• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Колонка. Ўзбекистонда болалар адабиётини ривожлантиришда халқаро мукофотлар лауреатлари асарларини таржима қилиш нега муҳим?


Болоньяда (Италия) ўтган Халқаро болалар ва ўсмирлар адабиёти ярмаркасида Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги нуфузли халқаро мукофотнинг лауреатлари эълон қилинди. «Муаллиф» номинациясига болалар ёзувчиси ва шоири Майкл Розен (Буюк Британия), «Иллюстратор» номинациясига эса рассом-безакчи Цай Гао (Хитой) муносиб деб топилди.

Ёзувчи, Нордик халқаро университети доценти Динара Мўминова Gazeta учун тайёрлаган рукнида ушбу воқеанинг бутунжаҳон болалар адабиётидаги аҳамияти ва совриндорлар китобларини ўзбек тилига таржима қилиш нима учун зарурлиги ҳақида сўз юритади.

Мукофотнинг тарихи ва аҳамияти

Болалар адабиёти соҳасидаги «Нобел» дея эътироф этиладиган ушбу мукофот 1956 йилда Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши (IBBY) томонидан таъсис этилган. Ташаббус муаллифи — таниқли немис ёзувчиси ва журналисти Йелла Лепман. У дунёни айнан болалар яхши томонга ўзгартира олишига ишонган. Бунинг учун уларга — болалиги уруш йилларига тўғри келган мурғак қалбларга қувониш ҳиссини, у билан бирга келажакка умид ва ишончни қайтариш лозим эди. Бунга эса китоблар қодир.

Мазкур мукофот болалар адабиётини ривожлантиришга қўшилган салмоқли ҳисса учун ҳар икки йилда бир марта топширилади. 1966 йилгача фақат ёзувчилар тақдирланган, шундан сўнг рассом-иллюстраторлар учун ҳам алоҳида номинация жорий этилган. Лауреатларнинг китоблари турли тилларга таржима қилинади, халқаро китоб кўргазмаларида муҳокама қилинади ва таълим дастурларига киритилади.

2026 йилги мукофот ғолиблари. Фото: ibby.org

Мукофот финалистларини саралаш бир неча ой давом этади. Аввалига IBBY миллий бўлинмалари номзодларни — ҳар бир мамлакатдан биттадан муаллиф ва иллюстраторни тавсия қилади. Шундан сўнг болалар адабиёти соҳаси мутахассисларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати уларнинг асарларини ўқиб, таҳлил қилади. Баҳолашда асарнинг бадиий сифати, ўзига хослиги, бола билан тенг мулоқот қила олиш маҳорати ва асарларнинг ўқувчига таъсири инобатга олинади. Саралаш якунида қисқа рўйхат (short-list) тузилиб, ғолиблар ана шу рўйхатдан танлаб олинади.

IBBY маълумотларига кўра, 2026 йилда ҳакамлар ҳайъати нафақат матн ва иллюстрациялар сифатига, балки муаллифларнинг бола билан мураккаб мавзуларда соддалаштиришларсиз сўзлаша олиш қобилиятига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Маданий контекст, янгича ёндашув ва дунёга бола нигоҳи билан қараш муҳим мезонлар бўлди. Рақамли даврда яшаётган болалар учун мавзулар хилма-хиллиги ва долзарблигининг аҳамиятига янада яққолроқ урғу берилди — ёмон типратиканлар ва яхши қуёнчалар ҳақидаги ҳикоялар билан уларнинг диққатини тортиб бўлмайди.

Мукофотнинг қисқа рўйхатидан турли мамлакатлар ва адабий жанрлар вакиллари бўлган олти нафар ёзувчи ҳамда шунча рассом ўрин олган.

«Муаллиф» номинациясида мукофот британиялик болалар ёзувчиси ва шоири Майкл Розенга тақдим этилди. Унинг китоблари жонли тили, болаларча идрокка яқинлиги ва ҳазил-мутойибага бойлиги билан ажралиб туради. Болалар адабиётида ҳазилнинг аҳамияти шундаки, у мураккаб мавзуларни бола учун қулай ва хавфсиз тарзда етказиб беради. Кулги орқали қўрқувлар, хатолар, ишончсизлик ва ҳатто жиддий ҳаётий вазиятлар ҳақида ҳам гапириш мумкин, токи бола чўчимасин, аксинча, бўлаётган воқеаларни тушуниб, қабул қила олсин. Бундан ташқари, юмор бола ва китоб ўртасида ҳиссий ришта боғлайди. Бола матнга ишонч билан қарай бошлайди, мутолаадан завқланиб, унга қайта-қайта мурожаат қилади. Майкл Розеннинг тушунтиришича, болалар адабиётидаги юмор шунчаки эрмак эмас, балки хавотирларни енгиш усулидир. Унинг сўзларига кўра, болалар кўпинча ўзларини дунёда «чекланган ваколатларга эга одамлар» деб билишади ва кулги уларга назорат ҳиссини қайтаришга ёрдам беради.

Унинг Ҳелен Оксенбери томонидан ишланган иллюстрациялар билан бойитилган «Айиқ овига борамиз» (Weʼre Going on a Bear Hunt) номли расмли китоби бутун дунё бўйлаб миллионлаб нусхада тарқалган. Бу — кутилмаганда айиқ овига айланиб кетган оилавий саёҳат ҳақидаги ҳикоя. Майкл Розен кўпинча болалар учун шеърий тўпламлар тузувчиси сифатида ҳам майдонга чиқади. Бу тўпламлардан Уилям Шекспир, Эмили Дикинсон ва бошқаларнинг шеърлари ўрин олган. У, шунингдек, «Золушка», «Оппоғой», «Гензель ва Гретель» каби эртакларни замонавий руҳда қайта ҳикоя қилган ёзувчи сифатида ҳам танилган.

Майкл Розен ўсмирлар учун мўлжалланган асарларида ирқчилик, давосиз хасталиклар, яқин кишисини йўқотиш каби жиддий мавзуларга мурожаат қилади. 2024 йилда «Майкл Розеннинг ғамгин китоби» (Michael Rosen’s Sad Book) нашр этилди. Унда ёзувчи менингитдан вафот этган 18 ёшли ўғлининг ўлимини қандай енгиб ўтгани ҳақида ҳикоя қилади.

Ҳакамлар ҳайъати «Иллюстратор» номинациясида Цай Гаони — ўзининг экспериментал графикаси ва дадил тасвирий ечимлари билан танилган хитойлик рассомни ғолиб деб топди. Унинг услуби эркин композиция, ёруғлик ва соя қарама-қаршилиги, мавҳум ва реалистик унсурларнинг уйғунлиги билан ажралиб туради. Бу ҳам халқ санъатидан илҳомланган асарларида («Баоэр»), ҳам Хитой адабий рангтасвири анъаналарига ишора қилувчи лойиҳаларида («Шафтоли гуллаган диёр») яққол кўзга ташланади. Бундай ёндашув болага тасвирни бир ҳикоя сифатида кўриб чиқишга ҳамда ундан янги тафсилот ва маънолар топишга имкон беради.

Цай Гао болаликни қувонч, тасаввур ва ички юксалиш манбаи деб билади. У ўз китобларида болага дунёга очиқ нигоҳ билан қарашни ва кундалик ҳаётни кашфиётлар учун макон сифатида қабул қилишни таклиф этиб, «бахт уруғларини экиш»га интилади.

Халқаро мукофотлар совриндорларининг китобларини нима учун таржима қилиш керак?

Мукофот лауреатлари замонавий болалар адабиёти учун йўналишларни белгилаб беради. Уларнинг китоблари бугунги кунда болалар учун қайси мавзулар муҳимлигини ва улар билан бу ҳақда қандай суҳбатлашиш кераклигини кўрсатади, мураккаб мавзуларни муҳокама қилишга ёрдам беради, ҳамдардлик туйғусини ривожлантиради ҳамда қийинчиликларни енгиб ўтишни ўргатади.

Замонавий болалар китоблари тобора кўпроқ мустақил, фикр юритадиган шахсни шакллантирмоқда. У одамларни яхши ва ёмонга, дунёни эса адолатли ва адолатсизга ажратадиган, муаммолар сеҳрли таёқча билан ҳал бўлишига ишонадиган шахс эмас, балки бағрикенглик ва ҳамдардлик сифатларига эга, таҳлил қилишга, қарор қабул қилишга ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммасига олишга лаёқатли вояга етган инсонни тарбиялайди.

Жаҳон эътирофига сазовор бўлган китобларни ўрганиш маҳаллий муаллифларга замон руҳига мос келадиган ва болалар қалбига етиб бора оладиган замонавий ҳикоялар тузилишини англаш, шунингдек, ҳикоя қилишнинг долзарб педагогик-психологик ва адабий ёндашувлари билан танишиш учун зарур. Бу ёзувчилар матн ва расмлар орқали маданий код ҳамда таълимий қадриятларни кичик китобхонларга қай тарзда етказаётганини кўриш имконини беради.

болалар адабиёти, динара мўминова, ҳанс кристиан андерсен номидаги халқаро мукофот

Муаллиф сурати.

Халқаро контекстга шўнғиш миллий адабиёт тараққиётига бевосита таъсир кўрсатади бундай амалиёт илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши, болага чинакам ёрдам берадиган ва уни қўллаб-қувватлайдиган, онгли китобхонлар ва масъулиятли шахсларнинг янги авлодини шакллантирадиган маҳаллий китобларнинг пайдо бўлишига туртки бериши мумкин. Қолаверса, жаҳон миқёсида тан олинган болалар адабиётини ўрганиш — бу маҳаллий бозорда нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам харидоргир бўладиган рақобатбардош китобларнинг пайдо бўлиши сари қўйилган қадамдир.

Бугунги ўзбек болалар адабиётида жанрлар танқислиги яққол сезилади. Маҳаллий муаллифлар ва иллюстратор-рассомлар қаламига мансуб детектив, фэнтези, фантастика, нон-фикшн, комикс, мактаб ҳикоялари, тарихий қиссалар, ўсмирлар учун романлар, терапевтик ва «қўрқинчли» ҳикоялар, шунингдек, «сўзсиз китоблар» деярли учрамайди. Визуал тил ҳам бир қадар чекланган: турли техникалар, фактура ва ранглар билан ишлаш, миллий маданият билан уйғунлашган замонавий бадиий ёндашувлар қўлланилган нашрлар кам, ҳолбуки XXI аср жаҳон болалар адабиёти матнда ҳам, тасвирда ҳам жадал ривожланмоқда.

Халқаро миқёсда эътироф этилган болалар адабиётини таржима қилиш ва ўрганиш муҳим аҳамиятга эга, чунки Андерсен мукофоти лауреатларининг асарлари қатъий саралашдан ўтказилади ҳамда турли мамлакатлардаги болалар учун тушунарли бўлган умумбашарий мазмуни учун тан олинади. Бу китоблар психология, педагогика ва санъатдаги замонавий ёндашувларни ўзида мужассам этгани боис адабиёт ривожи учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши мумкин.

болалар адабиёти, динара мўминова, ҳанс кристиан андерсен номидаги халқаро мукофот

Швейцариялик ёзувчи Герман Зуллонинг «Митти қушча» китоби. Муаллиф сурати.

Кўплаб мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай китобларни мунтазам равишда таржима қилиш маҳаллий болалар адабиёти сифатини оширишга, муаллифларнинг ижодий ўсишига ва вақт ўтиб халқаро даражага чиқишига ёрдам беради.

Масалан, Хитойда 2010 йилларнинг бошидан Anhui Children’с Publishing House етакчи нашриёти Андерсен мукофоти совриндорларининг китобларини таржима қилиш ва нашр этиш бўйича йирик лойиҳани йўлга қўйди. Лойиҳа доирасида 50 га яқин нашр ва бир нечта туркум китоблар чоп этилди. Бундан кўзланган мақсад — маҳаллий муаллифлар, рассомлар ва китобхонларни энг сара халқаро асарлар билан таништириш ҳамда уларнинг мутолаа савиясини юксалтириш. Лойиҳани IBBY`нинг миллий бўлинмаси қўллаб-қувватлади ва уни болалар мутолаасини ривожлантиришга қўшилган ҳисса сифатида баҳолади. Бугунги кунда Хитойда болалар адабиёти жадал ривожланмоқда, мамлакат муаллифлари эса халқаро мукофотларнинг қисқа рўйхатларидан тобора кўпроқ ўрин олиб, совриндорларга айланмоқда.

болалар адабиёти, динара мўминова, ҳанс кристиан андерсен номидаги халқаро мукофот

Жанубий кореялик ёзувчи ва рассом Сьюзи Лининг «Бу кичкина китобчани оч» асари. Муаллиф сурати.

Япония Халқаро болалар адабиёти кутубхонаси мунтазам равишда Андерсен мукофоти совриндорлари ва IBBY Фахрий рўйхатига (Honour List) киритилганларга бағишланган кўргазма ва дастурлар ўтказиб туради. Бундай ташаббуслар болалар ва педагогларни хорижий китоблар билан таништиради ҳамда таржима асарларга бўлган қизиқишни рағбатлантиради. Шу билан бирга, япон болалар адабиётининг ўзи ҳам фаол таржима қилинади ва мамлакат ташқарисида унга талаб юқори.

Жанубий Кореяда мукофот совриндорларининг китоблари фақат кутубхона фондлари учун эмас: улардан таълим амалиётида фойдаланилади ва маҳаллий китоб маданиятини ривожлантиришнинг бир йўналиши сифатида қаралади. Бу амалда ўз самарасини бермоқда: корейс муаллифлари ва рассомлари мунтазам равишда халқаро мукофотлар, жумладан, Андерсен мукофоти ва Астрид Линдгрен хотирасига бағишланган мукофотни (ALMA) қўлга киритмоқда.

Ўзбекистон болалар адабиётини ривожлантириш учун нима қилиши мумкин?

Халқаро болалар адабиётини таржима қилиш ва ўрганиш ўзга тажрибани ўзлаштириш эмас, балки ўзига хос услубни яратиш йўлидир. Бу ерда гап замонавий бадиий ва тасвирий ечимлар миллий маданият ҳамда қадриятлар билан уйғунлашган ўзбек болалар китобини шакллантириш ҳақида кетмоқда. Халқаро тажриба бола билан мураккаб мавзулар ҳақида содда тилда қандай суҳбатлашиш ва маҳаллий ҳикояларни кенгроқ аудиторияга тушунарли тарзда етказиш мумкинлигини кўрсатади.

болалар адабиёти, динара мўминова, ҳанс кристиан андерсен номидаги халқаро мукофот

Т. Муҳамедовнинг Корней Чуковский қаламига мансуб «Бармалей» китобига ишлаган иллюстрациялари, 1969 йил.

Айни пайтда маданий муҳитни ҳисобга олиш муҳим. Ҳар қандай хорижий адабиёт ҳам маҳаллий бозорга мос келавермайди — саралаш зарур. Бугун бозорда рус ва бошқа тиллардаги китоблар кўп, бироқ ота-оналар ва педагоглар кўпинча қайси бирини танлашни билмайди. Шу нуқтаи назардан, халқаро экспертизадан ўтган, айни пайтда жамиятнинг маданий ва ахлоқий қадриятларига мос келадиган нашрлар муҳим аҳамиятга эга. Улар яхши болалар адабиётини излаш ва танлаш жараёнида ўзига хос маёқ вазифасини ўташи мумкин.

Сифатли китоблар ҳикоячиликнинг умумий тилини шакллантиради, ҳиссиётлар, ижтимоий мавзулар ва тасаввур билан ишлашга оид ёндашувларни ривожлантиради. Ўзбекистонда XX аср болалар адабиётининг мустаҳкам анъанаси аллақачон мавжуд. У муаллиф, рассом ва нашриёт ҳамкорлигидаги меҳнат самараси сифатида яратилган. Ғафур Ғулом, Мирмуҳсин, Қуддус Муҳаммадий, Раим Фарҳодий, Шукур Саъдулла, Пўлат Мўмин, Анвар Обиджон, Худойберди Тўхтабоев ва бошқалар шулар жумласидан. Уларнинг китоблари кўп жиҳатдан Усто Мўмин, Т. Муҳамедов, Г. Маковская, Л. Даватц, Р. Ҳилолов, В. Апухтин каби моҳир рассомларнинг безаклари туфайли танилган.

болалар адабиёти, динара мўминова, ҳанс кристиан андерсен номидаги халқаро мукофот

«Алпомиш». Г. Маковская иллюстрациялари, 1965 йил.

Бугун мамлакат олдида муҳим вазифа турибди: бола билан у тушунадиган тилда сўзлашадиган, унинг тажрибаси ва маданий муҳитини акс эттирадиган, психологияси, кундалик қувонч-у қўрқувларини, шунингдек, реал ижтимоий ва оилавий вазиятларни ҳисобга оладиган Янги Ўзбекистон болалар адабиётини яратиш. Гап ўтмишдаги андозаларга қайтиш ҳақида эмас, балки болалар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб ёндашувлари ва халқаро тажрибасини инобатга олган ҳолда олға силжиш ҳақида бормоқда.

Ҳозирнинг ўзида қуйидаги қадамларни қўйиш мумкин:

  • Давлат даражасида — ҳар икки йилда бир марта — Андерсен ва Астрид Линдгрен хотираси халқаро мукофотлари, Жон Ньюбери, Карнеги, Кальдекотт ва Кейт Гринуэй медаллари, BolognaRagazzi Award билан тақдирланган муаллифлар ва иллюстраторларнинг асарларини саралаб олиш.
  • Муаллифлар ва иллюстраторлар учун халқаро экспертлар иштирокида мунтазам равишда таълим дастурларини ташкил этиш.
  • Болалар адабиётини ўзбек тилига сифатли таржима қилиш тизимини соҳа мутахассислари — психологлар, педагоглар, лингвистларни жалб этган ҳолда ривожлантириш. Бу соҳадаги фаолият нафақат лингвистик аниқликни, балки болалар психологияси ва маданий муҳитни тушунишни ҳам талаб қилади. Муваффақиятли таржима китобнинг янги муҳитда қабул қилинишига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин — масалан, Астрид Линдгреннинг Миттивой ва Карлсон ҳақидаги ҳикоялари билан айнан шундай бўлган.
  • Таржима қилинган китоблар асосида маҳаллий муаллифлар ва мутахассислар иштирокида касбий муҳокамалар, семинарлар ва учрашувлар ўтказиш.
  • Болалар адабиётини илмий ўрганишни ривожлантириш ва унинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш.
  • Кутубхоналар ва мактабларда жаҳон болалар адабиётига бағишланган мавзули кунлар ўтказиш.
  • Алоҳида сана — Ўзбекистон болалар китоби куни ёки Ўзбек болалар адабиёти кунини таъсис этиш ва бу кунда халқаро анжуманларни ҳам ўз ичига олган касбий ва маърифий тадбирларни ташкил этиш.

Халқаро болалар адабиёти билан тизимли ишлаш — асарларни танлашдан тортиб, уларни ўрганишгача — биринчи навбатда мамлакатнинг ёш авлодига тушунарли бўлган ўзига хос бадиий услуб ва тилнинг пайдо бўлишига ёрдам беради. Натижада болага мустақил шахс сифатида ёндашадиган, сермазмун, ўзига хос ва жамият учун муҳим маданий манбага айлана оладиган замонавий болалар адабиётимиз шаклланиши мумкин. Маҳаллий даражадаги эътироф эса халқаро миқёсда қизиқиш уйғотади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *