• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда портатив лазерли қурилмалардан ноқонуний фойдаланганлик учун жарима жорий этилди



Ўзбекистонда портатив лазерли нур тарқаткичлар билан боғлиқ қонунбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу 17 апрель куни қабул қилинган қонун (ЎРҚ-1132-сон)да назарда тутилган.

Маълум қилинишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, портатив лазерли нур тарқаткичлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиш билан бирга БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (ҳозирда 6,18 млн — 10,3 млн сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, бундай қурилмаларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки Ўзбекистондан олиб чиқиш ҳолатларида БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (6,18 млн — 12,36 млн сўм) жарима белгиланади. Бунда ҳам ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинади.

Портатив лазерли нур тарқаткичларни ноқонуний равишда ўтказиш ёки Ўзбекистонга олиб кириш эса БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (10,3 млн — 20,6 млн сўм) жарима солишга сабаб бўлади, қурилмалар мусодара қилинади.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 22 июлда қабул қилиниб, Сенат томонидан 18 декабрда маъқулланган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон ҳудудида 2013 йил 1 мартдан бошлаб лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқаткичларни четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланган эди.

«2013 йилда ҳукумат уларни олиб кириш ва муомалага киритишни тақиқлаган эди, аммо жавобгарлик чоралари шу пайтгача кўзда тутилмаган эди. Биз бу бўшлиқни тўлдиришни таклиф қиламиз», — дея тушунтирганди биринчи ўқишда Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев.

Муҳокамалар давомида сўнгги пайтларда портатив лазерли қурилмаларни мамлакатга ноқонуний олиб кириш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари кўпайгани, бу эса фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани таъкидланган.

Хусусан, самолётлар парвози ёки қўниши пайтида экипажга лазер нурлари йўналтирилиши уларнинг диққатини чалғитиб, ҳалокат хавфини ошириши мумкин. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига лазер нурлари туширилиши кўзнинг вақтинча кўрмай қолишига олиб келиши ва жамоат тартибини таъминлашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қонун лойиҳаси портатив лазерли қурилмалар муомаласини назорат қилишни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва хавфларни камайтиришга қаратилгани қайд этилган.

2016 йил апрелда ердан туриб самолёт учувчиларига лазер нури орқали шикаст етказганлик учун жавобгарлик жорий этилган.

Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2023 йил бошидан 2024 йил майигача самолётларга лазер нурларининг йўналтирилиши билан боғлиқ 16 та ҳолат қайд этилган. Лазер нурлари одамни кўр қилиши, шунингдек, йўловчилар ва самолёт экипажи аъзоларининг ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдириши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *