• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Наманганда Ҳажга юборишни ваъда қилиб, 4 кишидан жами $26 минг талаб қилган шахс ушланди


Наманган вилоятида фуқароларни Ҳаж зиёратига ноқонуний йўл билан юборишни ваъда қилиб, 26 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳрида яшовчи 42 ёшли шахс Чуст туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқарога «Ҳаж-2026» мавсумида Саудия Арабистонига юборишни таклиф қилган. У бунинг эвазига 26 минг доллар талаб қилган.

ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс сўралган маблағдан 6 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳаж зиёратини ташкил этиш Ўзбекистонда Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги ўртасидаги келишув асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали амалга оширилади.

ДХХ фуқароларни шубҳали таклифларга ишонмасликка чақириб, бундай ҳолатларга дуч келганда 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишни сўради. Шахсий маълумотлар махфийлиги кафолатланиши таъкидланди.

Аввалроқ хусусий фирмалар ва айрим шахслар орқали Умра сафарига борган 170 дан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтолмаётгани хабар берилган эди.

Сўнгги бир йилда Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан боғлиқ 178 та жиноят иши қўзғатилган. Лицензиясиз ишлаган 47 та, реклама қоидаларини бузган 15 та туристик ташкилот жаримага тортилган.

Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда аввал «кўча» деб танилган уюшган жиноятчилик бугун бизнес ниқоби остида даромадли соҳаларга кириб бораётганини, хусусан, «Ҳаж» ва «Умра» зиёратига юборишда жиноий тўдалар фаолияти анча кўпайганини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Ҳаж ва Умра ягона портали» ишга туширилди. Ўзбекистон фуқаролари энди Ҳаж ва Умрага бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиши керак бўлади. 1 февралдан — Ҳаж тадбирига, 1 майдан Умра тадбирига бориш учун порталда рўйхатдан ўтиш шарт.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *