• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Барқарор шаҳарлар ечимлар сифати ва мавжуд ресурсларга таянади» – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Тошкентнинг шаҳарсозлик бўйича икки таниқли мутахассиси «Буюк ипак йўли» метро бекати яқинидаги чорраҳани реконструкция қилиш бўйича ўз вариантларини тақдим этди. Бобур Сирожев ва Искандар Солиевнинг таклифлари, гарчи алоҳида тайёрланган бўлса-да, бир-бирига ўхшаш бўлиб чиқди.

Ҳокимлик томонидан таклиф этилган ва айрим йўналишларда автомобилларнинг ўтказувчанлигини оширишга урғу берилган икки поғонали йўл ўтказгичдан фарқли ўлароқ, уларнинг лойиҳаларида чорраҳа бир сатҳли бўлиб қолган. Шу билан бирга, у ҳайдовчиларга барча йўналишларга бурилиш имконини беради (ҳозирда бундай имконият йўқ), пиёдаларда эса кўчани ер устидан ва қисқароқ йўл билан кесиб ўтиш имконияти пайдо бўлади (бу ҳам ҳозирда мавжуд эмас). Бундан ташқари, яшил ҳудудларни сақлаб қолиб, уларни жамоат масканларига айлантириш мумкин (ҳозирда улар фақат итларни сайр қилдириш учун ишлатилади).

Ушбу материалда Бобур Сирожевнинг лойиҳаси таърифланади. Искандар Солиевнинг лойиҳаси эса алоҳида материалда келтирилади.

Бобур Сирожев — барқарор мобиллик ва инфратузилма бўйича эксперт, давлат ва халқаро маслаҳатчи. У 2022−2023 йилларда Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш ҳамда кўча маркази бўйлаб автобуслар учун ажратилган йўлакни ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган (Gazeta лойиҳа ҳақида интервью эълон қилганди). Urban Metrics Telegram канали муаллифи.

Барқарорлик ва самарадорлик

Бобур Сирожев «Буюк ипак йўли» чорраҳасини реконструкция қилиш лойиҳасига барқарорлик ва самарадорлик тамойиллари нуқтаи назаридан қарайди. У йўл ҳаракатини ташкил этишни ўзгартиришга оид лойиҳаларни муҳокама қилиш босқичларига мутахассисларни жалб этиш муҳимлигини эслатиб ўтди. Бир йил аввал Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси муҳокамасида ҳам у лойиҳаларни фақат қурилиш компаниялари шакллантириб, амалга оширмаслиги кераклигини таъкидлаган эди.

«Тошкент эски инфратузилма захиралари деярли тугаган ривожланиш босқичига кириб бўлди. Энди шунчаки „кўпроқ қуриш“ ҳисобига вазиятдан чиқиб кетиб бўлмайди. Бундай шароитда қарорлар сифати биринчи ўринга чиқади. Шаҳар ўзини оқламайдиган қиммат лойиҳаларни кўтара олмайди. Бюджет чексиз эмас, вазифалар кўп ва сарфланган ҳар бир доллар — бу кўпинча бошқа, баъзан шаҳар учун фойдалироқ ечимлардан воз кечиш демакдир», — дейди эксперт.

«Барқарор шаҳарларда мавжуд ресурслардан максимал даражада фойдаланишга эътибор қаратилади. Бунда ресурслар нафақат пул, балки ер майдонининг чеклангани ва шаклланган кўча-йўл тармоғи ҳамдир. Бу чекловлар эътиборга олинмаганда, ташқаридан чиройли кўринадиган, лекин асл муаммоларни ҳал қилмайдиган ечимлар пайдо бўлади. Парадигмани ўзгартириш ва шундай тизим қуриш керакки, унда бирор тадбир сабабли бир кўчанинг ёпилиши бутун шаҳар ҳаракатини тўхтатиб қўймай, одамларнинг ҳаракатчанлигини сақлаб қолишига имкон берсин», — деб таъкидлайди у.

«Муаммоларни ҳал қилишда шуни ёдда тутиш муҳим: бир муаммонинг деярли ҳар доим бир нечта ечими бўлади — катта сармоя талаб қиладиганларидан тортиб, соддароқ, лекин самараси кам бўлмаганларигача», — дея қайд этади Бобур Сирожев.

У чорраҳани реконструкция қилишнинг бир-биридан тубдан фарқ қилувчи икки хил ёндашувини кўриб чиқмоқда: йўл ўтказгич қуриш (ҳокимлик шуни таклиф қилмоқда) ва чорраҳанинг ўзида ҳаракатни ташкил этиш.

А варианти. Йўл ўтказгич

Тошкент шаҳри ҳокимлиги намойиш этган тақдимот слайди.

Тақдимотда чорраҳа «шиша бўғзи» деб аталган. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, йўл ўтказгич туфайли ўтказувчанлик қуввати 130 фоизга — соатига 8200 тадан 19,2 мингтагача автомобилга ошади.

Бироқ экспертни дастлабки маълумотлар ҳажмининг чеклангани, туташ ҳудудларнинг батафсил ишлаб чиқилмагани ҳамда очиқ муҳокамалар йўқлиги хавотирга солмоқда. «Бундай кўламдаги қарорларнинг асосли бўлиши учун очиқлик, батафсиллик ва профессионал муҳокама ўта муҳим шартлардир», — дея таъкидлайди у.

Тақдим этилган схема ва эскизларда турли участкаларда нақ бешта «шиша бўғзи»ни кўриш мумкин. Транспорт ҳаракати моделлаштирилган роликлар модель созламаларининг тўғрилигига шубҳа уйғотади, деб қайд этади Бобур Сирожев.

У лойиҳанинг заиф томонлари қаторида чапга бурилиш тақиқининг сақлаб қолиниши, муҳандислик коммуникацияларини кўчириш харажатларининг юқорилиги, мавжуд кўкаламзорлаштиришга жиддий аралашув, шунингдек, транспорт оқимини тартибга солиш механизмлари йўқлиги сабабли унинг ортиши ҳисобига туташ чорраҳаларда тирбандлик юзага келиши хавфини санаб ўтади.

Ҳокимлик таклиф этган йўл ўтказгичнинг Бобур Сирожев томонидан «САД студияси» билан ҳамкорликда мавжуд маълумот ва схемалар асосида тайёрланган ҳамда реал масштабга яқинлаштирилган визуализатсияси. Манба.Ҳокимлик таклиф этган йўл ўтказгичнинг Бобур Сирожев томонидан «САД студияси» билан ҳамкорликда мавжуд маълумот ва схемалар асосида тайёрланган ҳамда реал масштабга яқинлаштирилган визуализатсияси. Манба.

Б варианти. Чорраҳа

Транспорт муҳандиси Александр Девяткин Бобур Сирожевга чорраҳани бир сатҳда қайта ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқишга ёрдам берди. У Алишер Навоий кўчасини реконструкция қилиш, шунингдек, Халқлар дўстлиги майдони ҳамда Бунёдкор ва Сеул кўчалари чорраҳалари лойиҳаларида (урбанист Аркадий Гершман билан бирга) иштирок этган.

Таклиф этилаётган лойиҳада барча йўналишлар, жумладан, чапга бурилишлар бўйича манёврлар таъминланган. Светофор орқали тартибга солиш («ақлли» светофорлар) ёрдамида транспорт оқимини меъёрлаш ва уни қўшни чорраҳалар билан мувофиқлаштириш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари, ҳаракатланиш бўлакларининг ихтисослашувини ўзгартириш ҳисобига жамоат транспортига устуворлик берилади. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф (собиқ Доғистон) кўчаси билан алоқани қайта тиклаш ҳамда жамоат транспорти йўналишларини (62, 70, 80, 88, 55 м, 139 м, 195 м, 366м) оптималлаштириш имконияти ҳам яратилади.

«Ушбу лойиҳада пиёдалар қатнови ҳисобга олинмаган, чунки ишлаб чиқиш атиги бир неча кун давом этган ва асосий вазифа „йўл ўтказгичсиз ҳам ҳамма нарса ишлаши мумкинлигини кўрсатиш“ эди», — деди Бобур Сирожев. Бироқ барча йўналишларда светофорлар мавжудлиги автомобиллар ҳаракатига сезиларли таъсир кўрсатмаган ҳолда пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш имконини беради.

У тақдим этилган вариант «капитал аралашувсиз самарадорликни оширишнинг принципиал имкониятини намойиш этишини, шу билан бирга, бу ягона ечим эмаслигини ҳамда уни янада такомиллаштириш ва муқобил конфигурацияларни қўллаш мумкинлигини» таъкидлайди.

Транспорт парадокси

Экспертнинг таъкидлашича, ҳар қандай шаҳар узоқ муддатли истиқболда фойда келтириши лозим бўлган қарорларни қабул қилиш, шунингдек, ресурсларни оқилона тақсимлаш учун ўз аҳолиси олдида масъулдир. Бироқ, қарорлар оқилона қабул қилиниши учун нафақат ресурсларнинг мавжудлиги, балки уларни баҳолашда қандай мезон ва мақсадларга таянилиши ҳам муҳим.

Муаллиф ўз мисолида баҳолаш учун Benefit-Cost Ratio (BCR) кўрсаткичидан фойдаланади. Бу кўрсаткич ҳар бир инвестиция қилинган доллар эвазига қанча ижтимоий фойда олинишини ва сармоялар ўзини қай даражада оқлашини акс эттиради.

бобур сирожев, буюк ипак йўли, йўл ўтказгич, одамлар учун шаҳар

«Лойиҳа расмий кўрсаткичлар бўйича муваффақиятли кўриниши мумкин, бироқ айни пайтда ижтимоий жиҳатдан энг мақбул ечим бўлмаслиги ҳам мумкин,» — дея таъкидлайди Бобур Сирожев. Нотўғри танланган мақсадли кўрсаткичлар ва мезонлар самарасиз қарорлар қабул қилинишига олиб келиши мумкин.

«Анъанавий тарзда автомобиль транспортига йўналтирилган қатор мамлакатларда „ўртача тезликни ошириш“ кўрсаткичидан воз кечилиб, автомобилда қатновлар умумий ҳажмини (vehicle travel miles) камайтиришга ўтилмоқда. Бунга сабаб шуки, ҳатто двигателидан чиқинди гази чиқиши минимал бўлган замонавий автомобилларда ҳам шиналар ва йўл қопламасининг ейилиши каби тутунсиз ифлосланиш даражаси анча юқори бўлиб қолмоқда», — дея қайд этади у.

Мутахассис транспорт тизимлари фаолиятининг асосий қонуниятларидан бири бўлган Даунс-Томсон парадоксини эслатиб ўтади. Унинг моҳияти шундаки, шаҳарда шахсий автотранспортнинг ўртача ҳаракат тезлиги умумий оқимдан ташқарида — метро, темирйўл ёки махсус йўлакли автобус каби жамоат транспортида А нуқтадан Б нуқтага қанчалик тез ва қулай етиб олиш имкониятига бевосита боғлиқ.

«Шахсий транспортнинг ўртача тезлиги ошиши ўз-ўзидан тизимни барқарор қилиб қўймайди. Жамоат транспортига устуворлик берилмаса, бундай ечимлар фақат автомобилларга қарамликни кучайтиради ва узоқ муддатли истиқболда вазиятни янада ёмонлаштиради», — дея таъкидлайди у.

Хулоса қилар экан, Бобур Сиражев шундай дейди: «Агар ечимлардан бири маҳаллий таъсирни кўпроқ кўрсатса ҳам, бу шаҳар учун энг яхши танлов эканлигини англатмайди. Асосий мезон алоҳида кўрсаткичларни максимал даражага чиқариш эмас, балки сарфланган ҳар бир бирлик маблағ эвазига энг юқори ижтимоий самара олиш бўлиши керак».

Бобур Сирожевнинг лойиҳа ҳақидаги тўлиқ матни



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *