18 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунм имзоланди. Қонун билан солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Хусусан, Жиноят кодексининг 179 моддаси (Сохта тадбиркорлик) қуйидагича ўзгартирилмоқда.
Сохта тадбиркорлик, яъни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида тадбиркорлик субъектини ташкил этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Амалдаги моддада жазонинг қуйи муддати кўрсатилмаган эди.
Жиноят кодексининг 184 моддаси биринчи қисмига озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилди ва энди қуйидагича баён қилинади:
Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яширишни, камайтириб кўрсатишни, шунингдек солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Модданинг 2-қисм учун озодликни чеклаш ёки маҳрум қилиш амалда 3 йилгача деб белгиланган. Янги таҳрирда бу муддат узайтирилиб, уч йилдан беш йилгача этиб белгиланган. Шунингдек, жарима миқдорига ҳам «200 дан 300 бараваригача» деган қатъий оралиқ қўйилган. Энди ушбу қисм қуйидагича баён қилинади:
Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш такроран ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Модданинг 3-қисмида амалдаги таҳрирда қамоқ жазосига муқобил тарзда бошқа енгилроқ жазо турлари қўлланилиши мумкин бўлса, янги таҳрирда фақат иккита ўта оғир жазо қолдирилди ва озодликдан маҳрум қилиш муддати узайтирилди. Энди модданинг бу қисми қуйидагича баён этилади.
Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Агар биринчи марта жиноят содир этган шахс солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини терговга қадар текширув, тергов ва биринчи инстанция суди босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади.
Ушбу моддада назарда тутилган солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг анча миқдори — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан олти юз бараваригача, кўп миқдори — базавий ҳисоблаш миқдорининг олти юз бараваридан минг бараваригача, жуда кўп миқдори — базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор ҳисобланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириб, камайтириб кўрсатиш, шунингдек, солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жарима миқидори оширилди:
- фуқароларга БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача;
- мансабдорларга эса 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этилган бўлса фуқароларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу моддада назарда тутилган солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг анча миқдори — БҲМнинг 100 бараваридан 600 бараваригача бўлган миқдор ҳисобланади.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
