• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2025 йилда Олий таълим вазирлиги тизимидаги 81 ходим коррупция бўйича судланди



2025 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги 81 нафар ходим коррупцияга оид турли жиноятлар бўйича судланган. Бу ҳақда 15 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик бўлим бошлиғи Шуҳрат Ёдгоров маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Унинг айтишича, тизимда коррупцион ҳолатлар йил сайин камайиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, 2023 йилда 106 нафар ходим, 2024 йил 90 киши коррупцион жиноятлар билан судланган.

«Олий таълим вазирлиги тизимида жами 1000 га яқин муассаса: 207 та олий ўқув юрти, 650 дан зиёд касбий таълим ташкилотлари ва бошқалар фаолият юритади. Биз статистикани нафақат вазирлик марказий аппарати, балки бутун тизим бўйича шакллантирамиз. Гумонланувчи сифатида қўлга олинган ходимларнинг баъзилари суд жараёнидан кейин айбсиз бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Шу боис суд қарорлари асосида таҳлил олиб борамиз. Ўтган йили тизимдаги 81 нафар ходимга нисбатан суд ҳукмлари ўқилган», — дейди Шуҳрат Ёдгоров.

«81 ходимнинг барчаси ҳам фақат пора олиш ва бериш билан айбли деб топилмаган. Улар орасида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик каби жиноятга қўл урганлар бор. Содир этилган жиноятларнинг 8 фоизи пул олди-берди ҳолатларини ташкил этган. Тизимда контингент кенгайиб боряпти. Аммо коррупцион ҳолатлар йилдан йилга камаймоқда», — дея қўшимча қилди у.

Ёдгоровнинг таъкидлашича, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида вазирлик коррупцияга қарши курашиш рейтингида юқори ўринларга эгаллаб келмоқда.

«2023 йилда коррупцияга қарши курашиш рейтингида вазирлик ва идоралар ўртасида 50 балл олган эдик. 2024 йилда 32 баллга юқорилаб, 82 балл йиғдик. 2025 йил натижасига кўра эса 86 балл тўпладик. Шунингдек, вазирлигимиз Очиқлик индекси бўйича ҳам икки йилдан бери юқори ўринларни эгаллаяпти. Яқинда эълон қилинган 2025 йилги Очиқлик индексида 88,4 балл билан топ 15 таликдан жой олдик», — дейди Шуҳрат Ёдгоров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов Ўзбекистонда 10 та олий таълим муассасасида коррупцияга қарши курашиш даражаси «яхши» ҳолатга ўтказилганини айтганди. Шунингдек, март ойида Олий таълим вазирлиги ходими хусусий университет филиалига лицензия бериш учун 100 минг доллар пора олишда гумонланиб ушланганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *