• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Оролбўйида ҳаво сифатини кузатиш учун 37 та онлайн станция ўрнатилди


Оролбўйида ҳаво сифатини мониторинг қилиш мақсадида 37 та автоматлаштирилган онлайн станция ўрнатилди. Лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) билан ҳамкорликда амалга оширилди, деб хабар беради Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Маълум қилинишича, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Экология қўмитаси қошида ташкил этилган Ситуацион марказ фаолияти билан танишган. У ерда мазкур лойиҳанинг натижалари тақдим этилди.

Қайд этилишича, ўрнатилган станциялар ҳаво таркибидаги майда ва хавфли заррачалар (PM 2,5 ва PM 10), заҳарли газлар (CO, NO2, O3, H2S), шунингдек, метеорологик кўрсаткичларни — ҳарорат, намлик, босим ва шамол тезлигини сонияма-сония ўлчаб боради.

Маълумотлар Auris Green Tech тизими орқали автоматик янгиланади. Бу инсон омилини камайтириш ва маълумотлар аниқлигини таъминлаш имконини беради.

Ташриф давомида Акико Фужии Синов лабораторияси фаолияти билан ҳам танишди. Унда сув, тупроқ ва ҳаво намуналарини халқаро стандартлар асосида таҳлил қилиш учун зарур шароитлар яратилган. Бу ифлосланиш даражасини аниқлаш, экологик хавфларни олдиндан баҳолаш ва тезкор чоралар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

БМТ вакили қўмита фаолияти, ходимларнинг профессионал тайёргарлиги ва техник имкониятларни юқори баҳолаб, келгусида ҳам Қорақалпоғистонда экологик тизимни соғломлаштиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини маълум қилди.

Қўмитага кўра, мазкур ташаббус иқлим ўзгаришига мослашиш, атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим аҳамиятга эга.

Аввалроқ Япониянинг 4,6 млн долларлик молиявий кўмагида БМТ Тараққиёт дастури Оролбўйида сув ресурсларини бошқаришни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳани ишга туширган эди. Ташаббус сувдан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш, инклюзив барқарорликни таъминлашни мақсад қилган.

Маълумот учун, 2023−2025 йилларда БМТ Тараққиёт дастури ва Япония ҳукумати ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудудида иқлимга барқарор қишлоқ хўжалиги орқали ўзини ўзи таъминлашни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси амалга оширилди.

Мазкур ташаббус 4 та туман ва 65 та аҳоли пунктида жамоаларнинг барқарорлигини мустаҳкамлаб, 376 мингдан ортиқ аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилди. 7 мингдан ортиқ аҳоли барқарор электр энергияси билан, 7700 дан зиёд киши тоза ичимлик суви билан таъминланди, 6200 дан ортиқ фуқаролар учун таълим ва соғлиқни сақлаш инфратузилмаси яхшиланди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *