Россиянинг Владикавказ ҳудудида чиқинди контейнерларини ортиш чоғида юз берган портлаш оқибатида коммунал хизмат ходими бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлди. Бу ҳақда Шимолий Осетия раҳбари Сергей Меняйлога таяниб, ТАСС хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 17 апрель куни эрталаб Владикавказнинг Интернационал кўчаси ва Партизанский тор кўчаси чорраҳасида чиқинди контейнерларини ортиш вақтида портлаш юз берган. Оқибатда ўша пайтда ҳудудни тозалаш ишларини олиб бораётган коммунал хизмат ходими ҳалок бўлган.
«Марҳумнинг 5 нафар фарзанди бор эди», дейди унинг ҳамкасби, «Спецэкосервис» ходими Буниат Широв. Прокуратура текширув ташкил қилган. РФ Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми (Эҳтиётсизлик ортидан ўлимга сабаб бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Меняйлонинг хабар беришича, дастлабки маълумотларга кўра, чиқинди контейнери ичидаги портловчи буюмлар фавқулодда ҳолатга сабаб бўлган.
