21 апрель куни «Ўзбекконцерт» биносида Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Gazeta мухбири иштирок этган йиғилишда вазир санъаткорларга солиниши кутилаётган солиқ мавзуси ҳақида гапириб ўтди.
«Биринчидан, у лойиҳа, [ҳали] тасдиқлангани йўқ. Ва умуман, мана шу мавзу ўртага чиққанда жуда кўп санъаткорлар юзини, кимлигиники ва саводсизлигини кўрсатиб қўйди. Умуман, солиқ ҳақида ҳеч қанақа билимга эга эмаслигини кўрсатиб қўйди. Санъаткорлар тўлаяпти у солиқни ҳозир, тўламаяпти, деган гап чиқиб қолди ўртага. Ҳаттоки тўламаймиз деб чиқишни бошлади, тўлаётган санъаткорлар. Ўзи тўлаяпти, ҳатто ўзининг тўлаётганини билмайди», — дейди вазир.
Назарбеков ҳозирги мавжуд солиқ тури соғлом эмас эканини таъкидлади. Лойиҳа муҳокамага соғлом ечимини топиш учун қўйилганини билдирди.
«Шунинг учун бу ерда „Солиқ тўлаймизми, тўламаймизми?“ деган масала муҳокама бўлмаслиги керак. Ҳамма солиқ тўлайди. Солиқ тўламайдиган одам йўқ. Бу дунёда унақа одам йўқ. Аравакаш ҳам тўлайди, ҳамма тўлайди. Солиқ тўламайман, дейишга ор қилиш керак одам. Унга қарши курашишга виждон қийналиши керак одамда», — деди Назарбеков.
Вазир ижтимоий ва хавфсизлик билан боғлиқ хизматлар шу солиқлар сабаб амалга оширилаётганини эслатиб ўтди.
«Йўқ, кечириб қўясан, сен бугун тинч ухлаётганинг шу солиқлар орқасидан. Боланг мактабга бораётгани солиқлар орқасидан. Бу давлат сен хотиржам ухлаб, бизнес қилишинг, шароит қилишинг, шу ерда бола-чақангни тинч тарбиялашинг учун ишлаяпти, ўша пуллар ўша ёққа кетяпти. „Мен тўламайман“ дейиш учун одамда виждон бўлмаслиги керак, виждондан воз кечиш керак», — дея қайд этди вазир.
«Миқдоридан, марҳамат, унда муҳокама қилишимиз мумкин. Ҳали муҳокама турибди, унинг миқдорида эҳтимол қанақадир эътирозлар, бошқа фикрлар, ўзи ҳали у муҳокамада турибди. Буни муҳокама қилишимиз мумкин», — дея сўзини тугатди Озодбек Назарбеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 сентябрдан санъаткорларнинг барча хизматларини (тўйлардан тортиб концертларгача) Soliq иловасида мажбурий рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Мазкур тартибни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Солиқлар «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида, ҳатто бепул хизмат кўрсатилганда ҳам ундирилиши мумкин.
Аввалроқ хонанда Жаҳонгир Отажонов мазкур тартиб юзасидан муносабат билдираркан, даромад солиғи тўлашга тайёр экани, аммо шундан кейин «Ўзбекконцерт» «хонандаларни тинч қўйиши кераклигини» айтганди. «Концерт ёки фалончи амалдорнинг тўйига бориб беринг, дейишмасин. Нега кимнингдир тўйига бепулга боришим керак? Пулини берсин ва солиғини олсин», — деди у.
2025 йилнинг апрель ойида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан бошлаб санъаткорларнинг даромадларини декларациялаш ва солиққа тортиш тартиби кучайтирилиши ҳақида маълум қилганди. Унгача уларга санкцияларсиз декларацияларни тўғри топшириш имконияти берилади.
