорва ҳайвонларини ўз вақтида эмлаш касалликнинг олдини олишда энг самарали чорадир, дейди вазирлик. Қорамоллар йилига икки марта (баҳор ва кузда), қўйлар эса йилига бир марта эмланиши зарур. Зарур ҳолларда 2,5−3 ойликдан катта барча ҳайвонлар мажбурий эмланади ва эмлашдан сўнг 15−21 кун ичида иммунитет шаклланади.
Идора ҳар қандай касаллик аломатлари кузатилганда, (71−202−12−00, ички: 210, 218, 323) рақамлари орқали мутахассисларга мурожаат қилишни сўради.
Касалликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар тўплами (қўлланма):



