Тошкент ташқи хавф-хатарларга қарамай, иқтисодий ўсишни тезлаштириш учун катта ички захираларга эга. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов 16 апрель куни президент иштирокида ўтказилган йиғилишдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, йиғилишда геосиёсий вазиятнинг иқтисодиётга (саноат, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларига), жумладан ишлаб чиқариш ҳажмлари, таннарх ва ривожланиш истиқболларига таъсири ҳақида савол қўйилган.
Пойтахтда аллақачон тадбиркорлар ва турли соҳалар вакиллари билан учрашувлар ўтказилган.
«Муаммо шунда кўриниб қолдики, бугунги кунда ҳар бир соҳага алоҳида эътибор бериб, унинг ишлаб чиқариш жараёни деймизми, технологияси деймизми, ходимлари деймизми, уларга қанақадир молиявий инструментларни яратиб, имтиёзларни бермасак, маҳсулот турига қараб индивидуал, манзилли ҳаракат қилмасак, бугунги кундаги эришилган натижаларни йўқотиб қўямиз ва ўсиш тўхтаб қолиши мумкин», — деди Умурзоқов.
Шу муносабат билан соҳаларни шаҳар туманлари кесимида бириктириш таклиф этилган. Хусусан, фармацевтика соҳаси Чилонзор туманига бириктирилган.
«Нафақат тумандаги, балки Тошкент шаҳридаги фармацевтика соҳасида бўлган камчиликлар ва имкониятлар ҳамда захираларни аниқлаш нуқтаи назаридан анализ қилинди», — дея таъкидлади у.
Ҳокимнинг ҳисоб-китобларига кўра, фармацевтика соҳасида 30 фоиздан 50 фоизгача бўлган экспорт салоҳияти аниқланган. «Бу — захирамиз. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда фармацевтикада нима ишлар қилишимиз кераклиги нуқтаи назардан, бу алоҳида стратегия бўлади. Яъни, бу нима дегани? Янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва уларни экспорт қилиш», — деди у.
Умурзоқов, шунингдек, Тошкент йирик мегаполислар тажрибасига таянишини қайд этди.
«Тошкент шаҳри учун маррани Сеул миқёсида оламиз. Нимага десангиз, бугун Сеулда биронта табиий бойлик йўқ, лекин шу даражага, имкониятга етган. Ҳурматли президентимизнинг ҳар бир соҳага бераётган эътибори, яратиб бераётган шароитларидан тўла-тўкис фойдалансак, бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг ЯИМнинг 50 фоизини бажара оладиган ҳудудга айланиш имконияти мавжуд (ҳозир бу кўрсаткич тахминан 21%)», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат сотув бозорларини кенгайтиришга йўналиш олишни режалаштирмоқда.
«Бизлар режамизни камида 100−120 миллион кишилик бозор қилиб қўйдик. Яъни, ҳозир ўзимизда 40 миллион дейдиган бўлсак, биз яна камида 80 миллионга бозор аниқлаб, ҳар битта соҳа бўйича шаҳарнинг ишлаб чиқарувчиларига бозор яратамиз», — деди ҳоким.
Ҳокимнинг қўшимча қилишича, президент таклиф этилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади. Ҳар бир туманга аниқ соҳалар бириктирилган, «фавқулодда ҳолат режалари»ни амалга ошириш учун эса турли лойиҳалар, имтиёзлар ёки молиявий кўмакни таъминлаш мақсадида 1 млрд долларлик фонд ташкил этилмоқда.
«Бу ҳаммаси экспортни ошириш, таннархни тушириш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан боғлиқ бўлган масалаларга манзилли йўналтирилади», — деди у.
Шунингдек, ҳар бир туманда лойиҳа офислари ташкил этилиб, ташқи бозорларни излаш тизими жорий этилмоқда.
«Ҳар битта соҳа вакиллари хорижий бозорларни топиш учун чет элларга юбориладиган, ўша олти ой ўша ерда туриб бозор топиш билан шуғулланадиган тизим барпо этиляпти», — деди Умурзоқов.
Бундан ташқари, маҳаллийлаштириш, харид ва логистика масалаларини тезкор ҳал қилиш учун инфратузилма яратиш, шунингдек тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ягона маълумотлар базасини ишга тушириш режалаштирилган.
«Қайси соҳада, қайси маҳсулотни ишлаб чиқарса, уни бемалол экспорт қила олишга имконият бор дейдиган товарлар рўйхати ҳам шаклланяпти. Қайси маҳсулотни қандай қилиб ишлаб чиқариб, қайси бозорда сотишимиз керак, қанақа нархда — шундан келиб чиқамиз», — деди у.
Ҳокимлик ҳисоб-китобларига кўра, пойтахтда қўшимча иқтисодий салоҳият ўнлаб триллион сўмни ташкил этади.
«Тошкент шаҳрида 44 триллион сўм қўшимча захира имконияти бор. 4,5 миллиард доллар қўшимча экспорт қилишимиз мумкин, агар ҳозир тўғри тизимли ишни йўлга қўйсак. Имкониятлар кўп», — деди Умурзоқов.
Унинг таъкидлашича, бу вазифаларни амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. «Фақат бизларда меҳнат қолади. Ҳар битта туман ҳокими бу нарсани қанақа амалга ошириши ва бунинг масъулиятини сезиб турибди», — дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда рухсатнома бериш бўйича айрим ваколатларни вазирликлардан ҳудудий бўлинмаларга ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, шаҳар олдига қўшимча равишда 88 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 4,9 млрд долларли экспортни таъминлаш, 5 млрд доллар инвестиция жалб қилиш, бюджет тушумларини 2,9 трлн сўмга ошириш ва 65,5 мингта юқори даромадли иш ўринларини яратиш вазифаси қўйилди.