Тошкентдаги икки нафар машҳур шаҳарсозлик мутахассиси «Буюк ипак йўли» метро бекати яқинидаги чорраҳани реконструкция қилиш бўйича ўз вариантларини тақдим этди. Бобур Сирожев ва Искандар Солиевнинг таклифлари алоҳида ишлаб чиқилганига қарамай, ўхшаш бўлиб чиқди.
Ҳокимлик томонидан таклиф этилган, айрим йўналишларда автомобиллар ўтказувчанлигини оширишга урғу берилган икки поғонали йўл ўтказгичдан фарқли равишда, уларнинг лойиҳаларида чорраҳа бир поғонали бўлимоқда. Шу билан бирга, у ҳайдовчиларга барча томонларга бурилиш имконини беради (бундай имконият ҳозир мавжуд эмас), пиёдалар эса кўчани ер устида ва қисқароқ йўл орқали кесиб ўтиш имконига эга бўлади (бу ҳам ҳозир йўқ). Шунингдек, яшил ҳудудларни сақлаб қолиш ва уларни жамоат маконларига айлантириш мумкин (ҳозирда улар фақат ит сайр қилдириш учун ишлатилади).
Ҳокимлик томонидан тақдим этилган йўл ўтказгич лойиҳаси. Фото: Gazeta.
Ушбу материалда Искандар Солиев лойиҳаси ҳақида сўз боради. Бобур Сирожевнинг лойиҳаси ҳақида алоҳида материалда ёзилган.
Искандар Солиев — шаҳарсозлик ва барқарор мобиллик соҳасида эксперт, давлат ва халқаро маслаҳатчи ҳисобланади. У 2022−2023 йилларда Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш, марказий қисмида алоҳида автобус йўлаги ташкил этиш лойиҳасида иштирок этган. Шунингдек, 2024−2026 йилларда Тошкент ва Жиззах шаҳарлари дизайн-кодини ишлаб чиқишда қатнашган. У Archemistry | Urban Telegram канали муаллифи ҳисобланади.
«Саволни тўғри қўйсак, шаҳарни ўзгартириш мумкин»

Искандар Солиев 14 апрель куни Human House галереясида ўз лойиҳасининг тақдимотини ўтказди. У таклифни жуда қисқа муддатда — тўрт кун ичида ишлаб чиққанини айтди. Бу, унинг сўзларига кўра, ҳокимлик тақдим этган лойиҳа бўйича ишлар қачон бошланиб кетиши мумкинлиги номаълум экани билан боғлиқ.
Тақдимот руҳини урбанист «Буюк ипак йўли» метро бекати атрофида бир неча соат кузатув олиб бориб, тасвирга олган қисқа видеоролик белгилаб берди. Ушбу ҳудуд деярли куннинг исталган вақтида жуда гавжум бўлади.
Видео муаллифи: Искандар Солиев / Archemistry | Urban.
Видеодан кўринадики, ҳудудда пиёдалар фаоллиги жуда юқори — одамлар оқими тротуар ва пиёдалар ўтиш жойларига сиғмай, улардан ташқарига «тошиб кетади». Бироқ йўлни кесиб ўтгач, улар тротуар ўрнида ташлаб кетилган автомобилларга дуч келади — бу ерда тартибни назорат қилиш деярли йўқ.
Атрофдаги ҳудудларда одамлар стол тенниси ўйнайди, кўча савдогарларидан харид қилади, ўз ишлари билан юради, болалар кабутарларни кузатади. Икки йўналишда ер устида пиёдалар ўтиш жойлари мавжуд эмас, шу сабаб одамлар ерости йўллари орқали ўтишга мажбур. Катта яшил ҳудуд эса қаровсиз ҳолда — панжара билан ўралган, сайр ва дам олиш учун шароит йўқ, айрим жойларда чиқиндилар ҳам кўринади.
Ҳозир чорраҳа шу кўринишда. Манба: Google хариталари.
Эксперт: «Агар вазият бироз одамлаштирилса, нима бўлади?» — деган саволни қўяди. Кейин кадрларда мутлақо бошқача манзара намоён бўлади. Катта асфальт майдони ўрнига иккита «нормал» чорраҳа ташкил этиш, «зебра»лар сонини бир неча бараварга ошириш (ҳозир улар атиги иккита) ва ер устидаги ўтиш масофаларини сезиларли қисқартириш таклиф этилган.
Искандар Солиевнинг чорраҳани реконструкция қилиш бўйича таклифи.
Бобур Сирожев лойиҳасидаги каби, бу ерда ҳам барча йўналишларда бурилишларни очиш таклиф этилган. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф ва Сайрам кўчаларидан аввал ёпилган кириш йўлларини қайта интеграция қилиш имконияти ҳам истисно этилмайди. Чорраҳа атрофида эса одамлар юриши мумкин бўлган газонлар, ўриндиқлар, фавворалар ва болалар майдончалари билан кенг жамоат макони яратиш режалаштирилган.
Урбанист таъкидлашича, ҳокимлик таклиф этган лойиҳада эътибор фақат автомобиллар ўтказувчанлигини оширишга қаратилган бўлса, унинг таклифида барча ҳаракат иштирокчилари учун маконни қулай ва хавфсиз қилиш бўйича мувозанат топишга ҳаракат қилинган.
Искандар Солиевнинг чорраҳани реконструкция қилиш бўйича таклифи.
У шаҳарсозликда эътиборни инсонларга қаратириш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар лойиҳа ишлаб чиқувчига — у China Construction бўладими ёки бошқа компания — «автомобиллар ўтказувчанлигини ошириш» вазифаси қўйилса, лойиҳа ҳам айнан шу мақсаддан келиб чиқиб ишлаб чиқилади. «Менимча, лойиҳа „[макондан] қанча инсон ўта олади“ деган саволдан бошланиши керак», — деди Искандар Солиев. «Агар саволни тўғри қўйсак, шаҳарни ўзгартириш мумкин», — дея қўшимча қилди у.
Кўчанинг 82% қисми автомобилларга ажратилган, пиёдаларга — 10%
«Буюк ипак йўли» (собиқ «Максим Горький») метро бекати атрофи шаҳарнинг энг гавжум ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда пиёдалар оқими жуда катта, деди Искандар Солиев. Тошкент вилоятидан иш ва ўқиш учун келувчилар автобус ва маршруткаларда айнан шу ерга тушади. 15 дақиқалик пиёда масофада кўплаб савдо нуқталари, дорихоналар, умумий овқатланиш жойлари, боғлар ва хиёбонлар жойлашган.
Тақдимот слайди. Чорраҳанинг қарама-қарши томонларидаги пиёдалар ўтиш жойлари орасидаги масофа қарийб ярим километрни ташкил этади.
Унинг энг оддий ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ҳудуддан кунига ўтадиган пиёдалар сони автомобиллар сонидан қарийб икки баравар кўп (286 мингга қарши 140 минг — ҳисоб-китоб тахминий, ўлчаш усули орқали). Бироқ шаҳар макони тақсимоти одамлар манфаатлари нуқтаи назаридан ноҳақ кўринишда.
«Агар бу ҳудуддаги кўча кесимига қарасак, майдоннинг 81 фоизи фақат автомобиллар учун ажратилганини кўрамиз. Бу рақамга вақт ўтиши билан йўл четлари ва яшил ҳудудларни эгаллаб олган автотураргоҳлар ҳам киради. Пиёдалар учун эса атиги 10 фоиз жой қолган. Яшил ҳудудлар улуши эса бор-йўғи 6 фоизни ташкил этади», — деди Искандар Солиев.
Тақдимот слайди. Кўчанинг ҳозирги профили.
Ҳозир бир чекка нуқтадан иккинчисига хавфсиз тарзда пиёда ўтиш учун қарийб ярим километр (!) юришга тўғри келади. Бу пиёдалар учун жуда катта масофа, дея таъкидлади у.
Унинг фикрича, йўл ўтказгич қурилиши «пиёдалар изоляциясини янада кучайтиради». Йўл ўтказгичнинг ўлчамлари сабабли пиёдалар ўтиш жойлари янада узоқлашади. Ерости ўтиш жойлари эса 20−30 метрлик тўғридан-тўғри йўл ўрнига инсонни 90 метрдан ортиқ масофани босиб ўтишга мажбур қилади, бунга яна зиналар ҳам қўшилади.
Ёш ва жисмонан соғлом инсонлар учун ерости ёки устки ўтиш жойларидан фойдаланиш катта муаммо бўлмаслиги мумкин. Бироқ болали арава билан юрувчи ота-оналар, қариялар, вақтинча ҳаракати чекланган шахслар ёки оғир сумка кўтариб юрганлар учун бу жиддий қийинчилик туғдиради. «Бизга кўпинча эскалаторлар ваъда қилинади, лекин улар фақат очилиш маросимида ишлашини яхши биламиз», — деди мутахассис.
Маконга ҳаёт бахш этиш
Лойиҳада кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир бу ердаги яшил ҳудудлар дам олиш учун ишлатилмайди — улар панжара билан ўралган ва, энг яхши ҳолда, ит сайр қилдириш жойи вазифасини ўтайди. Урбанист бу маконга «ҳаёт бахш этиш»ни таклиф қилиб, покет-парклар яратишни илгари сурди.

Покет-парклар ёки «чўнтак боғлари» — бу бўш ёки транзит шаҳар ҳудудларида, ҳатто чорраҳаларда ташкил этиладиган кичик яшил маконлардир. Одатда улар ўриндиқлар билан жиҳозланади, соя беради ва қисқа дам олиш ҳамда одамлар ўртасида ижтимоий мулоқот учун қулай муҳит яратади.
«Ҳозир барча яшил ҳудудлар панжара билан ўралган ва одамлар учун ёпиқ. Бу жуда самарасиз ва фойдасиз фойдаланиш… Одамларга яшиллик керак. Биз биологик тур сифатида табиатга муҳтожмиз», — деди Искандар Солиев. У бу фикрини Экопарк ва Япон боғи мисолида асослаб, дам олиш кунлари у ерларда газонларда бўш жой топиш қийинлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, бундай ўзгаришлар бутун шаҳар учун катта фойда келтиради. Биринчидан, чорраҳа геометрияси ўзгариши ҳисобига кўкаламзорлашган ҳудудлар майдони 15 фоиздан ортиққа ошади. Иккинчидан, кўп функцияли жамоат маконлари пайдо бўлади. Учинчидан, лойиҳа ҳаракат хавфсизлиги муаммосини самарали «трафикни тинчлантириш» (traffic calming) усуллари орқали ҳал қилади.
«Бурчаклар шундай шаклда ишланганки, пиёда ва велосипедчи кўчани кесиб ўтаётганда хавфсизлик ороллари орасидаги масофа узун бўлмайди. Дизайн эса автомобиллар бурилаётганда истаса-истамаса тезликни пасайтиришга мажбур қилади», — деб изоҳ берди урбанист.
Кўча профилини тубдан ўзгартириш
«Буюк ипак йўли» орқали ўтадиган автобус йўналишлари сонини инобатга олган ҳолда, Искандар Солиев концепцияси чорраҳа марказидан BRT тамойили асосида алоҳида автобус йўлагини ташкил этишни назарда тутади. Шунингдек, 100 метрлик узунликдаги йўловчилар платформасини барпо этиш таклиф этилган. Унинг сўзларига кўра, бундай узунлик автобуслар тирбанд бўлиб йиғилиб қолмаслиги учун зарур, шу билан бирга йўловчилар учун кенг ва хавфсиз кутиш жойини таъминлайди.
Тақдимот слайди.
«Ҳозир бекатлар турли жойларга тарқалган ва бир-биридан узоқ жойлашган. Агар одам бир транспортдан иккинчисига чиқиши керак бўлса, у айланиб юришга мажбур. Биз уларни бир жойга бирлаштирамиз. BRT йўлаги, ҳокимлик лойиҳасида ҳам бўлганидек, сақлаб қолинади, чунки Феруза массиви томон катта оқим бор», — деди Искандар Солиев.
Тартибсиз парковкани эса йўл четидаги параллел тўхташ жойлари орқали тартибга солиш таклиф этилган.
Натижада кўча профилини тубдан ўзгартириш мумкин: автомобиллар учун 28% майдон қолдирилади, пиёдалар учун ҳудуд 20 фоизгача, яшил зоналар 20 фоизгача оширилади. Шунингдек, 8% велойўлакларга, 10% эса жамоат транспортига ажратилади. Ярим километрлик ноқулай пиёда йўли эса қулайроқ бўлган 180 метргача қисқартирилиши мумкин.
Кўча профили ҳозир ва Искандар Солиев таклиф этган лойиҳада.
Шаҳар учун ижобий иқтисодий самара
Урбанист фикрича, таклиф этилаётган ёндашув маҳаллий бизнес ва шаҳар иқтисодиётига тўғридан-тўғри ижобий таъсир кўрсатади. Ҳар куни юз минглаб пиёдалар — бу кафе ва дўконлар учун потенциал мижозлардир. Қулай муҳит эса одамларни бу ерда узоқроқ қолишга ундайди.
Искандар Солиев таъкидлашича, чорраҳани «инсонларга мослаштириш» концепцияси шаҳар маъмуриятининг ушбу ҳудудни ривожлантириш режалари фонида долзарб. Март ойида ҳокимлик Буюк ипак йўли кўчасининг бир қисмини сайрбоп ҳудудга айлантириш режаларини маълум қилган эди. Унинг фикрича, йўл ўтказгич қурилиши бу режаларга зид келади ва ҳудудни Муқимий — Шота Руставели чорраҳасидаги эстакада атрофидаги каби ноқулай маконга айлантириши мумкин.
Шаҳарсозлик қарорларининг аҳоли ва бизнесга таъсирини кўрсатиш учун эксперт пойтахтдаги иккита пиёдалар ҳудудини — Тарас Шевченко ва Ўзбекистон овози кўчаларини таққослади. Унинг фикрича, Тарас Шевченко кўчаси «сунъий» чиққан, чунки у ерда турли функциялар етишмайди — «овқатланишдан бошқа машғулот йўқ». Ўзбекистон овози кўчаси эса анча жонли, чунки бу ерда боғ, кутубхона ва сайр ҳудудлари каби турли функциялар уйғунлашган.


Ўзбекистон овози кўчаси реконструкциядан кейин. Фото: Дилявер Аблякимов / Gazeta
«Одамларга дарахт соясида қулай ўтириш мумкин бўлган жойлар керак. Агар шу каби комплекс ёндашув амалга оширилса, ҳудуд иқтисодиёти ўсади, кўчмас мулк қиймати ошади ва шаҳарда жонли ҳамда жозибадор макон пайдо бўлади», — деди Искандар Солиев.
У харажатлар масаласига ҳам эътибор қаратди. Сўнгги йилларда Тошкентда йўл ўтказгичлар қурилишига оид маълумотларга кўра, янги объект 20−40 млн долларга тушиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, кўча маконини қайта тақсимлашга асосланган альтернатив лойиҳани амалга ошириш 3−5 млн доллар талаб қилиши мумкин.
Мутахассиснинг таъкидлашича, тежалган маблағларни шаҳар учун долзарб эҳтиёжларга — қўшимча 5−7 км тезкор автобус йўлакларини барпо этиш, янги покет-парклар яратиш ёки мактаб ва шифохоналарни капитал таъмирлашга йўналтириш мумкин.
«Йўқолувчи трафик» феномени
Кўп поғонали йўл ўтказгичлар қуриш ва кўчаларни кенгайтириш тарафдорларининг асосий далили — тирбандликларни бартараф этиш. Бунга жавобан Искандар Солиев «атай қўзғатилган талаб» (induced demand) концепциясини эслатди.
У тақдимотида АҚШнинг 228 шаҳри («Йўл тирбандликларининг фундаментал қонуни») ва Европанинг 545 шаҳрида 20 йил давомида ўтказилган тадқиқотлар натижаларини келтирди. Уларга кўра, янги йўл ва кўчалар қурилиши янги автомобилларни жалб қилади, холос. Илгари бошқа йўналишларни танлаган ёки жамоат транспортидан фойдаланган ҳайдовчилар шахсий автомобилга ўтиб, қўшимча трафикни юзага келтиради.
Мутахассис транспорт муаммоларини ҳал қилиш бўйича муваффақиятли мисоллар сифатида ортиқча автомобиль инфратузилмасини қисқартириш амалиётини келтирди.
Сеул шаҳрида кунлик 169 минг автомобиль ҳаракатланган Чхонгечхон магистрали ўрнида тарихий ариқ тикланиб, пиёдалар ҳудуди яратилган.
Сеул марказидаги собиқ автомагистрал ўрнидаги Чхонгечхон ариғи, 2026 йил апрель. Фото: Gazeta.
Мутахассислар тирбандликлар ёмонлашишидан хавотир билдирганига қарамай, шаҳар марказига кирувчи автомобиллар сони 2,3 фоизга камайган, автобус ва метро йўловчилари оқими эса мос равишда 15,1 ва 3,3 фоизга ошган.
Шунга ўхшаш ҳолат Сан Францискода ҳам кузатилган. Кунлик 100 мингдан ортиқ автомобиль ўтган Эмбаркадеро соҳил магистрали бузиб ташланганидан сўнг, трафик шаҳар йўл тармоғи томонидан «сингдирилган», BART шаҳар атрофи поездлари тизимида йўловчилар сони 15 фоизга ошган.
Бу каби мисоллар «йўқолувчи трафик» феноменини тасдиқлайди: йўллар қисқартирилганда трафикнинг тахминан 25 фоизи ўз-ўзидан йўқолади, чунки одамлар йўналишларини ўзгартиради ва жамоат транспортига ўтади.
5, 10 йилдан кейин нима бўлади?
Искандар Солиев чорраҳа атрофида аҳоли сони ўсишини ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда янги турар жой мажмуалари қурилиши ҳисобига аҳоли сезиларли ошган ва бу жараён ҳозир ҳам фаол давом этмоқда. Шу билан бирга, турар жой даҳаларига кириш-чиқиш битта ёки иккита кўча билан чекланган бўлиб, уларга тушаётган юклама доимий равишда ортиб бормоқда.
Тақдимот слайди. Чорраҳа атрофидаги турар жой даҳаларида аҳоли зичлигининг тахминий кўрсаткичлари.
У ўз концепциясининг иккинчи вариантини ҳам тақдим этди. Унда Сайрам ва Муҳаммад Юсуф (собиқ Доғистон) кўчаларидан чорраҳага киришни қайта тиклаш таклиф этилган. Бу кўчаларни кенг қилиш шарт эмас — ҳар икки йўналишда биттадан бўлган икки тасмали йўл кифоя. Бу орқали қўшни кўчалардаги ортиқча айланма ҳаракатни камайтириш ва чорраҳага барча томондан етиб келиш имкониятини яхшилаш мумкин.


Сайрам ва Муҳаммад Юсуф кўчалари интеграция қилинган чорраҳа варианти. Муаллиф: Искандар Солиев.
Албатта, дея таъкидлади Искандар Солиев, бундай лойиҳалар учун батафсил маълумотлар, аниқ ҳисоб-китоблар ва чуқур таҳлил зарур. Бу бир киши ёки қисқа вақтда бажариладиган иш эмас. «Ҳар қандай лойиҳа макродаражада кўриб чиқилиши керак. Чунки масала фақат битта чорраҳа билан чекланмайди. Бутун шаҳар кесимида қараш лозим», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, концепцияни ишлаб чиқишдан мақсад транспорт муаммоларига бошқача ёндашиш мумкинлигини кўрсатиш бўлган — яъни марказга автомобилларни эмас, инсонларни қўйиш орқали.
Искандар Солиевнинг лойиҳа бўйича тўлиқ матни ва тақдимоти.



