Япониянинг йирик автобус оператори Willer Express ўзбекистонлик ҳайдовчиларни тайёрлаш ва ишга жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Япониянинг халқаро кадрларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш соҳасидаги Onodera User Run компанияси ушбу ташаббусни Ўзбекистон бозорига олиб кирмоқда.
Лойиҳа доирасида Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, Willer Express раҳбари Ҳираяма Кожи ва Onodera User Run вакили Като Жун ўртасида уч томонлама келишув имзоланган. Унга мувофиқ, Ўзбекистонда Willer Express учун автобус ҳайдовчиларини тайёрлаш ва уларни Японияда юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш йўлга қўйилади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида замонавий ўқув полигони барпо этилиши режалаштирилган. Амалиёт машғулотлари учун Япониядан ўнг рулли автобуслар олиб келинади.

Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев музокаралар давомида лойиҳани нафақат Тошкентда, балки ҳудудларда ҳам кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Willer Express раҳбари Ҳираяма Кожи ўзбекистонликларнинг миллий характер ива инсонийлиги компания фаолиятига мос келишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Японияда ишлаш 5 йилгача давом этиши мумкин бўлиб, бу вақт мобайнида мутахассислар хавфсизлик ва сервис соҳасида муҳим тажриба орттиради. Кейинчалик улар ушбу билим ва кўникмалар билан Ўзбекистонга қайтиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшиши мумкин.
Onodera User Run компанияси раҳбари Като Жун эса аввал Ўзбекистондан ошпазлик ва сервис соҳалари бўйича кадрлар тайёрлаш лойиҳаси йўлга қўйилганини эслатди. Унинг айтишича, янги ташаббус автобус ҳайдовчиларини тайёрлаш орқали лойиҳа қамровини янада кенгайтиришга қаратилган. У, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг меҳнаткашлиги ва масъулиятли ёндашуви юқори баҳоланишини таъкидлади.
Қайд этилишича, Willer Express Япониянинг туристик ва йўловчи ташиш бозоридаги йирик компаниялардан бири бўлиб, мамлакатнинг шимолидан жанубигача бўлган ҳудудни қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ёзида Миграция агентлиги ва Япониянинг Japan-China-Asia Medical Educational Cultural Exchange General Incorporated Foundation (JCAEMCE) ташкилоти ўртасида беш йил давомида 10 минг нафар ўзбекистонликни Японияда иш билан таъминлаш бўйича шартнома имзоланган эди. Дастур келажакдаги иш учун тил ва кўникмалар ўргатишни назарда тутади.


