18 апрель куни Бухоронинг тарихий қисмида Samarkand Marathon туркумига кирувчи бешинчи халқаро хайрия югуриш мусобақаси — Bukhara Night Race 2026 ўтказилди. Бу йилги тадбирда иштирокчилар географияси кенгайди ва 10 км масофада янги рекорд қайд этилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган марафон масофалари 5, 10 ва 21,1 км (ярим марафон) ни ташкил этиб, иштирокчилар орасида нафақат профессионал спортчилар, балки ҳаваскор югурувчилар ва скандинавча юриш ихлосмандлари ҳам бор эди. Шунингдек, болалар учун алоҳида масофада югуриш баҳслари ўтказилди.
Бу йилги тунги югуришда 26 давлатдан (жумладан, АҚШ, Япония, Буюк Британия, Франция ва қўшни Марказий Осиё мамлакатлари) 3500 дан ортиқ иштирокчи ва меҳмонларни бирлаштирди. Югурувчиларнинг ёши 3 дан 79 ёшгача бўлди.
Мусобақанинг старт ва финиш нуқтаси анъанавий равишда Арк қўрғони ёнида жойлашди. Марафон йўналиши шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, хусусан, Пойи Калон ансамбли, Лаби Ҳовуз мажмуаси, Тоқи Телпакфурушон ва Абдуллахон каби тарихий обидалар орқали ўтди. Тунги вақтда обидаларнинг махсус ёритилиши мусобақа учун ўзига хос атмосфера яратди.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида пойга ўтказиладиган кўчаларда ҳаракат вақтинча чекланди ва бутун йўналиш бўйлаб тиббий ёрдам ҳамда волонтёрлар навбатчилиги ташкил этилди
Бу йилги марафоннинг асосий воқеаси 10 км масофада трасса рекордининг янгиланиши бўлди. Россиялик Ринас Ахмадеев масофани 28:42 натижа билан босиб ўтиб, 2024 йилдаги рекордни (30:15) деярли бир ярим дақиқага яхшилади.
Ғолиблар ва мукофот жамғармаси
21,1 км ва 10 км масофалар World Athletics ва AIMS томонидан сертификатланган бўлиб, ғолиблар қуйидагича тақдирланди:
21,1 км (ярим марафон):
Эркаклар:
- Андрей Петров (01:06:07);
- Евгений Фадеев;
- Бахтиёр Ўткиров.
Аёллар:
- Екатерина Тунгускова (01:20:47);
- Садафбону Нусратиллоева;
- Арофат Имомалиева.
Мукофотлар: 1-ўрин — 16 млн, 2-ўрин — 13 млн, 3-ўрин — 11 млн сўм.
10 км:
Эркаклар:
- Ринас Ахмадеев (28:42)
- Элдор Ботиров;
- Илҳом Назаров.
Ринас Ахмадеев.
Аёллар:
- Анастасия Слепнева (38:13);
- Анна Корнилова;
- Маржона Сайдуллаева.
Мукофотлар: 1-ўрин — 7 млн, 2-ўрин — 4 млн, 3-ўрин — 3 млн сўм.
Шунингдек, 5 км масофа ғолибларига махсус кубоклар топширилди.

Янги формат ва экологик ташаббус
Бу йил илк бор 100 дан ортиқ иштирокчи учун шаҳар бўйлаб марафон экскурсияси ташкил этилди. Бунда спорт ва шаҳар тарихини ўрганиш бирлаштирилди.
Шунингдек, «Аввалгидан тозароқ» дастури доирасида плоггинг (югуриш вақтида чиқинди йиғиш) тадбири ўтказилиб, шаҳар тозалигига ҳисса қўшилди.




Марафон оқшоми дижейлар иштирокидаги мусиқий дастур билан якунланди. Навбатдаги йирик югуриш тадбири 13−14 июнь кунлари Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги тоғ ёнбағирларида ўтказилиши режалаштирилган. Батафсил маълумотни samarkandmarathon.uz сайтидан олиш мумкин.
