Ўзбекистонда совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин булган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белrиланмоқда. 17 апрель куни қабул қилинган қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Ҳозирги кунда ҳам совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш учун жарималар мавжуд. Агар бундай буюмлар жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда, ҳатто қонуний асосларда (касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда) олиб юрилса, БҲМнинг 0,5 дан 1 бараваригача жарима қўлланади.
Агар совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар ов, касбий фаолият, спорт ёки хўжалик-маиший мақсадлар билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, жумладан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрилса, БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима белгиланади. Бунда буюмлар мусодара қилиниши мумкин.
Энди эса бундай қоидабузарлик бир йил ичида такрор содир этилса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинади.
Дастлаб энг кўпи билан 10 сутка маъмурий қамоқ муддати таклиф этилган эди, бироқ 2025 йил сентябр ойида Қонунчилик палатаси депутатлари ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда бу муддатни оширишни таклиф қилган.
Қурол назорати
Шунингдек, «Қурол тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Энди болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга қурол сотиб олиш учун рухсатнома берилмайди. Агар бундай шахсларда қурол мавжуд бўлса, ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери амал қилган даврда қурол ва ўқ-дорилар олиб қўйилади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Наркологик касалликларга чалинганларни мажбурий даволаш
Мажбурий даволанишга юбориш тартиби ҳам соддалаштирилди. Эндиликда шахсни мажбурий даволанишга юбориш учун унинг бир йил давомида бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши талаби бекор қилинди.
Чекка ҳудудларда эса шахсни мажбурий даволанишга муҳтож деб топиш ваколати ихтисослаштирилган туманлараро тиббий комиссияларга берилди. Бундай ҳудудлар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди.
Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов парламент қуйи палатасинин сентябрдаги мажлисида бундай комиссиялар туман тиббиёт бирлашмалари ҳузурида фаолият юритиши мумкинлигини айтганди. Агар у ерда нарколог бўлмаса, қўшни туман мутахассислари жалб қилинади.
Аввалроқ Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров Ўзбекистонда 8,5 мингга яқин одам наркологик беморлар диспансер ҳисобида туришини маълум қилган эди.
