Янгича ёндашув асосида Тошкентнинг 12 та тумани аниқ бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилади. Бу ҳақда президент ҳузурида 16 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда сўз борди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, жаҳондаги сиёсий ва ҳарбий зиддиятлар, ташқи бозорлардаги ўзгаришлар экспорт занжирлари ва маҳсулот етказиб бериш муддатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай шароитда қўшимча захираларни аниқлаб, уларни тезкор ишга солиш устувор вазифага айланмоқда.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри ялпи ички маҳсулотнинг 21 фоизини таъминламоқда. 2026 йил «Пойтахтда жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши йили» деб эълон қилиниб, шаҳар иқтисодиётини 12 фоизга ошириш, 3,6 млрд долларли экспортни таъминлаш, 9 млрд доллар инвестиция жалб қилиш ва 616 минг аҳоли бандлигини таъминлаш каби катта марралар белгиланган.
Президент Тошкент ҳокими, унинг 12 нафар ўринбосари ва 12 та туман ҳокими проактив иш ташкил қилиб, саноат, экспорт, инвестиция ва туризм соҳаларидаги эҳтимолий пасайишларнинг олдини олиши зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, бунинг учун пойтахтда меҳнат ресурслари ҳам, молиявий имкониятлар ҳам етарли.
Янгича ёндашув асосида шаҳарнинг 12 та тумани қуйидаги аниқ бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилади:
- Бектемир кимё саноати ва улгуржи савдога;
- Мирзо Улуғбек кабель саноати, илм-фан, таълим ва ахборот технологияларига;
- Миробод озиқ-овқат саноати, туризм ва умумий овқатланишга;
- Учтепа заргарлик, маиший хизмат ва чакана савдога;
- Чилонзор фармацевтика, савдо, хизмат кўрсатиш ва спортга;
- Шайхонтоҳур мебелсозлик ва гастротуризмга;
- Юнусобод қоғоз саноати ва туризмга;
- Яшнобод электротехника ҳамда транспорт-логистикага;
- Яккасарой енгил саноат ва молиявий хизматларга;
- Янгиҳаёт автомобилсозлик ва логистикага;
- Олмазор қурилиш материаллари саноати ва таълимга;
- Сергели металлургия, логистика ва автосервис соҳаларига.
Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари — Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида охирги 10 кун ичида пойтахт туманларининг иқтисодий салоҳиятини ўрганишга 1000 га яқин давлат органлари ва тегишли вазирликлар ходимлари жалб этилганини маълум қилди.
Бундан ташқари, ҳар бир туманга устувор йўналишлар — биттадан саноат тармоғи ва хизмат кўрсатиш соҳаси бириктирилди.
Сўнгги икки ҳафта ичида 23 мингдан ортиқ тадбиркор билан учрашувлар ўтказилиб, 1300 дан ортиқ муаммо аниқланди ва 162 та таклиф тўпланди. Президент уларнинг бирортаси ҳам эътибордан четда қолмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбиркорлар билан ишлаш учун алоҳида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш таклиф этилди. Ушбу кенгаш туманларни драйвер соҳалар асосида ривожлантириш, иқтисодий ҳолат мониторинги, ўсиш нуқталарини аниқлаш ва тўсиқларни бартараф этиш билан шуғулланади.
Пойтахтда алоҳида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, рухсатнома ва лицензиялар бериш бўйича ваколатларнинг бир қисмини ҳудудий бўлинмаларга ўтказиш, бизнеснинг логистика муаммоларини тезкор ҳал этиш тизимини яратиш ва имтиёзли молиялаштиришнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва ҳудудлардаги йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда пойтахт иқтисодиётини комплекс таҳлил қилиш ва уни янада ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Умуман олганда, шаҳар олдига қўшимча равишда 88 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 4,9 млрд долларли экспортни таъминлаш, 5 млрд доллар инвестиция жалб қилиш, бюджет тушумларини 2,9 трлн сўмга ошириш ва 65,5 мингта юқори даромадли иш ўринларини яратиш вазифаси қўйилди.