«Самарқанд вилоятида машинасозлик саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-каналида маълум қилинди.
Қарорга кўра, Самарқанд вилоятида машинасозлик кластерини ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, 2030 йилгача вилоят саноатида машинасозлик тармоғи улушини 15 фоизга, саноатда қўшилган қиймат улушини эса 40 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, машинасозлик саноат зонасида йиллик 10 минг дона тижорат транспорт воситалари ишлаб чиқариш қувватларини яратиш кўзда тутилган. Улар қаторига юк автомобиллари, автобуслар, микроавтобуслар, пикаплар ва махсус транспорт воситалари, жумладан электр транспорти ҳам киради.
Ҳужжатга мувофиқ, Каттақўрғон туманида 100 гектар ер майдонида махсус машинасозлик саноат зонаси ташкил этилади.
Мазкур зона иштирокчилари сифатида фақат N, M2, M3, O ва L тоифадаги транспорт воситалари, шунингдек улар учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган корхоналар рўйхатдан ўтказилади.
Зона фаолияти «Самарқанд вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси томонидан бошқарилиши белгиланган.
Қарор Самарқанд вилоятида саноатни диверсификация қилиш, машинасозлик тармоғини кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.